1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ота-она жаннат калити

11:24 / 17.06.2019 2958 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳасан Басрий роҳиматуллоҳи алайҳ ота-онага яхшилик қилишни шундай тушунтирган эканлар: «Ота-онага яхшилик қилиш – қўлингдаги мол-мулкни улар учун сарфлаш, гуноҳ бўлмайдиган ишларда уларга итоат қилиш (гуноҳ бўладиган ишларда ота-онага итоат қилинмайди. Аммо итоат қилинмайди дегани улар ташлаб қўйилмайди, чунки ҳақлари улуғ. Яхши муомала қилиб, хизматлари давом эттирилади. Фақат гуноҳ ишга буюрсалар, ўша иш қилинмайди. Масалан, ота ароқ олиб кел деб мажбурласа, итоат этилмайди)».

Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ ота-онанинг яхшиликларини қайтариш мумкинми деган масалада шундай деган эканлар: «Ким беш маҳал фарз намозларни ўқиса, Аллоҳ таолога ҳақиқий шукр қилибди. Ким намоздан кейин ота-онасининг ҳаққига дуо қилса, уларга ҳақиқий раҳмат айтибди».

Ҳукамолардан бири «Отангга ғамхўр бўлсанг, ўғлинг ҳам сенга ғамхўр бўлади», деганлар. Абдуллоҳ ибн Муборак «Агар ота-онанг сен билан муроса қилишни бошласа, сен билан эҳтиёт бўлиб гаплаша бошласа, сенга гапирганда безовталанишингдан ғазабинг чиқишидан қўрқиб, эҳтиёткорлик билан, сўзларни саралаб гапира бошласа, билиб қўйки, сен ота-онангга оқ бўляпсан», деган эканлар.

Афсуски, бугун гувоҳ бўлиб турибмизки қанча-қанча ота-оналар фарзандининг қош-қовоғига қараб гапиради, чунки боласи жеркиб беради. Сал хато гапириб қўйсак, кўнглига тегмасмикан, жеркиб бермасмикан деб, ўзининг боласига эҳтиёт бўлиб гапирадиган ота-оналар қанча! Бироқ уларнинг қанчалиги муҳим эмас, балки уларни шунга мажбур қилаётган фарзандларнинг оқибати муҳим, чунки улар ота-онасига оқ бўлаётганлардан экан. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бир марта онаси чақирганда баландроқ овозда «Лаббай!» деб қўйгани учун қанча садақа чиқарган эканлар, йиғлаб тавба қилиб юрган эканлар. Ота-онанинг ҳурмати мана шу қадар бўлган.

Кимнинг ота-онаси ҳаёт бўлса, қадрига етсин. Ота-она – жаннатнинг икки эшиги. Ота-онага яхшилик қилсанг, жаннат эшиги очилади. Ота-онага ёмонлик қилсанг, жаннат эшикларини очилмайдиган қилиб михлаётган бўласан.

Ота-онани йиғлатишдан эса Аллоҳнинг Ўзи барчамизни паноҳида сақласин! Маълумот ўрнида айтиш жоизки, бугун ота-онасини йиғлатадиган фарзандлар ҳам бор. Аммо улар бу дунёдаёқ хор бўлади. Ахир эътибор қилайлик, ота-онасини хурсанд қилиб, хизматини қилган боланинг, иншааллоҳ, косаси оқаради, омади келади. Ота-онасини норози қилган бадбахтлар эса минг ҳаракат қилмасин, бири икки бўлмайди.

Ота-онага хизмат қилишда гўёки жаннат эшигини олдида туриб, унга киришга талашгандек бўлиш керак экан. Акам борку, опам борку, фақат мен эмаску фарзандлари дейдиган фарзанд бадбахт бўлади. Ўнта, ўн бешта боласи бўлса ҳам сиз ота-онангизга мен биттаман, мендан бошқа фарзанд йўқ дегандек қарашингиз керак. Ҳар бир фарзанд ана шундай муносабатда бўлсагина ота-онасининг қадрига ета олади. Ҳар бир ака-ука, опа-сингиллар ота-онага қарашга талашиши керак. Ота-она бор уйда барака бошқача бўлади, файз бўлади, бунинг фарзандлар тарбиясига жуда катта таъсири бўлади.

Islom.uz портали таҳририяти

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абул Қосим Абдуллоҳ ибн Алий ибн Исҳоқ Тусий шундай деган.Биз Исмоил ибн Абдурроҳман Собунийга бир жуз ҳадис ўқиб берардик. Ўша жуздан озгина миқдор қолганда, у давоми...

1618 16:00 / 05.11.2020
Қуръони карим Аллоҳ таолонинг муборак Каломи ўлароқ қадри баланд, тиловати ибодат бўлган энг улуғ каломдир. Шунга кўра, Аллоҳнинг каломи ёзилган мусҳафларимиз давоми...

2372 13:40 / 06.09.2019
Аллоҳнинг дўстлари Унинг сонсаноқсиз неъматлари учун қанча шукр қилсалар, шунча озлигини ҳис этиб, барча ҳолларида шукрни зиёда қилиш ҳаракатида бўлишган.Зеро, давоми...

7105 14:10 / 01.10.2019
Қуръони Каримдаги Батаҳқиқ, мўминлар зафар топдилар. Улар намозларида хушуъ қилувчилардирrdquo деб бошланувчи Мўминун сурасини ўқир эканман, йигирма йилдан кўпроқ давоми...

3091 11:06 / 20.10.2020
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021