1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Дунёда маъруфга аҳл бўлган охиратда ҳам маъруфга аҳл бўлади

05:00 / 02.03.2017 3341 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қобийса ибн Барма ал-Асадийдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдим. Бас, у зотнинг: 

«Бу дунёда маъруфга аҳл бўлганлар у дунёда ҳам аҳли маъруф бўладилар. Бу дунёда мункарга аҳл бўлганлар у дунёда ҳам аҳли мункар бўладилар», деганларини эшитдим». 

Шарҳ: Демак, шу дунёнинг ўзида ким кимлигини ажратиб олиш мумкин. Ким аҳли маъруф бўлиб, намоз ўқиб, рўза тутиб, ҳалол юриб, ҳалол туриб, яхшиликлар қилган бўлса, иншоаллоҳ, охиратда ҳам шундай бўлади. 

Бу дунёда бенамоз, ароқхўр, зинокор бўлиб юрган одам охиратда ҳам шундай бўлади. 

Одамларнинг ўзлари тўқиб олган ҳар хил қин-ғир фалсафалари, турли хил баҳоналари бир пул. Ҳар бир банда нима учун яратилган бўлса, ўшанга муяссар бўлади. Шу дунёдаги ҳаёт тарзи охиратда ҳам худди ўшандай бўлади. 

Одамларнинг у дунёда қандай бўлишларини бу дунёдаги ҳолатларидан билиб олиш мумкин.


Ҳармала ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади:

«У сафар қилиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, бир муддат турди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни таниб қолдилар. 

Ўз юртимга қайтганимда ўзимга ўзим: 

«Аллоҳга қасамки, яна Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига қайтаман, токи, илмим зиёда бўлсин», – дедим. Пиёда юриб, у зотнинг ҳузурларига бордим. Бориб, қаршиларида тик турдим ва: 

«Менга нима қилишни буюрасиз?» – дедим. 

«Эй Ҳармала! Маъруф қил. Мункардан четда бўл!» – дедилар. 

Мен қайтдим. Юкларимнинг олдига бордим. Сўнг яна қайтиб, у зотнинг ҳузурларига бориб, олдиларига яқинроқ туриб: 

«Ё Расулуллоҳ! Нима қилишимни амр қиласиз?» – дедим. 

«Эй Ҳармала! Маъруф қил. Мункардан четда бўл. Қулоғинг эшитганда ёқимли бўлган нарсага назар сол. Одамлар орқангдан сен ҳақингда нима дейишларини ёқтирсанг, ўша ишни қил. 

Ўзингга ёқмайдиган нарсаларга ҳам назар сол. Одамлар орқангдан сен ҳақингда нима дейишларини ёқтирмасанг, ўша ишни қилма», – дедилар. 

Ўйлаб кўрсам, мана шу икки насийҳат ҳеч нарсани қўймасдан ўз ичига олган экан». 

Шарҳ: Демак, бу дунёда яхшилик қилиб яшаш, ёмонликдан четда бўлиш жуда муҳим ишдир. Ҳармала розияллоҳу анҳу қандай яшаш кераклигини сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маъруф ишни қилишни, мункардан четда бўлишни насийҳат қилдилар. 

Буни жуда яхши англаб олишимиз керак. 

Маъруф – шариат буюрган, мақтаган нарсалардир. Бунга қўлимиздан келганича ихлос билан амал қилишимиз керак.

Мункар – шариат қайтарган, огоҳлантирган, оқибатидан қўрқитган нарсалардир. Бундан четда бўлиш лозим. 

Қайси банда бу дунёда маъруф ишни қилиб, мункардан четланиб юрса, яъни, яхшиликни қилиб, ёмонликдан четланиб юрса, иншоаллоҳ, муродига етади. 

Аллоҳ таоло барчамизни маъруф ишни қилиб, мункардан четланадиган бандаларидан қилсин.


Муътамирдан ривоят қилинади:

«Отамга Абу Усмоннинг Салмондан ривоят қилган: «Бу дунёда маъруф аҳлидан бўлган киши охиратда ҳам маъруф аҳлидан бўлғусидир» ҳадисини зикр қилдим.

«Мен буни Абу Усмондан эшитганман, у киши Салмондан деб айтган», – деди».

Бас, мен унинг худди шундай эканини билиб олдим ва ҳеч кимга айтмадим». 

Шарҳ: Бу дунёда яхшилик қилиб ўтган одам охиратда ҳам яхшиликда бўлади. Яхшилик мўмин-мусулмонлар учун шиор бўлиши керак.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Улар икки киши эдилар. Улардан бири дўстига ҳар тонгда .Менга ҳижрат қилишга рухсат беринг,, дер эди. Дўсти эса унга .Шошмай тур шояд Аллоҳ сенга бир йўлдош берса,, давоми...

2900 14:00 / 05.03.2022
Бахт ҳар бир инсон излайдиган орзудир. Файласуф ўткир фикри билан, содда киши оддий соддалиги билан, подшоҳлар гўзал, ҳашаматлик қасридан, камбағаллар эса давоми...

9985 05:00 / 04.03.2017
Лекин баъзи кишилар зоҳирда золимларга ҳеч нарса бўлмай, ўйнабкулиб юрганларини кўрганда турли хаёлларга бориши мумкин. Баъзилар, фалончилар шунча золимлик давоми...

5409 05:00 / 02.03.2017
Абдуллоҳ ибн Хубайбал Жуҳаний отасидан, у амакисидан ривоят қилади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ҳузурига ғусл аломати бор ҳолда шодон давоми...

4782 05:00 / 03.03.2017
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021