1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Вақтини совурганлар икки дунё ноз-неъматларидан маҳрум бўлишади

13:50 / 18.07.2019 2958 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(Биринчи мақола)

Қуръони Каримда вақт неъматининг улуғлиги, қадрининг баландлигига далолат қилувчи кўплаб оятлар ворид бўлган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

«Аср билан қасам» (Аср сурасида 1-оят).

Абдуллоҳ ибн Аббос ушбу оят тафсирида: «Аср – бу вақтдир», деганлар.

Вақт неъматдир. Жуда оз кишилар ундан унумли фойдаланади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар ундан ғафлатдадирлар. Улар – соғлик ва бўш вақт», дедилар». (Имом Термизий ривояти).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳар бир дақиқаларини Аллоҳ йўлида сарфлар эдилар. Ҳар лаҳзада у зотдан Аллоҳга солиҳ амал кўтарилар эди.

Ибн Қоййим айтадилар: «У зотнинг сўзлари ҳам, ҳаракатлари ҳам, жим туришлари ҳам, юриш-туришлари ҳам Аллоҳнинг зикри эди. Ул зот айтар эдилар: «Икки неъмат бор, кўпчилик уларни қадрламайди: соғлик ва бўш вақт» (Имом Бухорий ривояти).

Чунки инсонлар вақтларини гуноҳларга, шаҳватларга, ножоиз ишларга сарфлайдилар. Пайғамбар алайҳиссалом дер эдилар: «Беш нарсадан олдин беш нарсани қадрланглар: қариликдан олдин ёшликни, машғулликдан олдин бўш вақтни, камбағалликдан олдин бойликни, ўлимдан олдин тирикликни, касалликдан олдин соғликни» (Имом Термизий ривоят қилиб, “ҳасан ҳадис”, деганлар).

Вақтнинг тўхтаб турмаслиги ҳақида

Суфён Саврийга: «Биз билан бирга гаплашиб ўтиринг», дейишди. «Қандай гаплашиб ўтираман?! Вақт тўхтаб турмайди, қуёш эса бандаларнинг амалларига гувоҳ бўлиб турибди», деб жавоб бердилар.

Курз ибн Вабарага дўстлари: «Гаплашиб ўтирамиз, кел», дейишса, «Қуёшни тўхтатиб тура оласизларми?» дер эдилар. Ким ҳам қуёшни тўхтата оларди? Ўтган дақиқалар қайтиб келармиди?

Вақтни зое қилмаслик ҳақида

Амир ибн Ҳубайра вақт тўғрисида жуда чиройли ва ҳикматли сўз айтганлар:

«Сен эътибор берадиган нарсаларнинг ичида энг қимматбаҳоси – бу вақтдир. Лекин сенда унинг осон зое бўладиган нарса эканини кўряпман».

Вақтини совурганлар икки дунё ноз-неъматларидан маҳрум бўлишади. Фақат уни фойдага алиштирганлар, ҳар лаҳзадан унумли фойдаланиб қолганларгина ютади. Ана шуларгина вақтнинг ҳисоб-китобида уялиб қолишмайди.

Ҳасан Басрий айтадилар: «Ҳар бир тонги ёришадиган кун борки, инсон боласига бундай нидо қилади: «Мен янги яратилдим (имкониятингман), ишларингга шоҳидман, мендан фойдаланиб қол. Агар кетсам, қиёматга қадар келмайман».

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ шогирдларига бировлар вақтини олмаслиги учун: «Олдингизга келган одамга илм ҳақида гапиринг. Агар у илмга мойил инсон бўлса, ҳар доим олдингизга илм учун келади. Агар илмга мойил бўлмаса, иккинчи марта олдингизга келмайди ва сизнинг вақтингизни олмайди», дер эдилар.

Беҳуда кетган вақт ҳақида

Олмон мутафаккири Артур Шопенгауэрнинг ҳикматли сўзларига қулоқ солинг: «Ўртамиёна одам вақтни тез ўтказиш пайидан бўлади, истеъдод эгаси эса ундан кўпроқ фойдаланиб қолишга уринади. Қарта ўйини ақлий инқирознинг яққол нишонасидир. Одамлар фикр алмашинишга қурбилари етмаса, қарта ташлашади».

Ушбу сўзлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз умматларига қилган насиҳатлари жумласидан эди: «Аллоҳ таолонинг бандадан юз ўгириш аломатларидан бири банданинг ўзига кераксиз нарсалар билан машғул бўлишидир».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзи учун беҳуда нарсаларни тарк қилиши киши Исломининг ҳуснидандир», дедилар».

Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Демак, кишининг Исломи ҳуснли бўлиши ҳам ёки аксинча бўлиши ҳам мумкин экан. Унинг қандай бўлиши эса Исломдаги кишининг ўзига боғлиқ. Агар инсон ўзи учун беҳуда бўлган нарсаларни тарк қилса, бу унинг Исломи ҳуснли бўлганига далил экан. Чунки бу ишни фақат ҳақиқий мусулмон одамгина амалга оширади. Чин мусулмон одам ҳаётнинг ҳар бир лаҳзасига ўта жиддийлик билан қарайди. Қиёматда ана шу ҳар бир лаҳза учун ҳисоб-китоб, савол-жавоб бўлишини зинҳор унутмайди. Чин мусулмон одам беҳуда сарфланган вақт, молу дунё, соғлик, куч-қувват, имконият ва бошқа нарсалар учун қиёмат куни жавоб беришини тўла ҳис қилиб яшайди. Шунинг учун у беҳуда нарсага умуман яқинлашмайди. Бу эса ўз навбатида унинг Исломининг ҳусни бўлади.

(Давоми бор)

Охунжон Охунов тайёрлади

Мавзуга оид мақолалар
Зайд ибн Аслам айтади .Бир киши қабрларни маскан қилиб олган эди, одамлардан танбеҳга учради. Шунда у киши .Булар ростгўй қўшнилар, мен улардан ибрат оламан,, деди,..Солиҳлар гулшани, китобидан

2140 06:54 / 21.07.2019
Жаҳолат ва жоҳилликнинг давоси ndash бир қанча бўлиб, улардан энг асосийси ndash китоб ўқишдир. Дарҳақиқат, китоб ўқиш қалб чигалликларини ёзади, кўнгилга ҳузур давоми...

5530 11:30 / 21.06.2019
Қуръони Карим нозил бўлганидан бери мунтазам равишда бирор илмий ҳақиқат кашф этилади. Баъзи олимлар .Мана мен одамларга маълум бўлмаган илмий янгиликни кашф давоми...

3409 17:00 / 30.01.2021
Ҳаммод ибн Довуд Тағлибийдан ривоят қилинади.Бир куни Мисъар ибн Кидом қабристонга чиқди. Қараса, бир киши қуёшга қараб шеър айтаётган эканҚиш келди, аммо бир давоми...

3092 08:13 / 28.03.2020
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021