1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Риёдан қочишни йўлга қўйиш

19:30 / 05.07.2020 3061 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Ўзининг каломида шундай марҳамат қилади:

«Садақаларни ошкор қилсангиз, бу қандай ҳам яхши! Агар уларни махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир. Сиздан ёмонликларингизни кетказадир. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ўта хабардордир». (Бақара сураси, 271-оят).

Ушбу ояти каримада садақани ошкора қилиш ҳам, махфий қилиш ҳам мақталмоқда. Бу ҳақдаги бошқа оят ва шаръий далилларни жамлаб, ўрганиб чиққан уламоларимиз хулоса қилиб айтадиларки, «Садақа фарз бўлса, уни ошкора қилиш яхши, чунки бу ҳолда Аллоҳнинг амрига итоат ошкора кўринади ва мазкур садақадан унга ҳақдор бўлмаган кишиларга ҳам тушиб қолиши мумкинлигининг олди олинади. Агар садақа ихтиёрий бўлса, у махфий қилингани яхши. Риёдан ва манманликдан узоқда бўлинади». Ояти каримада:

«Садақаларни ошкора қилсангиз, бу қандай ҳам яхши!» – дейилганида фарз садақалар кўзда тутилган.

«Агар уларни махфий қилсангиз…» дейилганида ихтиёрий садақалар кўзда тутилган.

«... ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир».

Яъни, садақанинг энг ҳақдори камбағал-фақир кишилардир. Исломда садақанинг жорий қилиниши ҳам ўша тоифанинг ҳимояси ва ёрдами учун бўлган.

Садақа қилиш хоҳ ошкора бўлсин, хоҳ махфий бўлсин, доимо ўз эгасига фойда келтиради, унинг гуноҳлари ювилишига сабаб бўлади:

«Сиздан ёмонликларингизни кетказадир».

Бу ваъда ўз навбатида кишиларнинг қалбини ларзага солади, улардаги тақво ҳиссини зиёда қилади.

«Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ўта хабардордир».

Ҳар бир амалингизга ўзига яраша мукофот ёки жазо беради.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ушбу ояти кариманинг тафсирида қилинган ривоятда у киши айтадиларки:

«Аллоҳ таоло ихтиёрий садақада махфийликни жорий қилган. Бу борада махфийси ошкорасидан етмиш марта кўп савобга эга бўлади. Фарз садақанинг ошкорасини махфийсидан йигирма беш марта афзал қилган».

Маълумки, инсон ўзи топган мол-мулкидан ўз ихтиёри билан бошқа кишиларга садақа қилиши осон эмас. Бунинг учун доимий равишда тарғибот олиб бориб, одамлар қалбидаги бахиллик, молга бўлган ҳирс туйғуларини йўқотиш керак бўлади. Иккинчидан, сахийлик даражасига етганларида риёкорликни йўқотиш учун ҳаракат қилмоқ лозим бўлади. Ҳаётий тажрибада ҳам мол сарфлашни йўлга қўйишдан кўра, риёдан қочишни йўлга қўйиш қийин экани кўрилган. Кишиларда қилган садақасини, яхшилигини одамлар билишини хоҳлаш табиати кучлидир.

«Тафсири Ҳилол» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қиладиганлар буни ўзларига яхшилик деб давоми...

4671 16:00 / 01.03.2023
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади Бақара Ичган қасамларингиз сабабли яхшилик қилиш, тақво қилиш ва одамлар орасини ислоҳ этишингизга давоми...

2874 11:06 / 30.01.2020
Аллоҳ таоло Сажда сурасида шундай марҳамат қилади .Сўнгра уни ростлади ва унинг ичига Ўз руҳидан пуфлади, сизларга қулоқ, кўзлар ва диллар пайдо қилди. давоми...

4338 11:59 / 27.12.2018
.Эй иймон келтирганлар Албатта, хамр, қимор, бутлар ва фол очар чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, зафар топсангиз, Моида давоми...

1535 19:00 / 20.04.2025
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021