1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Исломий ҳаммомлар ҳақиқий поклик ва саломатлик масканидир

12:09 / 02.02.2020 3872 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: إِنَّهَا سَتُفْتَحُ لَكُمْ أَرْضُ الْعَجَمِ، وَسَتَجِدُونَ فِيهَا بُيُوتًا يُقَالُ لَهَا الْحَمَّامَاتُ، فَلَا يَدْخُلَنَّهَا الرِّجَالُ إِلَّا بِالْأُزُرِ، وَامْنَعُوهَا النِّسَاءَ إِلَّا مَرِيضَةً أَوْ نُفَسَاءَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَابْنُ مَاجَهْ.

 

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Албатта, келажакда сиз учун ажам юртлари фатҳ қилинур. Ўша ерларда ҳаммомлар деб аталадиган уйларни кўрасизлар. Уларга эркаклар фақат изор изорлар билангина кирсинлар. Аёлларни улардан ман қилинглар. Магар бемор, нифосли бўлсалар, майли», дедилар». 

Абу Довуд ва Ибн Можалар ривоят қилганлар.

Бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келажакда бўладиган ишлардан хабар берганлар. Бу эса у зотнинг пайғамбарлик мўъжизаларидандир. Дарҳақиқат, ҳадисда айтилган башорат воқеликда содир бўлди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин саҳобаи киромлар ажам юртларини фатҳ қилдилар. Мазкур «ҳаммом» деб аталадиган уйларни ҳам кўрдилар. Улар ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васиятларини амалга оширдилар.

Тарихчиларнинг гувоҳлик беришларича, ўша пайтда ҳаммомлар жуда кам бўлган. Борлари ҳам, ҳукмдорларга хос бўлиб, аслида фисқу фужурнинг, ифлосликнинг уяси эди. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни ҳаммомга киришдан эҳтиёт бўлишга чақирганлар. Шариат ҳукмларига қаттиқ риоя қилиб, авратларини тўсган ҳолда киришни тайинлаганлар. Аёлларга эса фақат беморликда ва нифосдан покланиш каби тиббий мақсадлардагина рухсат берилган.

Мусулмонлар бу кўрсатмаларга амал қилиб, ҳаммомларни исломийлаштирдилар. Уларда ношаръий ишлар бўлмаслиги учун барча чораларни кўрдилар. Исломий ҳаммомлар ҳақиқий поклик ва саломатлик масканларига айланди. 

Бунга тарих шоҳид. Салбчилар Андалус (Испания) мусулмонларини аямай, бирма-бир тиғдан ўтказиб, уйларини хароб қилишганда ҳар бир уйда ҳаммом борлигини кўриб, «Бу нима экан?» деб ҳайрон бўлишган. Чунки у вақтларда овруполикларда ювиниш гуноҳ ҳисобланар эди. Мусулмонлар дунё маданиятининг етакчилари сифатида бу ишни ҳам қойиллатиб, ўрнига қўйган эдилар.

Мусулмон фуқаролар эса умумий ҳаммомларга тааллуқли ҳукмларни ҳамма учун қоида сифатида ишлаб чиққанлар. Бир неча минг йиллик тарихга эга бўлган бу ҳукмлар билан танишиб чиққан одам Ислом маданияти қай даражага етганлиги ҳақида тасаввур ҳосил қилиши мумкин. 

Ҳозиргача Исломий ҳаммомларнинг «турк ҳаммомлари» номи билан бутун дунёга машҳурлиги фикримизнинг далилидир. Келинг, қисқача бўлса ҳам, ана шу умумий ҳаммомлар ҳукми билан танишиб чиқайлик:

«Ҳаммомларнинг яхшиси ўзи баланд, суви чучук, ҳарорати мўътадил, хоналари ўртача ва биноси қадим бўлганидир. 

Эр кишилар учун ҳаммомга киришга рухсат. Уларга у ерда ҳалол бўлмаган нарсалардан кўзларини тийиш вожибдир. Шунингдек, ўз авратларини беркитмоқ ҳам вожибдир. Агар бировнинг авратини кўришдан, бировга авратини кўрсатишдан саломат бўлишига ишонмаса, ҳаммомга бормасин. Умумий ҳаммомларга иштон (лунги)сиз кириш ҳаромдир» ва ҳоказо.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
894. Хаббоб ибн Арат розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилдик. У зот Каъба соясида бурдаларини болиш қилиб ётган давоми...

4269 19:00 / 06.05.2023
711. Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Дуо ибодатдир,, дедилар. Сўнгра .Роббингиз .Менга дуо қилинг, давоми...

1442 19:00 / 18.07.2025
Йигирманчи суннатАбу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Сизлардан бирортангизнинг идишини ит яласа, ундаги нарсани давоми...

5066 19:00 / 20.06.2019
816. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитдим .Агар одамларнинг айбини давоми...

4038 19:00 / 30.12.2022
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар