1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Лут алайҳиссаломнинг дуолари

14:00 / 12.03.2019 4470 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Албатта, Лут ҳам юборилган Пайғамбарлардандир» (Соффат, 133-сура)

Қуръонда ҳукм ва илм берилган пайғамбар деб таъриф этилган Лут алайҳиссалом Нуҳ алайҳиссалом каби қавмини узоқ йиллар ҳақ динга даъват қилганлар. У зот қавмидаги эркаклар нотўғри жинсий алоқа – эркак билан эркак жинсий яқинлик қиларди. Лут алайҳиссаломнинг асосий вазифларидан бир уларни бу қабиҳ ишдан қайтариш эди. Аммо туғёнга кетган қавм Лут алайҳиссаломнинг ўгитларини тингламай, қилаётган гуноҳлари учун келадиган азоблардан ҳам қўрқмай қўйганди.

«Ва Лутни (юбордик). Унинг ўз қавмига: «Сиздан олдин оламларда ҳеч Ким қилмаган фоҳиша ишни қиласизларми?! Албатта, сизлар аёлларни қўйиб, эркакларга шаҳват ила яқинлик қилмоқдасизлар. Йўқ! Сизлар исрофчи қавмсиз!» деганини эсла. Қавмнинг жавоби: «Уларни қишлоғингиздан чиқариб юборинг, улар жуда ҳам покиза бўлаверадиган одамлар экан», дейишларидан бошқа нарса бўлмади» (Аъроф, 80–82-оятлар).

Лут алайҳиссаломнинг барча уринишлари зое кетаётган эди. Бузғунчи қавм ўз Пайғамбарига: «Эй Лут, агар гапинг рост бўлса, Аллоҳнинг азобини келтир», дейишади. Улардан умидини узган Лут алайҳиссалом Аллоҳга шундай дуо қиладилар.

«У «Эй Роббим, менга бузғунчи қавмларга қарши Ўзинг нусрат бер», деди» (Анкабут, 30).

Аллоҳ Лут алайҳиссаломнинг дуосини қабул қилади. У зотнинг уйига келишган, чиройли йигитлар қиёфасидаги учта фариштани юборади. Қавмининг бузуғлигини билган Лут алайҳиссалом меҳмонларнинг ташрифидан хавотирга туша бошлайдилар. Лекин улар жуда хотиржам, сокин ҳолда ўтиришар эди. Меҳмонлар келганини Лут алайҳиссалом ва унинг хотинидан бошқа ҳеч ким кўрмаганди. Хотини бу хабарни қавм эркакларига етказади. Тун чўккан бўлишига қарамай улар Лут алайҳиссалом уйларига етиб келишади. У зот уларнинг йўлини тўсиб меҳмонлар олдида шарманда қилмасликларини сўрайдилар. Табиийки, улар бунга қулоқ тутмадилар. Ниҳоятда оғир вазиятда қолган Лут алайҳиссаломга ҳалиги меҳмонлар:

«...Сен хавфсирама ва маҳзун ҳам бўлма, албатта, биз сени ва аҳлингни қутқаргувчилармиз. Магар, хотининг ҳалок бўлгувчилардан бўлгандир. Албатта, биз ушбу шаҳар аҳолиси бошига фосиқлик қилганлари туфайли осмондан азоб туширгувчимиз, дедилар» (Анкабут, 34-оят).

Шу вақт эшик парчаланиб уй ичига қаттиқ шамол киради. Жаброил алайҳиссалом қўллари билан ишора қилганларидан сўнг қавмнинг кўзлари кўр бўлиб қолади. Улар бир-бирларини уриб йиқитиб қоча бошлайдилар. Фаришталар Лут алайҳиссаломга кечаси ўз аҳли билан бу ердан чиқиб кетишни, шиддатли овоз келса ҳам орқага қарамасликни буюрадилар. Орқага қараганлар азобга дучор бўлишини таъкидлайдилар. Эрта саҳарда Жаброил алайҳиссалом қанотлари билан Лут алайҳиссалом қавми яшаётган барча шаҳарни осмонга кўтариб, тўнтариб ташлайди. Роббиси ва Пайғамбарига қарши чиққан қавм ҳалок бўлди.

Бу мисолда кўрганимиздек дуо фақат одамларнинг яхшилиги, дунё ва охират саодати учун бўлмаслиги ҳам мумкин. Аллоҳнинг ҳадларидан чиққан, мўминларга зулм қилган қавмининг ҳалокати учун бир қанча Пайғамбарлар дуо қилишган. Лут алайҳиссаломнинг дуоси ҳам бунга бир мисолдир.

(давоми бор)

«Қуръони каримга кўра дуо» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Саъид ибн Салм йўлда кетаётган эди, олдига бир қария келиб, ҳамроҳ бўлди ва аҳволидан шикоят қила бошлади. Иккови ёнмаён кетаётганда қария ҳассасининг учи билан давоми...

2050 08:00 / 07.07.2019
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади .Эй иймон келтирганлар Аллоҳнинг дини аломатларини, ҳаром ойни, аталган қурбонликни, осилган белгиларни ва давоми...

14697 12:05 / 24.02.2020
252. 319. Ибн Аббосдан ривоят қилинади .Ким биродарининг олдига зиммасидаги ҳақни адо этиш учун юриб борса, ҳар бир қадамига садақа ёзилади. Ким йўл кўрсатиб қўйса, давоми...

5061 11:00 / 08.07.2022
Савол Маййитга жаноза ўқишдан олдин унинг яқинларидан .Агар марҳумнинг бандалардан қарзлари бўлса, адо этасизми, деб сўраш, сўнг тасдиқ жавобини олгач, жаноза давоми...

4206 15:30 / 05.07.2020
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021