1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Абу Толиб – Набий алайҳиссаломнинг ҳимоячиси

18:34 / 29.01.2020 3942 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай қийинчиликларга қарамай, одамларни Исломга даъват қилишда давом этавердилар. Амакилари Абу Толиб ҳам у зотни ҳимоя қилишда бардавом бўлди.

Иш жиддийлашиб кетгач, Қурайш бошлиқларидан бир гуруҳи Абу Толибнинг олдига келишди ва: «Эй Абу Толиб, укангнинг ўғли илоҳларимизни ҳақоратламоқда, динимизни айбламоқда, ақлимизни паст ва оталаримизни залолатга кетган, демоқда. Сен ўзинг уни тийиб ол ёки бизга қўйиб бер. Ахир сен ҳам бизнинг динимиз ва ақийдамиздасан-ку?!» дейишди.

Абу Толиб уларга мулойим гапириб, қайтариб юборди. Лекин мушриклар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга маҳкам ёпишиб олишди. У зотни ҳеч тинч қўйишмади. Бир-бирларини у зотга қарши қайрай бошлашди.

Бир муддат ўтиб, яна бир гуруҳ қурайшликлар Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг устларидан шикоят қилиб, Абу Толибнинг олдига келишди. Улар: «Эй Абу Толиб! Сен ичимизда ёши улуғимиз, шарафлийимиз ва мартабалигимизсан. Укангнинг ўғлини тийиб олишингни илтимос қилган эдик, қилмадинг. Аллоҳга қасамки, биз ота-боболаримизнинг ҳақоратланишига, ақлимизнинг паст дейилишига ва илоҳларимизнинг айбланишига бундан ортиқ сабр қила олмаймиз. Уни тийиб олмасанг, у билан ҳам, сен билан ҳам охиригача олишамиз. Икки томондан бири ҳалок бўлмагунича тек қўймаймиз», дейишди.

Бу гаплар Абу Толибга қаттиқ таъсир қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга одам юбориб, чақиртириб келди ва: «Эй жияним! Қавминг олдимга келиб, «шундай ва шундай» дейишди. Ўзингга ҳам, менга ҳам раҳм қил. Менга тоқатимдан ташқари ишни юклама», деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй амаки! Аллоҳга қасамки, агар шу ишни тарк қилишим учун қуёшни ўнг томонимга, ойни чап томонимга олиб келиб қўйсалар ҳам, Аллоҳ уни олий қилмагунича ёки шу йўлда ҳалок бўлмагунимча тарк қилмайман», дедилар.

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам шу гапларни айтиб туриб, йиғлаб юбордилар ва ўринларидан туриб чиқиб кета бошладилар. У зот кетаётганларида Абу Толиб: «Жияним, бу ёққа кел!» деб қолди.

У зот қайтиб келганларида Абу Толиб: «Эй жияним! Нимани хоҳласанг, гапиравер. Сени ҳеч қачон ҳеч кимга топшириб қўймайман», деди.

У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз ҳимоясида бўлишларига қатъий қарор қилди. Арабларнинг одатлари бўйича, уларнинг обрўлилари бировнинг ўз ҳимоясида эканини эълон қилса, бошқалари ўша ҳимоядаги одамга тега олмас эди. Шу одатга биноан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам учун Абу Толибнинг ҳимояси жуда қўл келди. У ўзи Исломни қабул қилмаган бўлса ҳам, Ислом пайғамбарини ҳимоя қилар эди.

«Ислом тарихи» биринчи китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Маълумки, Ислом тинчлик динидир. Исломнинг дастлабки босқичларида нозил бўлган Қуръони Карим оятларида урушга ишора қилувчи бирорта ҳам сўз йўқ. Шунингдек, Ислом давоми...

3030 16:19 / 08.08.2020
Ана шундай оғир бир пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан бошқа ерда ҳам Ислом даъватини қилиб кўриш ҳақида ўйлай бошладилар. Бу жой ўша пайтларда давоми...

7558 19:03 / 25.03.2020
ҲИНДИСТОННИНГ КИЧИК ПОДШОҲЛИКЛАРИ. XV аср охирларида Ҳиндистонда кўплаб мусулмон подшоҳликлари бўлиб, Деҳли султонлиги улар орасида энг қудратлиси эди. Деканда давоми...

4814 05:00 / 24.02.2017
Албатта, бўлиб ўтаётган бу гапсўзлар ўша вақтда худолик даъвосини қилган подшоҳга етиб борган бўлиши керак. Шунинг учун ҳам у Иброҳим алайҳиссаломни мунозарага давоми...

4424 14:00 / 02.02.2019
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021