1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Айюб алайҳиссалом

14:17 / 21.06.2019 4144 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўша даврда Шом диёрига Ироқдан ва Арабистон яриморолидан кўплаб ҳижратлар бўлиб ўтди. Муҳожирлар турли унумдор минтақаларга тарқалиб кетишди. Шимолий минтақаларда Аммурийя давлати тикланди. Ўрта ер денгизи соҳилларида эса Финикия давлати, Фаластин ва унинг атрофларида Канъон давлати ташкил топди. Бу давлатларнинг халқлари Аллоҳга ширк келтирган, бутларга ибодат қилувчи қавмлар эди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло кўпгина пайғамбарлар юборишига қарамай, улар пайғамбарларни ёлғончига чиқаришда ва куфрда тобора ҳаддан ошишди.

Ана шундай мураккаб бир даврда Аллоҳ таоло Бану Исроилга Айюб алайҳиссаломни набий қилиб юборди. У зотнинг мол-мулклари, аҳли аёллари кўп эди. Аллоҳ таоло Айюб алайҳиссаломдан уларнинг барчасини олиб қўйиб, бошларига турли балоларни солди ва баданларига ҳам дард бериб, синади. Айюб алайҳиссаломдан барча юз ўгирди, фақатгина жуфти ҳалоллари – аёллари ҳар қандай вазиятда ҳам у зот алайҳиссалом билан бирга бўлди.

Айюб алайҳиссалом Суриянинг шимолий ўлкаларида бир жойдан иккинчисига кўчиб юриб, кишиларни Аллоҳ таолонинг ибодатига даъват қилдилар.

Айюб алайҳиссалом Исҳоқ алайҳиссаломнинг авлодидирлар.

Қуръони Каримда ҳам, суннати мутоҳҳарада ҳам Айюб алайҳиссаломнинг ўзларига етган мусибатга сабр қилганларидан бошқа ҳаётлари, қавмлари ёки даъватлари ҳақида маълумотлар келган эмас. Шунинг учун биз у зотнинг зикрлари келган ояти карималарни ўрганиш ила кифояланамиз.

«Биз сенга худди Нуҳ ва ундан кейинги набийларга ваҳий юборганимиздек ваҳий юбордик. Биз Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг авлодлари, Ийсо, Айюб, Юнус, Ҳорун ва Сулаймонга ваҳий юбордик. Довудга эса Забурни бердик» (Нисо сураси, 163-оят).

Демак, ҳамма пайғамбарларга ваҳий юбораётган, уларни бандалар ичидан танлаб олаётган Зот битта – Аллоҳ. Мазкур пайғамбарларга ваҳий юборган ўша Зот уларнинг қаторида Айюб алайҳиссаломга ҳам ваҳий юбориб, у зотни ҳам Ўзига пайғамбар қилиб олди.

Айюб алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг солиҳ бандаси, танлаб олган пайғамбаридирлар. Бошқа пайғамбарлар қатори, Аллоҳ таоло у зотни ҳам синовга солган. Ўзининг охирги пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг умматларига ибрат, тасалли бўлиши учун ўша синов ҳақида хабар берилмоқда. Бу синов мол-дунё, аҳли аёл ва саломатлик борасида бўлган. Айюб алайҳиссалом бу синовларнинг ҳаммасига гўзал сабр қилиб, бирор лаҳза ҳам Аллоҳдан узилмадилар. У Зотга бўлган ишончлари сусаймай, розилигини тилаб турдилар.

Шайтон эса машаққатли синов лаҳзаларида Айюб алайҳиссалом билан бирга қолган барча мухлис кишиларни васваса қилар эди. Ўша мухлислар ичида у зотнинг хотинлари ҳам бор эди. У аёлга ҳам турли томондан васваса қилинарди. Унга: «Агар Аллоҳ Айюбни яхши кўрганида, уни бундай балога гирифтор этмас эди», дейиларди. Бу гаплар Айюб алайҳиссаломга ҳам етиб келди. Хотинлари мазкур гаплардан баъзиларини айтганида, у зот имкон топганларида аёлларини уришга қасам ичдилар.

«Ўшанда у Роббига нидо қилиб: «Албатта, мени шайтон машаққат ва азоб ила тутди», деди» (Сод сураси, 41-оят).

Айюб алайҳиссалом ҳамма нарса Аллоҳ таолодан бўлишини яхши билсалар ҳам, кўнгилсиз нарсани одоб юзасидан шайтонга нисбат бердилар. Шунингдек, бу шикоят билан мухлис кишиларини шайтон васвасага солаётганига, бундан ўзлари ҳам озорланаётганларига ишора қилдилар.

