1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

У зот сенга маърифатни етказувчидир

11:00 / 28.07.2019 2036 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

إِذَا فَتَحَ لَكَ وِجْهَةً مِنَ التَّعَرُّفِ فَلَا تُبَالِ مَعَهَا أَنْ قَلَّ عَمَلُكَ، فَإِنَّهُ مَا فَتَحَهَا لَكَ إِلَّا وَهُوَ يُرِيدُ أَنْ يَتَعرَّفَ إِلَيْكَ، أَلَمْ تَعْلَمْ أَنَّ التَّعَرُّفَ هُوَ مُورِدُهُ عَلَيْكَ، وَالْأَعْمَالَ أَنْتَ مُهْدِيهَا إِلَيْهِ، وَأَيْنَ مَا تُهْدِيهِ إِلَيْهِ مِمَّا هُوَ مُورِدُهُ عَلَيْكَ؟

Қачон У Зот сенга маърифат йўналишини очса, бас, у ила амалинг озлигига эътибор берма. Чунки, албатта, уни сенга Ўзини танишингни ирода қилиб очди. Билмадингми, албатта, У Зот сенга маърифатни етказувчидир. Амалларни эса сен Унга тортиқ қилувчисан. Сен Унга тортиқ қилаётган нарса қаерда-ю, У Зот сенга етказган нарса қаерда?

– Амаллар – фарз, вожибни бажариш учун, суннатга амал қилиш учун, шунингдек, фазлини ошириб, Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш ниятида бажариладиган нафл тоат, ибодат ва фаолиятлар.

– Маърифат йўналиши – банданинг қалб кўзи очилишига йўлловчи беморлик, таъсирли ҳодиса, ҳайратга солувчи воқеа, кўрилган туш каби қалбга етган илоҳий туртки бўлиб, у қалбни одатдаги ҳолидан қўзғатади ва роббоний маърифатлар ва раҳмоний латофатларга сабаб бўлади.

– Маърифат – маъруфни билиш ҳақиқатининг ҳар қандай ҳолатда ҳам чиқмайдиган тарзда қалбда жойлашиши.

Ушбу ҳикматда Аллоҳ таоло турли сабабларга кўра банданинг қалбида Ўзини танитиш учун йўл очиб қўйиши ҳақида сўз кетмоқда.

«Қачон У Зот сенга маърифат йўналишини очса, бас, у ила амалинг озлигига эътибор берма».

Бу нарса, аввал ҳам айтиб ўтилганидек, Аллоҳ таолонинг бандага илҳом бериши орқали ёки беморлик, оғриқ, мусибат, даҳшатли ҳодисалар ёхуд нафсга оғир ботадиган, алам берадиган камағаллик, хорлик ва одамларнинг озори каби нарсалар бўлиши мумкин.

Ана ўша пайтда банда хурсанд бўлиши, дарҳол Аллоҳ таолога таслим бўлиши ва ўша маърифат йўлидан манфаат олишга шошилиши лозим. Бунда у амалининг озлигига парво қилмаслиги керак. Аллоҳ таолонинг инояти ва лутфу карами тажаллий қилиб турганда амалнинг аҳамияти йўқ.

«Чунки, албатта, уни сенга Ўзини танишингни ирода қилиб очди».

Зотан, бандага амал қилишни буюрган Зотнинг Ўзи бевосита Ўзига маърифат ҳосил қилиш эшигини очиб турибди. Бу ҳолат ҳар бир бандага, маърифати борга ҳам, маърифатдан йироқ, қалб кўзи кўрга нисбатан ҳам бўлиши мумкин. Аввал таниган банданинг маърифати яна ҳам зиёда бўлади. Аввал танимаган эса маърифат ҳосил қилади. Бу йўл билан маърифат ҳосил қилиш амал воситаси ила маърифат ҳосил қилишдан кўра жуда ҳам устундир.

«Билмадингми, албатта, У Зот сенга маърифатни етказувчидир. Амалларни эса сен Унга тортиқ қилувчисан. Сен Унга тортиқ қилаётган нарса қаерда-ю, У Зот сенга етказган нарса қаерда?»

Албатта, иккисининг орасидаги фарқ беқиёсдир. Шунинг учун банда Аллоҳ таоло ўзига нисбатан маърифат йўлини очганда хурсанд бўлиши, шукр қилиши лозим бўлади.

Баъзи уламолар, жумладан, шайх Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий айтадиларки, банданинг Аллоҳ таолога маърифати ва қурбат ҳосил қилиши икки йўл билан бўлади:

Биринчиси – банданинг ўзи ҳаракат қилиб, таълим олиб, ўқиб-ўрганиб, зикр, тоат-ибодат ва турли савобли амаллар йўли билан маърифат ҳосил қилади.

Иккинчиси – Аллоҳ таоло бандага Ўзини танитиш йўлини очиб қўяди. Бунда амалнинг оз бўлиши аҳамият касб этмайди. Дарҳақиқат, ўтмишда ҳам, ҳозирда ҳам бу маънони таъкидловчи ҳодисалар тез-тез бўлиб турибди.

Дунёга берилиб, охиратни унутиб юрган, ибодатни бир четга қўйиб, ўзини маъсиятга урган бандалардан баъзилари бирор ҳодиса таъсири остида ҳидоят топиб, тўғри йўлга тушиб, ибодатга бериладилар ва саодатга эришадилар.

 «Хислатли ҳикматлар шарҳи» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Султон Сулаймон Қонуний эски саройларидан бирини бузиб уни янгидан қурмоқчи бўлди. Мамлакатдаги энг моҳир муҳандисни суриштирди. Унга муҳандисмеъмор Синон бу давоми...

3032 17:00 / 21.11.2021
СаволКинна солиш ҳақида бу нарса мумкинми ёки аксинчаЖавоб Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳиймКинна солиш бошни уқалаш маъносида бўлса, тиббий ҳаракат ҳисобланиши давоми...

18968 11:01 / 04.03.2020
Қалбдаги иймон дарахтининг ҳаёт бўлишининг сабаби манзили Расулуллоҳ соллаллоу алайҳи васаллам келтирган ваҳий сувидадир. У ёрқин ҳидоят ва фойдали илм билан давоми...

1986 16:28 / 28.10.2022
Иброҳим ибн Адҳамнинг ходими Иброҳим ибн Башшор айтади Бир куни хожамга Эй Абу Исҳоқ, бу ҳолатга қандай етишгансизrdquo дедим. У киши ҳаётларини ҳикоя қилиб давоми...

3032 08:30 / 16.12.2018
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021