1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

48-боб. Соҳибининг моли, фарзанди кўпайишини сўраб дуо қилган киши

16:00 / 25.06.2019 3353 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

88. Анасдан ривоят қилинади:

«Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирдим. У ерда мен, онам ва холам Умму Ҳарамдан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга келиб:

«Сизларга бир намоз ўқиб берайми?» дедилар. Ўшанда намоз вақти эмас эди. 

Шу пайт (ҳадис тинглаётган) одамлардан бири:

«Анасни қаерга турғаздилар?» деди.

«Уни ўнг томонларига турғаздилар», деди. 

«Сўнгра бизга намоз ўқиб бердилар. Кейин аҳли байтимиз ҳаққига Аллоҳдан дунё ва охиратнинг барча яхшиликларини сўраб дуо қилдилар. Кейин онам:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Кичкина хизматчингизни ҳам бир дуо қилинг», дедилар.

Ул зот менга барча яхшиликларни тилаб дуо қилдилар ва дуоларининг охирида:

«Аллоҳим! Бунинг молини ва бола-чақасини кўпайтиргин ва унга буларда барака бергин», дедилар».

Шарҳ: Бошқа ривоятларда ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг «Ҳозир мендан боласи кўп, мендан моли кўп одам йўқ, бундан кейин ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари билан Аллоҳ уларга барака беради, деб ўйлайман», деганлари айтилган.

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари билан ҳазрати Анас ибн Молик юз ёшдан ортиқ яшаганлар, у киши энг охирги вафот этган саҳобалардан бирларидир. Мол-дунёлари ҳам жуда кўп бўлган.

Сиз билан бизнинг орамизда урф бўлган «ували-жували бўлсин, серфарзанд, сердавлат бўлсин» деб дуо қилиш ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқдир.

Ёр-дўст, биродарлар, қавм-қариндошлар бир-биримизни дуо қиладиган бўлсак, «серфарзанд қилсин, бадавлат қилсин, барака берсин, бахт-саодатли қилсин» деб дуо қилишимиз ниҳоятда яхши бўлар экан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Анас ибн Молик ва у кишининг оналари, холалари ҳаққига дуо қилишдан олдин намоз ўқиганлари, ҳам бу дунёнинг, ҳам охиратнинг яхшиликларини сўраб дуо қилишлари, умумий дуодан сўнг маълум бир кишига (Анас ибн Моликка) хослаб дуо қилганлари бизга жуда катта ибрат бўлиши керак.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам фарз намоз вақтидан бошқа пайтда ҳам жамоат билан намоз ўқиганлари.

2. Имом билан бир эркак киши бўлса, у имомнинг ўнг тарафида туриши кераклиги.

3. Улуғ ва дуогўй кишиларнинг намоздан кейин маълум шахслар ҳаққига дуои хайр қилишлари борлиги.

4. Баъзи кишиларга алоҳида дуо сўраш мумкинлиги.

5. Яхшилик сўраб дуо қилиш жоизлиги.

6. Молу дунё сўраб дуо қилиш жоизлиги.

7. Серфарзанд бўлишни сўраб дуо қилиш жоизлиги.

8. Барака тилаб дуо қилиш жоизлиги.

«Одоблар хазинаси» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Отанг сени уришаётган бўлса, билгинки, у сени асло ёмон кўрмайди. Отанг сени тергаб сенга босим ўтказаётган бўлса, билгинки, у сенга яхшиликни хоҳлаяпти. Отангни давоми...

3466 17:00 / 11.06.2022
21. Фарзанднинг отаонага яхшилик қилиши турларидан бири ndash уларни хурсанд қилиш чораларини кўриш.Фарзанд отаонасининг кўнглини кўтариш учун уларни хурсанд давоми...

3482 11:00 / 31.07.2019
.Иккинчиси Мен ўзимга ёққан қилични олволган эдим. .Эй Аллоҳнинг Расули, буни менга ҳиба қилинг,, дедим. Шунда .Сендан ўлжалар ҳақида сўрарлар, ояти нозил бўлди,.Саъд давоми...

3081 10:00 / 01.12.2018
. , . . , . . ,. .Абу Бакр ибн Ҳафсдан ривоят қилинади.Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. У гуноҳ қилган эди. У зот.Онанг давоми...

3650 16:10 / 24.02.2020
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021