Аллоҳ таоло у зотнинг бу илтижоларига, ёлворишларига муносиб жавоб берди:

«Оёғинг ила тепгин! Бу чўмиладиган ва ичиладиган совуқ (сув)» (42-оят).

Яъни «Оёғинг билан ерни тепгин», деди. Айюб алайҳиссалом Аллоҳнинг амрига итоат этиб, оёқлари билан ерни тепган эдилар, у ердан сув чиқди.

Демак, шу сувга чўмилган одам шифо топади. Ундан ичилса, ички дардларга даво бўлади. Шундай бўлди ҳам.

Айюб алайҳиссалом мазкур сувда чўмилиб, ундан ичиб, шифо топганларидан сўнг Аллоҳ таоло у зотга аҳли оилаларини қайтариб берди. Улар билан бирга яна ўшанча ҳам берди. Бу ишлар қандай амалга ошганини Ўзи билади. Ўлиб кетганларини тирилтирганми, қочиб кетганларини қайтарганми ёки бутунлай янгитдан берганми – бу томони Аллоҳ таолонинг Ўзигагина маълум.

Шундай қилиб, Айюб алайҳиссалом бутунлай соғайиб кетдилар, аҳли оилалари ҳам икки баробар бўлиб қайтди. Энди учинчи нарса қолди: имкон топганида энг оғир пайтларда ихлос билан ёнида турган вафодор хотинларини уришга қасам ичиб қўйган эдилар, ўша қасамга амал қилиш. Бу мушкул иш эди. Шундай вафодор ва мухлиса аёлни, оғир ва машаққатли лаҳзаларда елкадош бўлган, бало-офатларни бирга тотган йўлдошни мушкул ариганидан кейин юз таёқ уриш керак.

Дарҳақиқат, бу оғир муаммо эди. Лекин Аллоҳ таоло Ўз раҳмати ила бу муаммони ҳам ҳал этди. Аллоҳ таоло Айюб алайҳиссаломга деди:

«Қўлингга бир дастани ол-да, у билан ур. Қасамингни бузма». Биз уни сабрли топдик. У нақадар яхши банда! Албатта, у сертавбадир» (44-оят).

Аллоҳ таоло Айюб алайҳиссаломга қасамларини қандай адо этишни ўргатмоқда ҳамда у зотга Ўзи томонидан бунчалик фазлу карам кўрсатилишининг сабабини баён қилмоқда:

«Қўлингга бир дастани ол-да, у билан ур. Қасамингни бузма».

«Эй Айюб, неча марта уришни айтган бўлсанг, ўшанча новдани бир даста қилиб ол-да, у билан хотинингни ур. Шунда қасамингни адо этган бўласан, қасаминг бузилмайди.

Бунчалик фазлу карам кўрсатилишининг сабаби:

«Биз уни сабрли топдик».

Синов келганда, Айюб гўзал тарзда сабр қилди. Бизга бўлган ишончи сусаймади. Бизнинг розилигимизни топишдан бир лаҳза ҳам умидини узмади».

«У қандай ҳам яхши банда».

Айюб ниҳоятда яхши бандадир.

«У сертавба эди».

Ҳар бир нарсада Аллоҳ таолонинг Ўзигагина қайтади.

Тарихчиларнинг таъкидлашларича, Айюб алайҳиссаломнинг фарзандларидан бири Зулкифл алайҳиссаломдирлар.

“Ислом тарихи” биринчи китоб

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мусулмон фотиҳлар фатҳ ишларини қандай олиб борганларини ҳамма билиб қўйсин деган ниятда Ислом оламининг кўзга кўринган сайтларидан бири ndash onislam.netда эълон давоми...

2800 13:13 / 27.08.2025
873ndash950Файласуфлар шайхи, ҳаким Абу Наср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Тархон ибн Авзалағ Туркий Форобий Мантиқий. Заковат соҳибларидан бири.Машҳур асарлар давоми...

3730 18:00 / 30.01.2019
Уҳуд ғазотида Абдуллоҳ ибн Ҳаром розияллоҳу анҳу шаҳид бўлди. У машҳур саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг отасидир. Абдуллоҳ ибн Ҳаром розияллоҳу анҳу давоми...

3019 09:00 / 09.01.2022
Сафар ойининг ўзида мушриклар томонидан мусулмонларга қарши яна бир хиёнат уюштирилди. Ҳодисанинг тафсилоти қуйидагичаМадинага Нажднинг Бану Омир қабиласи давоми...

2245 15:00 / 29.12.2020
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021