1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Болага жисмоний тарбия бериш (иккинчи мақола)

10:44 / 05.05.2020 2194 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Абу Довуд Муҳаммад ибн Али ибн Руконадан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Рукона Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кураш тушди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни йиқитдилар».

Уламоларимиз ушбу кураш мусобақаси ҳақидаги ҳадиси шарифнинг ўзига хос қиссасини ҳам ривоят қиладилар.

Имом Абу Довуднинг ривоятида бу қисса қуйидагича баён этилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Батҳода эдилар. У зотнинг ҳузурларига Рукона ибн Язийд қўй-эчкиларини ҳайдаб келди ва:

«Эй Муҳаммад, мен билан курашга тушасанми?!»– деди.

«Совринга нима қўясан?» – дедилар.

«Қўйларимдан бирини», – деди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у билан курашга тушдилар ва уни йиқитдилар. Кейин эса қўйни олдилар. Рукона:

«Яна қайта тушасанми?» – деди. Бу ҳол бир неча марта такрорланди. Охири у:

«Эй Муҳаммад! Аллоҳга қасамки, ҳеч ким ёнимни ерга теккиза олмаган эди. Мени йиқитган сен эмассан!» – деди-да, Исломга кирди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қўйларини қайтариб бердилар».

Бундан мусулмон кишининг мусулмон бўлмаган киши билан ҳам мусобақа ўтказиши мумкинлиги аён бўлади. Шунингдек, спорт орқали яхшиликларни тарқатиш, кишиларни Исломга киритиш ҳам мумкинлиги тасдиқланади. Яна, Руконага ўхшаб, баъзи ҳовлиққанлар бўлса, попугини пасайтириб қўйиш ҳам мумкин бўлади. Бунинг учун эса мусулмонлар доимий равишда бадантарбия билан шуғулланиб, соғ-саломат ҳолда тайёргарлик кўриб юришлари лозим бўлади.

Бошқа ривоятларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларни кураштириб, мусобақалар ўтказишга ўзлари бош бўлганлари ҳам айтилади. Уҳуд ва бошқа баъзи урушлар бошланишидан олдин ўспирин мусулмон йигитлар келиб, ўзларининг аскарликка қабул қилинишларни талаб қилганлар. Ўшанда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни кураштириб, ғолиб келганларни қабул қилганлар.

Имом Бухорий ва имом Муслимлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда:

«Ҳабашийлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида «ҳироб» ўйнашаётган эди. Умар кириб қолди-да, эгилиб тош олиб, уларга ота бошлади. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Умар, тек қўй уларни!» – дедилар».

«Ҳироб» – қурол ушлаб, чапдастлик намуналарини кўрсатадиган ҳарбий спорт ўйини. Мазкур ҳабашийларнинг бу ўйини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида бўлган. Бу ҳол ҳам бадантарбияга аҳамият беришнинг бир намунасидир.

Имом Бухорий ва имом Аҳмад Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бозорда камон отиш мусобақаси ўтказаётган асламлик кишилар ҳузуридан ўтиб қолдилар ва:

«Эй Бану Исмоил! Отинглар! Отангиз мерган эди. Отинглар! Мен Бану Фулон биланман!» – дедилар. Шунда тарафлардан бири қўлларини тийдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларга нима бўлди? Отмай қўйдинглар?» – дедилар. Улар:

«Сиз улар билан бўлсангиз, қандай қилиб ҳам отар эдик?!» – дейишди. Шунда у зот:

«Отинглар! Мен ҳаммангиз биланман!» – дедилар».

«Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Охирги пайтларда умр йўлдошини танлаш пайтида тиббий кўрикдан ўтиш масаласи ҳам ўртага чиқди. Тажрибада никоҳдан, тўйдан кейин келинкуёвдан бирида турли юқумли давоми...

2576 14:41 / 16.12.2024
islom.uz middot 68 ndash Фарзанд доимо отаонага ширин сўзларни айтиши вожибдир 5Илло, қози қарз олишга изн берса, соқит бўлмайди.Нафақа берувчи ғойиб бўлгани учун қози унинг давоми...

2738 11:04 / 01.09.2020
Жимоъ mdash Жинсий алоқа. Жимоъ инсонлар, ҳайвонлар, қушлар, парандалар ва ҳатто ҳашаротларнинг туғма қобилиятидир. Яъни, жимоъ қила олиш кўникмаси бу mdash барча жонли давоми...

3366 09:03 / 14.09.2023
2. Истиғфор айтиш.Аллоҳ таолодан отаонасининг гуноҳини кечишини сўраб, истиғфор айтиш. Фарзанд ўтиб кетган отаонасига Аллоҳ таолодан мағфират сўраб турса, уларга давоми...

4596 11:00 / 05.12.2020
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021