1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Савдода йўл қўйиладиган гуноҳлар: ёлғон гапириш

19:00 / 27.06.2019 2733 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тожир савдо молини мақташ учун ёлғон гапириш ҳаром эканини зинҳор унутмаслиги зарур. 

Шунингдек, ваъдага вафо қилмай, сўнг ёлғон гапириш, нарсаларнинг баҳосини баён қилишда ёлғон ишлатиш ҳам ҳаромдир.

عَنْ رِفَاعَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّهُ خَرَجَ مَعَ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم إِلَى الْمُصَلَّى، فَرَأَى النَّاسَ يَتَبَايَعُونَ، فَقَالَ: «يَا مَعْشَرَ التُّجَّارِ!»، فَرَفَعُوا أَعْنَاقَهُمْ وَأَبْصَارَهُمْ إِلَيْهِ إِجَابَةً لَهُ، فَقَالَ: «إِنَّ التُّجَّارَ يُبْعَثُونَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فُجَّارًا إِلَّا مَنِ اتَّقَى اللهَ، وَبَرَّ، وَصَدَقَ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Рифоъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намозгоҳга чиққан эканлар. Шунда у зот савдо қилаётган одамларни кўриб: «Эй тожирлар жамоаси!» дедилар. Улар бошларини кўтариб, чақириққа жавобан, у зотга қарадилар. Шунда у зот: «Албатта, тожирлар қиёмат куни фожирлар ҳолида тирилтирилурлар. Фақат Аллоҳга тақво қилган, яхшилик ва ростгўйлик қилган бундан мустасно», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Агар тижоратчи одам тақводор, яхшилик қилувчи ва ростгўй бўлмаса, тожирлик эгасига надомат, охират шармандалигини келтиради. Ҳар бир тожир ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган уч сифатни ўзида мужассам қилишга уринмоғи керак:

1. Аллоҳ таолога тақво қилиш;

2. Яхшилик қилиш;

3. Ростгўй бўлиш;

Ушбу сифатлари бор одамгина тижоратда фожирлик, алдамчилик, ҳаромхўрлик қилмайди.

Аслини олганда тожирлик ҳам шариат кўрсатган йўл билан амалга оширилса, ибодат бўлади. Чунки тожирлар тижоратлари орқали ўзларига фойда топишдан ташқари, жамиятлари учун катта аҳамиятга эга бўлган ишни амалга оширадилар. Кўпчиликнинг оғирини енгил қиладилар.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда тижоратни ҳалол қилганини эълон қилган. Ҳатто ҳаж ибодати вақтида ҳам тижоратга рухсат берган. Саҳобалардан баъзилари тижорат вақти келса, Аллоҳнинг йўлида жидду жаҳд қилишга тенг бўлишини айт­ганлар.

Ушбу афзалликларнинг ҳаммаси тожирнинг тақводор, ростгўй ва омонатли бўлишига боғлиқдир. Ана ўшанда мўмин-мусулмон тожир қиёмат куни юксак мартабаларга эришади. Набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўлади.

Ушбу ҳадис олдимизга тожирларнинг икки хил ҳолатини кўндаланг қўймоқда:

Алдамчи, ёлғончи ва ҳаромхўрлари қиёмат куни фожир бўлиб тирилтирилади;

Тақводор, содиқ ва омонатлилари қиёмат куни набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўлишади. Энди ихтиёр ҳамманинг ўзида. Ҳар ким ниятига ва амалига яраша мансаб топади.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ أَبِي أَوْفَى رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَجُلًا أَقَامَ سِلْعَةً وَهُوَ فِي السُّوقِ، فَحَلَفَ بِاللهِ لَقَدْ أَعْطَى بِهَا مَا لَمْ يُعْطَ لِيُوقِعَ فِيهَا رَجُلًا مِنَ الْمُسْلِمِينَ، فَنَزَلَتْ ﮋﯭ             ﯳﯴﮊ الْآيَةَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши бозорда туриб, бир молни савдога қўйди ва мусулмонлардан бир одамни қизиқтириш учун у(мол)га ўзига берилаётгандан кўп берганини айтиб, Аллоҳнинг номи ила қасам ичди. Шунда:

«Аллоҳнинг аҳдини ва ўз қасамларини озгина баҳога сотадиганлар...» ояти нозил бўлди».

Имом Бухорий ривоят қилган.

Оятнинг давомида:

«…албатта, ана ўшаларга охиратда яхши насиба йўқдир, қиёмат куни Аллоҳ уларга гапирмас, назар солмас ва уларни покламас. Уларга аламли азоб бор», дейилган (Оли Имрон сураси, 77-оят).

Демак, одамларни қизиқтириб, молини ўтказиш учун «Ўзи бу мол менга бунчага тушган», деб ёки «Одамлар «Бунча бераман», деган эди, сотмадим», деб ёлғон айтиб, қасам ичиш охиратда ёмон оқибатларга олиб келар экан. Шунинг учун бу нарсадан ҳушёр бўлиш лозим.

 “Бозор ва унга оғлиқ масалалар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Таниқли ҳанафий олим Абулҳасанот Абдулҳай алЛакнавий 1264ndash1304 ҳ.1848ndash1886 м. раҳимаҳуллоҳ ўзларининг Зажр арбоб арРайён ъан шурб аддухонrdquo Сигарет чекишдан Райён давоми...

15060 11:02 / 27.10.2018
Савол Картада .сувара,, .дуррак,, .пирра,, .қора хотин, каби ўйинларни ўйнаш қимор бўладими Мумкинми, ё мумкин эмасмиЖавоб Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳиймОрага пул тикиб давоми...

12870 23:05 / 10.11.2018
Авваллари бу савол ўртага ташланмаган, чунки никоҳ тўйи кимнинг зиммасида эканини ҳамма яхши билган ва унга амал қилган. Ҳозир ҳам кўпчилик жамиятларда, ҳатто давоми...

4778 21:10 / 07.04.2019
Муҳаммад ибн Куносадан ривоят қилинади .Зарр ибн Умар Ҳамадоний тўсатдан вафот этиб қолди. Буни эшитган қариндошлари Заррнинг отаси олдига уввос солиб йиғлаб давоми...

3281 07:00 / 21.05.2019
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021