1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

99-боб. Қулга ёки ходимга берилган нафақа садақадир

11:00 / 27.10.2020 1753 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Миқдоддан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ўзинг учун ишлаб топган таоминг садақадир. Болангга, аёлингга ёки ходимингга едирган таоминг ҳам садақадир», деганларини эшитдим».

Шарҳ: Чунки Аллоҳ таоло ҳалолга буюрган. Ушбу буйруқни адо этиш ниятида топилган молга савоб берилади. Шундай экан, инсоннинг ҳалол йўл билан топилган таомдан ўзига ишлатгани, аҳлига ёки ходимига бергани садақа ҳисобида бўлади. Яъни аслида инсоннинг зиммасидаги вазифаси бўлган бу ишларга ҳам савоб берилар экан. Бу худди намоз ўқиш вазифамиз бўлса-да, уни ўқиганимиз учун Аллоҳ таоло савоб бергани кабидир.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Садақанинг афзали етарлиси қолдирилганидир. Юқори қўл қуйи қўлдан яхшидир. Ва қарамоғингдагилардан бошла. Хотининг: «Менга нафақа бер ёки талоқ қил», дейди. Мамлукинг: «Менга нафақа бер ёки озод қил», дейди». Боланг: «Мени кимга ташлаб қўясан?» дейди».

Шарҳ: Шунинг учун мўмин-мусулмон садақа олувчи бўлиб қолмасликка, садақа берувчи бўлишга ҳаракат қилиши керак. Ҳадисда берувчи қўл олувчи қўлдан юқори қўйиляпти. Бу, садақа берувчи садақа олувчидан яхшироқ, деганидир.

Мўмин-мусулмон одам ушбу ҳадисга амал қилиши учун етарли маблағга эга бўлиши, иқтисодий жиҳатдан садақа бериб юрадиган даражага етишга интилиши, тадбиркор бўлиши керак.

Садақа беришни кимдан бошлаш керак? Аввало киши ўзига, яъни ўз оиласига, аҳли-аёлига, қўл остидагиларга садақа бериши керак. Баъзиларга ўхшаб ўз оиласининг ризқини қийиб, хўжакўрсин учун, фалончи фалонча ош дамлабди, деганга ўхшаган гаплар учун бировларга садақа бериш яхши бўлмайди.

Инсон аввал ўзига тегишлиларни таъминлаб қўйиши керак. Масалан, оилада аёл ўз нафақасини талаб қилиб туради. Худди шунингдек, фарзандлар ҳам, қуллар ҳам ўз таъминотини талаб қилар экан.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам садақа беришга буюрдилар. Шунда бир одам:

«Менинг бир динорим бор», деди.

«Уни ўзингга сарфла», дедилар.

«Менда яна бир динор бор», деди.

«Уни аёлингга сарфла», дедилар.

«Яна бошқаси бор», деди.

«Уни ходимингга сарф қил. Ундан кейин ўзинг биласан», дедилар».

Шарҳ: Демак, одам аввал ўзини, кейин оиласини, қўл остидагиларни таъминлаши керак. Шундан кейингина ўз ихтиёрига қарайди. Ўз эҳтиёжидан ортган молдан қилинадиган садақани кимга ва қанча бериш ҳақида бошқа ҳадиси шарифларда сўз юритилган.

«Одоблар хазинаси» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга етти нафар Аршнинг соясидан жой оладиган тоифа ҳақида гапирдилар. Улар орасида яширин садақа давоми...

3783 09:00 / 06.08.2021
. ,. Саъид ибн Жубайрдан ривоят қилинади .У зот азза ва жалланинг .Аллоҳ ичингиздаги нарсани билувчи. Агар солиҳ бўлсангиз,, ndash деган қавли давоми...

3533 09:25 / 29.01.2025
111. Ибн Умардан ривоят қилинади.Бошимизга шундай замон ёки пайтлар келдики, бир одамнинг бир динори ёки дирҳами бўлса, ўшанга унинг мусулмон биродаридан кўра давоми...

3468 09:10 / 20.09.2019
Отангиз сафар қилмоқчи бўлса, унга қайтгунича ишлатиши мумкин бўлган зарур нарсаларни олиб келинг. Иложи борича, юкларини ихчам қилиб жойлаштириб беринг ва уни давоми...

1356 18:21 / 22.06.2025
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021