1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Қуш ризқлангани каби...

17:00 / 02.01.2021 3375 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик даврларида ҳаж қилдилар. У зот ҳаж мавсумида зод-роҳиласиз ҳажга келган бир қанча кишиларни кўриб қолдилар. Улар кишилардан у-бу нарса тилаб юрган эди. Умар розиёллоҳу анҳу улардан:

-Сизлар кимсизлар?-дея сўрадилар.

Улар:

-Биз таваккул қилувчилармиз, дейишди.

Умар розияллоҳу анҳу уларга:

-Сизлар ялқовларсиз. Таваккул қилувчи олдин ерга уруғни қадаб сўнгра Аллоҳга таваккул қилади, -дедилар.

Кўп инсонлар Аллоҳга таваккул қилишни нотўғри фаҳмлашади. Таваккулни сабабларини тарк қилиш деб ўйлашади. Булар уни ё унутишади ёки ўзларини унутганга солишади. Сабаблар Аллоҳнинг қадарида воқе бўладиган ишлардир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу борлиқда биз риоя қилишимиз лозим бўлган қонунларни жорий қилган. Инсон қодир бўлганича бу қонунларга риоя қилиши лозим. Ана шундан сўнггина ишончини Аллоҳга боғлайди. Аллоҳ изн бермаса бу сабаблар зарар ҳам фойда ҳам бера олмаслигига эътиқод қилади.

Ҳа! Аллоҳ шифо берувчидир. Аммо шифокорга бормаслик ва даволаниш чорасини кўрмаслик аҳмоқликдир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам энг Аллоҳга ишончи мустаҳкам инсон эдилар. Аммо бунга муқобил ўлароқ, у зот сабабларни ҳам энг қаттиқ тутувчи инсон эдилар.

Мадинага ҳижрат қилганларида йўл кўрсатувчи қидирдилар. «Мен пайғамбарман. Аллоҳ менга йўл кўрсатиб боради», демадилар.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам умрлар Аллоҳнинг қўлида эканлигига иймон келтирган бўлсаларда, Уҳуд жангида икки қават совут кийдилар. «Аллоҳ мени сақлайди», демадилар. Бизга сабабларни тутиш маданиятини таълим бердилар.

Агар бирор-бир ғазотга чиқмоқчи бўлсалар уни яширин тутар эдилар. Қайси йўлдан боришларини яширар эдилар. Аслида ғалаба Аллоҳники эканлигига иймон келтирган эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сиз Аллоҳга таваккули ҳаққича таваккул қилганингизда эди худди қушларни ризқлантиргани каби ризқлантирар эди. Улар қоринлари бўш ҳолда кетиб, қоринлари тўлиб қайтишади», дейишлари билан фақатгина ёлғиз Аллоҳнинг ўзи бизларни тирилтиришини, ўлдиришини, ризқ беришини, шифо беришини таълим бермоқчи бўлар эдилар. Аммо бунинг муқобилида бу дунёнинг сабаблар дунёси эканлигини бизга сингдирар эдилар. Қушларнинг ризқ талабида бўш қорин билан учиб чиқиши айнан сабабдир. Қушлар инларида ризқини кутиб ўтиришмайди. Очлигини қоплаш учун дон қидиради. Аммо улар ҳам Аллоҳ тақсим қилган ризқни олишади холос.

Баъзи инсонлар сабабларсиз мўъжизалар кутишади. Улар сенга Мусо алайҳис саломнинг асолари қандай қилиб денгизни иккига бўлганини гапиришади. Юнус алайҳиссаломни кит ютган бўлсада у зотга ҳеч нарса қилмаганини гапиришади. Иброҳим алайҳиссаломни оловга улоқтиришганда олов у зотни куйдирмаганини эслатишади. Улар билишмайдики, мўъжизалар Аллоҳ бу борлиқдаги қонунларни бузиш учун пайғамбарларга берилган одатдан ташқари ишлардир. Сабаблар Аллоҳга ўтмайди, бандаларига ўтади.

Агар ҳозирда биз асомиз билан денгизни иккига бўлмоқчи бўлсак кишилар бизни аниқ жинни дейишади. Агар ўзимизни оловга отсак куйиб ўламиз.

Сабабларни олмасдан, фақатгина уларга ишонишдан ёмон иш йўқ дунёда!

Абдулқодир Полвонов

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Акса урганга жавоб қайтариш.Бу ҳам мусулмоннинг устидаги ҳаққи бўлиб, акса урган киши алҳамдулиллаҳrdquo деган тақдирда, унга жавобан ярҳамукаллоҳrdquo дейиш билан давоми...

1078 13:31 / 29.09.2025
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишини мусулмонларнинг бир ишига бош қилиб қўйдилар. Шунда ансорлардан бири туриб дедиndash Эй Аллоҳнинг расули давоми...

3487 09:09 / 25.01.2024
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади.Ҳар бир жон ўлимни тотувчидир. Сизларни ёмонлик ва яхшилик ила имтиҳон учун синаймиз ҳамда Бизгагина давоми...

2736 11:00 / 16.06.2020
. ,. . Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Халифаларингиздан бири молни сочади, ҳисобламайди,, давоми...

3726 13:42 / 20.10.2024