1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Хатна муносабати билан зиёфат уюштириш саҳобалардан собит бўлган амалдир

18:07 / 18.01.2020 2636 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ سَالِمٍ قَالَ: خَتَنَنِي ابْنُ عُمَرَ أَنَا، وَنُعَيْمًا فَذَبَحَ عَلَيْنَا كَبْشًا. فَلَقَدْ رَأَيْتُنَا وَإِنَّا لَنَجْذُلُ بِهِ عَلَى الصِّبْيَانِ أَنْ ذُبِحَ عَنَّا كَبْشًا. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Солимдан ривоят қилинади:

«Ибн Умар мени ва Нуъаймни хатна қилдирди. У биз учун қўчқор сўйди. Биз болалар орасида ўзимиз учун қўчқор сўйилганидан мақтаниб юрар эдик».

Бухорий ривоят қилган.

Демак, хатна муносабати билан жонлиқ сўйиб, зиёфат уюштириш саҳобалардан собит бўлган амал экан.

Солим – Абдуллоҳ ибн Умарнинг ўғиллари. Нуъайм – Абдуллоҳнинг укаси. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига оғишмай амал қиладиган олим саҳоба бўлганлар. У кишининг қилган ишлари ҳам далил ва ҳужжат бўлганлиги учун имом Бухорий ушбу ривоятни зикр қилганлар.

Арабларда Исломдан аввал ҳам хатна қилдиришнинг қадри бўлган. Ислом дини эса бу ишни тасдиқлаган.

عَنْ أُمِّ عَلْقَمَةَ: أَنَّ بَنَاتِ أَخِي عَائِشَةَ خُتِنَّ، فَقِيلَ لِعَائِشَةَ: أَلَا نَدْعُو لَهُنَّ مَنْ يُلْهِيهِنَّ؟ قَالَتْ: بَلَى. فَأَرْسَلَتْ إِلَى عَدِيٍّ فَأَتَاهُنَّ. فَمَرَّتْ عَائِشَةُ فِي الْبَيْتِ فَرَأَتْهُ يَتَغَنَّى وَيُحَرِّكُ رَأْسَهُ طَرِبًا - وَكَانَ ذَا شَعْرٍ كَثِيرٍ - فَقَالَتْ: أُفْ، شَيْطَانٌ. أَخْرِجُوهُ، أَخْرِجُوهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الْأَدَبِ وَالْبَيْهَقِيُّ.

Умму Алқамадан ривоят қилинади:

«Оишанинг акасининг қизлари хатна қилинди. Шунда Оишага:

«Уларни овутишга бирор кишини чақирайликми?» – дейилди.

«Шундай!» – деди.

Бас, Адийга одам юборди. У аларнинг ҳузурига келди. Оиша уйдан ўтди ва унинг ҳузур ила бошини қимирлатиб, қўшиқ айтаётганини кўрди. Унинг сочи қалин эди. Бас, у:

«Уфф! Шайтон! Буни чиқаринглар! Буни чиқаринглар!» – деди».

Бухорий «Адаб»да ва Байҳақий ривоят қилганлар.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо хатна чоғида кўнгилхушлик қилишга рози бўлганликлари учун Адий деган одамни чақириб келишибди. У кишининг кўнгилхушлик қилиш учун қўшиқ айтиб, ўзининг қўшиғига берилиб, бошини чайқатиб турганини Оиша онамиз розияллоҳу анҳо кўриб қолибдилар. У кишининг чиройли, катта сочи бор экан. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо «Уфф, бу шайтон-ку, уни чиқаринглар», – дебдилар.

Аёлларнинг ўртасида чиройли бир эркак кишининг қўшиқ айтаётгани онамизга ёқмабди. Ҳолбуки, умумий тарзда унинг келишига розилик берган эканлар.

Демак, юқоридаги каби маросимларда кўнгилхушлик қилишга умумий рухсат бор, бироқ эркак-аёлларнинг аралашиши ман қилинган экан.

Бу борада уламоларимиз қуйидагиларни айтадилар:

«Барча кўнгилхушлик қилиш ҳам ҳаром эмас. Фисқу фасод аралашган кўнгилхушлик қилиш ҳаромдир. Тўғри ният ила қилинган кўнгилхушлик қилишга шариатда рухсат берилгандир. Аёли билан кўнгилхушлик қилишга ўхшаш».

عَنِ ابْنِ سِيرِينَ: أَنَّ عُمَرَ t كَانَ إِذَا سَمِعَ صَوْتًا أَوْ دُفًّا قَالَ: مَا هَذَا؟ فَإِنْ قَالُوا عُرْسٌ أَوْ خِتَانٌ صَمَتَ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ.

Ибн Сийрийндан ривоят қилинади:

«Умар розияллоҳу анҳу қачон овоз ёки дуфф (доира)ни эшитса: «Бу нима?!» – дер эди. Агар «Келин тушди» ёки «Хатна», дейишса, индамас эди».

Байҳақий ривоят қилган.

Агар бу иш шариатда рухсати бор иш бўлмаганида, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу сукут сақламас эдилар.

«Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Исломда фарзандларнинг ҳуқуқлари қатъий риоя қилинган бўлиб, булар уларнинг отаоналари ёки яқин қариндошлари, яшаётган жамиятларига вазифа қилиб юклатилгандир. давоми...

21704 20:05 / 08.10.2019
Эридан талоқ билан ёки эри ўлиб ажралган аёл киши белгиланган идда муддати тугамасдан бошқа киши билан никоҳланиши дуруст эмас. Бирор аёлга уйланмоқчи бўлган давоми...

3016 09:04 / 08.02.2024
Эр зиммасидаги хотин учун вожиб нафақалар қуйидагиларТаом.Бунга озиқовқат, ичимлик ва таомга қўшиб ейиладиган сирка, ёғ ва шунга ўхшаш нарсалар ҳамда таом давоми...

9653 12:00 / 24.06.2019
Албатта, ҳар бир оилада эрхотин тинчтотув, аҳилиноқ равишда, бахт нашидасини суриб яшаши айни муддаодир. Бунинг учун ҳамма ҳаракат қилади. Аллоҳ таоло барчага ана давоми...

4792 11:00 / 13.05.2021
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021