1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Рўзани бузмайдиган нарсалар

19:02 / 11.05.2020 2732 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Агар рўзадор беихтиёр қайт қилиб юборса, рўзаси эсидан чиқиб, оғзини очиб юборса ёки эҳтилом бўлса, шаҳват билан қарагани учун манийси тўкилса, томоғига чанг, тутун ёки пашша кирса, рўзаси бузилмайди, қазосини тутмайди.

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарса рўзани очмайди: қон олдириш, қайт қилиш ва эҳтилом бўлиш», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Бошқа жинсдаги шахсга шаҳват назари билан қараб туриб манийси тўкилган кишининг рўзаси очилмаслиги бу ишда жинсий яқинликнинг сурати ҳам, маъноси ҳам йўқлиги учундир. Томоғига чанг, тутун ёки пашша кирганда рўза очилмаслиги эса бу нарсалардан сақланишнинг иложи йўқлиги учундир.

Агар тиш орасига кириб қолган нўхатдан кичикроқ нарса ютиб юборилса, рўза бузилмайди. Аммо ўша нарсани оғзидан чиқариб туриб, кейин еса, рўза бузилади, чунки оғизнинг ичида, тишларнинг орасида озгина таом қолиши мумкин. Бундай оз нарса тупукнинг ҳукмида бўлади. Аммо нўхат донасидек ёки ундан катта бўлса, рўзадор одам уни емаслиги, ютмаслиги керак.

Кичик нарсани, масалан, бир дона кунжутни чайнаб еса ҳам рўза очилмайди, чунки у чайнаганда майдаланиб, тишларига ёпишиб қолади ва қоринга ҳеч нарса етиб бормайди. Аммо ўша кунжутни бутунича ютиб юборса, рўза очилади.

Қайт қилганда қусуқ кўп бўлса ва ичга қайтариб юборилса, рўзани бузади. Бу имом Абу Юсуфнинг гаплари. Аммо имом Муҳаммад бузмайди деганлар ва бу гап амал учун қабул қилинган. Қорни тўйиб кетганидан еган нарсаси оғзига келиб, ўзи қайтиб кетса, рўза бузилмайди.

Одам ўзини мажбур қилиб қайт қилса, рўзаси очилади, чунки бунда рўзадорнинг ўз амали бор.

«Мўминнинг қалқони» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Закариё Абдий Иброҳим Нахаий ҳақида шундай дейди У бетоб бўлиб қолгач, йиғлади. Ундан Эй Абу Имрон, нега йиғлаяпсанrdquo деб сўрашди. У Қандай қилиб йиғламай, ахир давоми...

3682 12:01 / 19.11.2018
Валид ибн Муслим айтади .Дўстларимнинг бири сўзлаб берди .Иброҳим ибн Адҳамнинг олдига бориб, унга салом бердик. У бошини кўтариб, .Аллоҳим, биздан нафратланма, давоми...

1699 08:31 / 12.05.2020
Муҳаммад ибн Абулфараж айтади .Рамазон ойида менга таом тайёрлайдиган хизматкор керак бўлиб қолди. Бозорда ранги сўлғин, озғин ва нимжон бир жорияни кўрдим. Унга давоми...

3158 08:30 / 13.12.2020
Дуо ибодат турларидан бири бўлиб, у инсон билан Аллоҳнинг орасини боғлайди. Дуо инсон руҳига қўшиб яратилган нарса бўлиб, қийинчилик вақтида, бошга мусибат давоми...

4132 07:09 / 05.11.2018
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021