1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилавий нафақалари

15:01 / 30.10.2020 2115 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам амакилари Абу Толибга оғирликлари тушмаслиги учун ёшликларида қўй боқар эдилар. Хадича онамизга уйланишларидан олдин ва уйлангач, тижорат билан шуғулланиб, оилаларини нафақа билан таъминлар эдилар.

Пайғамбарлик келгач, тижоратни тўхтатиб, рисолатни етказиш, инсонларни ҳидоятга бошлаш учун даъват ишлари билан банд бўлдилар. Хадича онамизнинг тижорат молларидан келадиган даромад рўзғор тебратиш ва бошқа ҳожатларни қоплаш учун ишлатилар эди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон кимгадир боқиманда бўлиб ёки бировдан тама қилиб яшамаганлар. У зот саҳобаларни ҳам бундай разил ишдан қайтарар эдилар ва: «Ҳеч ким қўл меҳнати билан топиб еганидан яхши таом еган эмас. Аллоҳнинг набийси Довуд соллаллоҳу алайҳи васаллам қўл меҳнати билан кун кўрар эди», дер эдилар (Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида: «Мен сизларнинг ораларингизда аҳли аёлига яхшилик қиладиганларнинг энг афзалиман» деганларини кўпчилигимиз биламиз. Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар томонлама, яъни оилаларига эътибор бериш, уларни илм-маърифатли қилиш, уларга кўмаклашиш ва нафақа бериш, шунингдек, эркак зиммасидаги барча масъулиятларни чиройли адо қилишда умматларига намуна бўлганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам оналаримизга нафақа қилишда гоҳида баъзи нарсаларни сотар ёки сотиб олар эдилар ва ўша савдонинг пулидан тушган фойдадан аҳлларига нафақа қилардилар.

Бундан ташқари, у зотнинг оналаримизни нафақа билан таъминлаш учун Хайбарда ажратиб қўйган ерлари бор эди. Ўша ердан тушган даромадни оналаримизга нафақа қилиб берардилар. Шунингдек, ғазотларда тушган ўлжадан ўзларига тегишли улушдан ҳам аёлларига нафақа ажратар эдилар.

Лекин шундай бўлишига қарамай, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хонадонлари ҳеч қачон ноз-неъматлар билан тўлиб кетмаган. Гоҳида икки ойлаб сув ва хурмодан бошқа ҳеч вақо топилмаган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам закот ва садақаларни олмас эдилар. Ҳадяларни эса қабул қилар ва уларни Мадинадаги муҳтож оилаларга, гоҳида эса бир қисмини оналаримизга тақсимлаб берар эдилар.

Хулоса қилиб айтганда, суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам барча соҳада намуна бўлганларидек, ҳалол меҳнат билан топилган пулдан оилаларига нафақа қилиш борасида ҳам умматларига ибрат ва намуна эдилар.

Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси Абдулазим Зиёуддин

«Ҳилол» журналининг 10(19) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Яҳё ибн Абу Касирдан ривоят қилинади .Умар ибн Абдулазизнинг ўлим соати келгач, у йиғлади. .Нимага йиғлаяпсиз, эй мўминларнинг амири Сиз туфайли Аллоҳ кўп давоми...

2091 08:02 / 15.04.2020
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Аллоҳ таолонинг .Устида Аллоҳнинг исми зикр қилинган нарсадан енг, ва .Устида Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган давоми...

3547 09:20 / 07.08.2019
Ҳа, тожирлик ҳам шариат кўрсатган йўл билан амалга оширилса, ибодат бўлади. Чунки тожирлар тижоратлари орқали ўзларига фойда топишдан ташқари, жамият ривожи ва давоми...

3332 14:00 / 04.07.2019
АҚШнинг Мичиган штатида ўтказилган тадқиқотдан шу нарса маълум бўлдики, 95 фоиз одам қўлларини жуда кам ҳоллардагина ювар, ўшанда ҳам нотўғри кўринишда ювар давоми...

4729 18:10 / 22.02.2019
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021