1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Стрессга тушганнинг иймони шубҳали...ми?

21:10 / 14.03.2019 5766 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оз аммо хос гапирадиганлар бор. Отам ҳам улардан биттаси. Алоҳида яшаганимиз учун бу хос суҳбатлар мен учун янада қисқа бўлади. Бир оз аввал бир ғалати гап айтиб қолдилар, уни тинглаб жим қолдим. Анча пайтда бу гап хаёлимдан нари кетмади.  “Стрессга тушганнинг иймонидан шубҳа қиламан” дедилар.

Стрессга доир китоблар ўқиган, вақти-вақти билан ўқувчиларимга “Стресс” ҳақида семинар-дарслар ташкил қилганим учун бу ифодани қабул қилиб, мулоҳаза қилишим қийин бўлди. Кўп вақт миямда айланиб юрди. Асримизнинг энг муҳим муаммоларидан бири бўлган руҳий зиқлик ҳақида бунчалик аниқ ва кескин иборани эшитмагандим.

Бир куни бир дўстим билан ҳаётдаги муаммолар ва машаққатлар ҳақида гап бошланганди, мен руҳий зиқлик ва депрессия ҳақида билганларимни гапиришга тушдим. Дўстим ҳам ўзи гувоҳ бўлган ҳолатларни мисол қилиб, фикрларимни тасдиқларди. Гап орасида отамнинг “Стрессга тушганнинг иймонидан шубҳа қиламан” деганларини айтгандим, Дўстим: “Жуда тўғри гап! Ҳатто киши руҳий зиқлик туфайли хасталаниб қолса, Аллоҳ бандасини бунинг учун ҳам сўрайди!” – деди...

Руҳий зиқлик муомалада муаммолар учун ҳаддан ортиқ қайғуриш, асабийлашиш маъносини билдиради. Муаммоларни ўйлаб ташвишланиш тушкунликка олиб келади, тушкунлик эса одамни адойи тамом қилади.

Биров беморликдан азият чекаётганидан ташвишланади. Тушкунликка тушиб дард устига дард орттиради. 

Биров оиласи билан зиддиятларга учраётганидан эзилади. 

Биров болаларининг тарбиясида оқсаётганидан ташвишланади. 

Биров моддий муаммолардан бўғилади.

Биров атрофидагилар ўзини тушунмаётганидан сиқилади.

Биров яқинларидан бирини тупроққа қўйса, ҳаётдан хафа бўлади. 

Ҳаётда муаммо қиладиган, ташвишланадиган жуда кўп нарса бор.  Ҳамманинг муаммоси, дарди ўзига етгулик.

Стресс билан иймон бир-бирига қандай боғлиқ, дейсизми?

Ҳаёт ташвишлари ҳақида гап кетганда хаёлимга Пайғамбарлар келади. Аллоҳ Пайғамбарлар қиссасини бизга қайта-қайта нега эслатади, биласизми? Ўқиб, ибрат олишимиз учун! Пайғамбарларнинг ҳаётидан айрим мисолларни келтириб сизга савол бермоқчиман.

Айюб алайҳиссаломни беморлик билан синаган Аллоҳ бизни ҳам худди шундай имтиҳон қилишга ҳақли эмасми? Беморлигини ўйлаб ташвишланаётган одам “Аллоҳим, нега мени дард билан имтиҳон қиляпсан?!” дея маломат қилаётган бўлмайдими?

Нуҳ алайҳиссаломни ўғли билан имтиҳон қилган Аллоҳ сизни фарзандларингиз билан синамасинми?

Иброҳим алайҳиссаломни отаси билан синаган Аллоҳ, сизни отангиз билан синамасинми?

Лут алайҳиссаломни аёли билан синаган Аллоҳга “Мени нега жуфтим билан имтиҳон қиласан?” дейиш учун маънавий ҳуқуқим бор, деб ўйлайсизми?

Юсуф алайҳиссаломни туғишганлари билан имтиҳон қилган Аллоҳ, балки сизни ҳам қондошларингиз билан синаётгандир?

Барча пайғамбарларнинг ҳаёти муаммо ва ташвиш (имтиҳон)лардан иборат бўлганини ҳисобга олсак, бизнинг ҳаётимизда ҳам муаммо ва синовлар бўлиши оддий ҳол эмасми?

Отаси ёки онасидан айрилганида тушкунликка тушганлар Аллоҳга “Менинг онамни ёки отамни нега оласан?!” деб иддао қилишга маънавий ҳақлари борми?

“Фарзанд доғи катта дард” дейдилар. Бу дарддан азият кўрган ота-оналар “Аллоҳ фарзанд доғини ҳеч кимга кўрсатмасин!” дейдилар.

Оламларга раҳмат қилиб юборилган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни фарзанд доғидан ҳимоя қилмаган Аллоҳ бизни бу дарддан ҳимоя қилишини кутишга ҳақимиз йўқлигини мулоҳаза қилганмизми? Беш марта фарзанд доғи билан синалган Пайғамбарнинг уммати эканимизни билишимиз керак.

“Биродар, улар Пайғамбар, биз оддий одамлармиз!” дея эътирозга шошилманг. Пайғамбарлар ҳам биздай ўксиган, йиғлаган, Аллоҳга сиғинган инсонлар бўлган. Аллоҳ таоло томонидан хос сифатлар билан сийлангани ва танлангани ул зотларнинг “инсонга хос” изтиробларга таъсирсиз бўлган, деган маънони билдирмайди.  Бизнинг вазифамиз – ҳаётни тўғри тушуниб қабул қилишдир. Пайғамбарларни дарду изтироблар, ғам-қайғудан йироқ тутмаган Аллоҳ, бизни ҳам ташвишлардан холи яшатмаслигини унутмаслигимиз керак.

Стресс ва иймон орасидаги боғлиқликни ўйлаб юрган кезларимда қаердандир бир жумлани ўқидим. Саволларимга жавоб топгандай бўлдим. Кўнглим ёришди. Бу сўзлар мен излаган олтин калит эди. Уларни сизга  ҳам тавсия қиламан. Қачонки, бир дунёвий дард сизни изтиробга солса Роббингизга юзланиб “Менинг буюк дардим бор!” деманг, аксинча, дардингизга қараб: “Менинг буюк Роббим бор!” денг...

“Стресс ва иймон” китобидан 

Таржимон
Умида Адизова
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Алийя айтади .Бир куни Умар ибн Абдулазиз одамлар билан ўтирган эди. Кун ярим бўлиб, қиздира бошлагач, одамларга .Мен қайтиб келгунимча шу ерда туринглар, деб, давоми...

2603 08:04 / 18.11.2020
Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Кишининг мол ва шуҳратга бўлган ҳирси унинг дини учун қўйлар ичига қўйиб давоми...

2429 09:25 / 18.06.2019
Усмон бин Савда Тафовийдан ривоят қилинишича, у кишининг онаси Роҳиба исмли обида аёлларидан бўлган экан. Онаси ўлимидан олдин бошини осмонга кўтариб, Эй, менинг давоми...

3817 09:05 / 02.12.2018
1. Кибрли бўлманг. Камтарин ва мулойим бўлинг Ер юзида кибру ҳаво ила юрма Албатта, сен зинҳор ерни тешиб юбора олмайсан ва зинҳор бўйда тоғларга ета олмассанrdquo давоми...

4961 16:30 / 27.03.2019
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021