1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Гуноҳи кабиралар

Етимнинг молини ейиш ва унга зулм қилиш

14:00 / 14.02.2019 5198 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло айтади:

«Етимларнинг молларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар ҳеч шак-шубҳасиз, қоринларига оловни еган бўлурлар. Ва, албатта, дўзахга киражаклар!» (Нисо сураси, 10-оят).

Етимларнинг молларини ноҳақ ейдиган кимсалар аслида олов еган бўлиб, қиёмат куни қоринларида алангаланиб туради.

Суддий раҳматуллоҳи алайҳ айтганлар: «Етимнинг молини зулм йўли билан ейдиган кимса қиёмат кунида қайта тирилганида, олов алангаси унинг оғзи, бурни, қулоқ ва кўзларидан чиқиб туради. Уни кўрган ҳар бир одам у етим молини еганини дарҳол билиб олади».

Аллоҳ таоло етим моли ҳақида:

«У молларни исроф қилиб ва (эгалари) катта бўлиб қолмасин, деб шошилиб еб қўйманглар. (Етимни ўз қарамоғига олган) киши агар бой бўлса, (етимнинг молидан) парҳез қилсин, камбағал бўлса, яхшилик билан (яъни, қилган хизматига яраша) олиб есин» (Нисо сураси, 6-оят).

Уламолар: «Яхшиликдан ортиқчасини ейиш ҳаром бўлади», дейишган. Ибн Жавзий ўз тафсирларида яхшилик билан ейиш ҳақидаги тўрт хил қарашни келтирганлар:

1. Қарз ҳисобида олиш.

2. Исроф қилмасдан эҳтиёжига яраша олиб ейиш.

3. Етим учун қилган хизматига яраша олиш.

4. Зарур бўлиб қолганда олиб, имкони бўлганда қайтариш, агар имкони бўлмаса қайтармай қўяверади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Етимни қарамоғига олган одам мен билан жаннатда мана бундаймиз» дедилар-да, кўрсаткич ва ўрта бармоқларига ишора қилиб, орасини сал очиб қўйдилар» (Бухорий ривояти).

Етимни қарамоғига олиш дегани уни тарбиялаш, едириб-ичириш, кийдириш ва агар мол-мулки бўлса, уни кўпайтиришдир. Борди-ю, мол-мулки бўлмаса, унга Аллоҳ таолонинг розилигини истаб инфоқ-эҳсон қилинади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимда ким мусулмонлар орасидаги етимни ўз таоми ва ичимлигига (яъни, ўз қарамоғига) олса, мабодо кечирилмайдиган гуноҳ (яъни, ширк) қилмас экан, Аллоҳ уни жаннатга, албатта, киритади» (Термизий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мен жаннат эшигини биринчи бўлиб очувчи шахсман. Фақат бир аёл мендан илдамроқ эканини кўраман. Ундан: «Сен кимсан?» деб сўрайман. У: «Мен етимларимга қараб ўтирган аёлман», дейди» (Абу Яъло ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қалби қаттиқлигидан шикоят қилди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Етимнинг бошини сила ва мискинга таом бер», дедилар» (Аҳмад ривояти, саҳиҳ ҳадис).

«Гуноҳи кабиралар» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бузуқликнинг зарари қаҳатчилик ва очарчилик шаклида зоҳир бўлади. Ёмғир ёғмаслиги, сувнинг озайиши, экинга зарар етиши, қимматчилик, ҳосилнинг кам бўлиши mdash бу давоми...

2158 10:39 / 23.04.2025
Баъзи бир тушунмаган ёки тушунишни хоҳламаган инсонлар, хамрни дорилик учун озгина ичса бўлар экан, деган гапни кўтариб юришади. Аслида хамрнинг барча тури mdash давоми...

71615 15:00 / 28.11.2020
Аллоҳ азза ва жалла айтади.Айтинг .Хабар берингизчи, агар тўсатдан ичар сувларингиз ер тубига сингиб кетар бўлса, у ҳолда ким сизларга оқар сув келтира олур, Мулк давоми...

3739 16:00 / 21.01.2019
Аллоҳ таоло айтади.Эй мўминлар, берган қарзларингизни бир неча баробар қилиб олиш билан судхўрлик қилмангиз Аллоҳдан қўрқингиз Шунда шояд нажот топгайсиз, Оли давоми...

8609 16:20 / 04.02.2019
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021