1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Рўзанинг фазилатлари ҳақида (иккинчи мақола)

15:00 / 06.05.2019 2515 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Иккинчи боб

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Қачон Рамазон келса, жаннат эшиклари очилур, дўзах эшиклари ёпилур ва шайтонлар кишанланур», дедилар». 

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Термизийнинг лафзида: 

«Қачон Рамазон ойининг аввалги кечаси бўлса, шайтонлар ва ўзбошимча жинлар кишанланур. Дўзахнинг эшиклари ёпилур. Улардан бирор эшик очилмас. Жаннатнинг эшиклари очилур. Улардан бирор эшик ёпилмас. Бир нидо қилгувчи: 

«Эй яхшилик истовчи, келиб қол! Эй ёмонлик истовчи, бас қил!» деб нидо қилур. Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинган(банда)лари бўлур. Ҳар кеча шундай бўлур», дейилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган ҳолатлар ҳам рўзанинг фазийлатлари қанчалар улуғ эканлигини кўрсатиб турибди. Келинг, улар билан бир-бир танишиб чиқайлик: «Қачон Рамазон келса:

1. «Жаннат эшиклари очилур».

Термизийнинг ривоятларидаги қўшимчада келганидек, ана шу эшиклардан бирортаси ҳам ёпилмас.

Демак, Рамазон ойида рўзадор ҳолида вафот этганлар жаннати бўлурлар. Шу билан бирга, ўша ойда жаннатга кириш учун асқотадиган савоб амаллар кўп қилинур. Жаннатнинг барча эшиклари очилиши Рамазон ойида ер юзига Аллоҳнинг раҳмати кўп нозил бўлишига ҳам ишорадир.

2. «Дўзахнинг эшиклари ёпилур».

У эшиклардан бирортаси очилмас. Шунинг учун ҳам Рамазонда вафот этган осийларни дўзахга киритиш ҳам Рамазон ичи кечга суриб турилади. Рўза тутган бандалар дўзахга тушишга сабаб бўладиган ишларни қилмайдилар.

3. «Шайтонлар кишанланур».

Улар бирор кишига иғво ҳам қилмайди, озор ҳам бермайдилар. Бу ишларнинг ҳаммаси Рамазони шарифнинг ҳурматидан бўлади.

Имом Термизийнинг ривоятларида келган «ўзбошимча жинлар» ҳам кишанланиши ҳақидаги қўшимчадан жин бошқа, шайтон бошқа эканлиги тушунилади. Шунингдек, жинларнинг ичида ўзбошимчалари бўлиб, кишиларга озор етказиши мумкинлиги англанади.

Имом Термизийнинг лафзларидан Рамазони шарифнинг қўшимча фазийлатлари ҳам тушунилади.

4. «Бир нидо қилгувчи: «Эй яхшилик истовчи, келиб қол! Эй ёмонлик истовчи, бас қил!» деб нидо қилур».

Демак, Рамазони шарифда яхшиликка тарғиб ва бериладиган савоб яна ҳам кўпайтирилади. Ёмонликдан қайтариш ва унинг олдини олиш яна ҳам кучайтирилади.

5. «Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинган (банда)лари бўлур».

Яъни, аввалдан дўзахга тушишга лойиқ бўлиб қолган бандалардан баъзилари Рамазони шариф туфайли Аллоҳ томонидан кечирилиб, дўзахдан озод қилинурлар. Бу ҳам Рамазон ҳурматидан бўлади.

Демак, Рамазони шариф ҳар бир банда учун улкан савоблар топиб қолиш, дўзахдан озод бўлиб олиш учун жуда ҳам қулай фурсатдир. Бу фурсатдан ҳар бир ўзини билган инсон унумли фойдаланиб қолиши керак. Бунинг учун эса у муборак ойнинг рўзасини ихлос билан тутиб, ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, кўпроқ ибодат ва яхши ишлар қилиб қолиши керак.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким Рамазон рўзасини иймон ила савоб умидида тутса, унинг аввалги гуноҳлари мағфират қилинур», дедилар». 

Бешовлари ривоят қилганлар. Аҳмад:

«ва кейингилари ҳам»ни зиёда қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда рўзанинг нақадар улкан ибодат эканлиги, унинг қадри нақадар улуғлиги очиқ-ойдин баён қилинмоқда. Шу билан бирга, рўзани иймон, ихлос билан, фақат Аллоҳнинг Ўзидан савоб умид қилган ҳолда тутиш зарурлиги таъкидланмоқда. Банданинг ўтгану қолган гуноҳларининг мағфират қилиниши Аллоҳнинг улуғ марҳаматидир. Бу марҳаматга эса банда Рамазон рўзасини тутибгина эришиши мумкин.

Албатта, мусулмонлар бу ҳақиқатни яхши тушунган ҳолда Рамазондан унумли фойдаланиб қолишга ҳаракат қилурлар.

(давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Савол Саҳарлик ва ифторлик вақтга қараб белгиланадими ёки қуёш ҳаракатига қарабмиЖавоб Саҳарлик ва ифторликни тайин қилиш субҳи содиқ кирганкирмагани ва давоми...

2861 20:31 / 07.05.2020
Аллоҳ таолонинг алҲайй ва алҚоййум исмларининг дуоларнинг ижобат бўлиши ва машаққатларни аришида ўзига хос таъсири бор. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи давоми...

5238 13:30 / 14.05.2021
Молларини кечасию кундузи яширин ва ошкора нафақа қиладиганларнинг ажрлари Робблари ҳузуридадир. Уларга хавф йўқ ва улар маҳзун ҳам бўлмаслар..Кечасию кундузи, давоми...

7427 08:08 / 18.06.2020
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким .Лаа илааҳа иллаллоҳу, десаю, қалбида арпа дони вазнича иймони бўлса, дўзахдан давоми...

3112 19:00 / 04.01.2019
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021