1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

50-боб. Ёш болаларни ўпиш

09:10 / 10.07.2019 4259 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

90. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Сизлар ёш болаларингизни ўпасизларми? Биз ўпмаймиз», деди.

Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ қалбингдан раҳматни суғуриб олган бўлса, мен нима ҳам қила олар эдим», дедилар».

Шарҳ: Демак, жажжи болаларни ўпиш кишининг қалбида раҳмат борлигининг аломати экан. Аксинча, ёш болаларни ўпмаслик қалбда раҳматнинг йўқлиги аломати экан.

Бола боқиш иши машаққатли экани ҳамда бола доимо меҳрга ва раҳм-шафқатга муҳтож бўлгани учун ҳам Исломда болага раҳмли бўлиш катта савобли иш даражасига кўтарилган. Ҳар бир ота-она бу улкан ҳақиқатни зинҳор унутмаслиги даркор.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Ёш болаларни ўпиш фазилат экани.

2. Ёш болаларни ўпиш раҳмдиллик белгиси экани.

3. Баъзи одамларнинг қалбидан Аллоҳ таоло раҳматни суғуриб олиши.

4. Болаларни ўпмаслик яхши эмаслиги.

91. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ибн Алини ўпдилар. Ул зотнинг ҳузурларида Ақраъ ибн Ҳобис Тамиймий ўтирган эди. Шунда Ақраъ:

«Менинг ўнта болам бор. Улардан бирортасини ҳам ўпмаганман», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қарадилар. Кейин:

«Ким раҳм қилмаса, унга раҳм қилинмайди», дедилар».

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган бу гапларнинг маъноси – ким бандага раҳм қилмаса, Аллоҳ таоло унга ҳам раҳм қилмайди, деганидир.

Бандаларга раҳм қилишнинг энг олий намунаси ёш болаларга раҳм қилишдир. Чунки улар раҳм-шафқатга энг муҳтож тоифадирлар.

Шундай бўлганидан кейин, ҳар бир ота-она ўз боласига меҳрибон бўлиши, уларга раҳм-шафқатли бўлиши лозим.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кичик болаларни ўпганлари.

2. Ўша пайтда ўнта боласидан бирортасини ҳам ўпмаган шахс бўлгани.

3. Боласига раҳм кўрсатган ота-оналарга Аллоҳ таоло ҳам раҳм қилиши.

4. Фарзандига раҳмли бўлиш ота-онанинг вазифаси экани.

«Одоблар хазинаси» китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Хурайра розияллоҳу анҳу икки кишини кўриб, уларнинг биридан .Бу сенга ким бўлади, деб сўрадилар. У .Отам,, деб жавоб берди. Шунда у зот .Унинг исмини айтиб давоми...

1598 14:56 / 20.11.2025
Нега олимларни ёмон кўрасизларНега илм аҳли бўлган кишиларни турли сўзлар билан ҳақорат қиласизларНега ёқтирмаган одамингизга нисбатан турли камситувчи давоми...

3372 17:00 / 24.02.2022
Абдурраҳмон ибн Абзадан ривоят қилинади.Довуд .Етимга нисбатан меҳрибон отадек бўл. Билки, албатта, нимани эксанг, шуни ўрасан.Бойликдан кейин келган фақирлик давоми...

2542 19:00 / 12.02.2020
Ўзлари муҳтож бўла туриб, муҳожирларга ёрдам қўлини узатган ансорлар ҳақида Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилган .Улардан аввал бу диёрда ва давоми...

3499 14:00 / 12.07.2022
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021