1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Куёвлари билан шарафланган аёл

20:01 / 14.08.2019 3556 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тарихда ўтган шундай аёллар борки, уларнинг баъзилари эрлари билан, баъзилари фарзандлари билан ва яна бошқалари оталари билан машҳур бўлишган. Аммо сиз ҳеч куёвлари билан машҳур бўлган аёл ҳақида эшитганмисиз?! Ушбу мақола айнан куёвлари билан шарафланган аёл - Ҳинд бинту Авф ҳақидадир.

Маккалик саҳобия Ҳинд бинту Авф ибн Зуҳайр бир неча бор турмуш қурган эди. У Ҳорис ибн Ҳазандан Лубоба Кубро, Осма, Азза, Лубоба Суғро ва Барра (Маймуна онамиз)ларни,  Умайс ибн Маъддан Асмо, Салма ва Саламаларни, Хузайма ибн Ҳорисдан эса Зайнабни дунёга келтирган. Ҳинд бинту Авфнинг Хузайма исмли эридан дунёга келган қизи Зайнаб бинту Хузайма розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиққан эдилар. Шу тариқа Ҳинд бинту Авф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қайнона бўлиш бахтига муяссар бўлган эди.

Аммо ҳижрий 3-йили Зайнаб бинту Хузайма онамиз вафот этдилар. Орадан 3-4-йил ўтиб, ҳижрий 7-йилда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳинд бинту Авфнинг Ҳорис ибн Ҳазандан бўлган яна бир қизи - Маймуна бинту Ҳорис розияллоҳу анҳога уйланадилар. Натижада Ҳинд бинту Авф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга икки марта қайнона бўлган тарихдаги ягона аёл кишига айланди.

Бундан ташқари Ҳинд бинту Авф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки амакилари - Аббос ва Ҳамзаларнинг ҳам қайнонаси бўлади: Аббос розияллоҳу анҳу Ҳинднинг Ҳорисдан бўлган қизи Лубоба Кубро бинту Ҳорисга уйланганлар ва ундан Фазл исмли фарзандни кўрганлар. Ҳамза розияллоҳу анҳу эса Ҳинднинг Умайс ибн Маъддан бўлган қизи Салма бинту Умайсга уйланганлар.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ҳинд бинту Авфнинг қолган қизлари ҳам обрўли кишиларга хотин бўлишган:

Лубоба Суғро бинту Ҳорис Қурайшнинг саййидларидан бўлган Валид ибн Муғийрага турмушга чиқди ва ундан “Сайфуллоҳ“ (Аллоҳнинг қиличи) лақабини олган Холид ибн Валидни дунёга келтирди.

Ҳинднинг яна бир қизи Асмо бинту Умайс эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиваччалари, “Зул жаноҳайн“ (икки қанот эгаси) номи билан машҳур бўлган саҳоба Жаъфар ибн Абу Толибга турмушга чиқади. Эри билан биргаликда “Дорул Арқам“да ҳали яширин даъват бошланмасдан илгари Исломга киришади. Муъта жангида Жаъфар ибн Абу Толиб шаҳид бўлганларидан сўнг бир неча йил ўтиб Асмо бинту Умайс Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга турмушга чиқадилар. Абу Бакр Сиддиқ вафотидан кейин эса Асмони Али ибн Абу Толиб ўз никоҳларига оладилар. Асмо бинту Умайс Жаъфар ибн Абу Толибдан Абдуллоҳ, Абу Бакр Сиддиқдан Муҳаммад, Али ибн Абу Толибдан Яҳё ва Авн исмли фарзандларни дунёга келтирганлар.

Эътибор беринг-а, Ҳинд бинту Авф кимларга қайнона бўлди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Аббос ибн Абдулмутталиб, Ҳамза ибн Абдулмутталиб, Жаъфар ибн Абу Толиб, Абу Бакр Сиддиқ, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳум ажмаъийн.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга икки маротаба қайнона бўлганининг ўзи Ҳинд бинту Авф розияллоҳу анҳонинг дунёдаги энг бахтли қайнона эканлигига кифоя қилади!

Шамсиддин Садриддин

Мавзуга оид мақолалар
Таҳоратли ҳолда ётган банданинг ҳақига фаришталар дуо қилади. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар Ким давоми...

13822 19:40 / 27.03.2019
Уламолар султони Иззуддин Абдуссалом раҳимаҳуллоҳ дедилар.Бировга иззат кўрсатиш ва эҳтиром маъносида ўрнидан туришнинг зарари йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

2205 12:23 / 19.02.2022
Абу Синон Саъид ибн Жубайрдан ривоят қилади .Мени чаён чақиб олди. Онам дам солувчининг олдига боришимни қаттиқ талаб қилиб туриб олдилар. Ноилож бордим, лекин дам давоми...

2225 07:10 / 24.09.2019
Ҳаж мавсуми келса, Абдуллоҳ ибн Муборак Марвдаги танишларини тўплаб, бирга ҳаж қилишни илтимос қилар эди. Улар рози бўлгач, .Пулларингизни олиб келинг,, дер эди. давоми...

2398 15:00 / 25.09.2021
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021