1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Камончилар қўмондони

11:00 / 28.01.2021 3721 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

مِّنَ الْمُؤْمِنِينَ رِجَالٌ صَدَقُوا مَا عَاهَدُوا اللَّهَ عَلَيْهِ ۖ فَمِنْهُم مَّن قَضَىٰ نَحْبَهُ وَمِنْهُم مَّن يَنتَظِرُ ۖ وَمَا بَدَّلُوا تَبْدِيلًا

«Мўминлардан Аллоҳга берган ваъдаларига содиқ қолган кишилар бордир. Бас, улардан назрига вафо қилгани бор. Улардан интизор бўлиб турганлари бор. Улар бирор нарсани алмаштирмадилар» (Аҳзоб сураси, 23-оят).

Содиқ саҳобаи киромлар уруш пайтларида орқага чекинмасликка, майдондан қочиб кетмасликка, балки ўз жойида, душман қаршисида собит туришга ваъда берган эдилар. Улар ана шу ваъдаларига содиқ қолдилар. Шунингдек, улардан кейин келган тобеинлар, табаъа тобеинлар, солиҳ мўминлар Ислом учун жонларини бериш, бу йўлда молу жонларини фидо қилиш борасидаги аҳдларига содиқ қолиб, ўша аҳдларига вафо қилдилар.

Аҳдига содиқ қолган инсонлардан бири Абдуллоҳ ибн Жубайр розияллоҳу анҳудир.

Абдуллоҳ ибн Жубайр розияллоҳу анҳу Бану Саълаба ибн Амр ибн Авф ибн Авс уруғидан бўлиб, етмиш нафар саҳобалар билан Ақоба байъатида, Бадр ғазотида ва Уҳуд ғазотида қатнашганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд ғазотида у кишини Айнайн тоғидаги 50 нафар камончиларга амир этиб тайинладилар. Бугунги кунда бу тоғ «Жабалур румот» (Камончилар тоғи) деб аталади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга «Жойингизда туринглар! Орқа қанотимизни ҳимоя қилинглар! Агар бизнинг ўлжа олаётганимизни кўрсангиз ҳам, бизга шерик бўлманглар. Агар бизнинг ўлдирилаётганимизни кўрсангиз ҳам, бизга ёрдам берманглар. Жасадимизни қуш еяётганини кўрсангиз ҳам, (жойингиздан жилманглар!)» дедилар.

Аммо улар жангнинг бошида мусулмонлар ғалаба қозонганларини кўрганларида, баъзи камончилар баъзиларига «Бу ерда туриб нима қиласизлар? Аллоҳ душманни мағлуб этди. Биродарларингиз билан бирга ўлжалардан олинглар» дейишди. Сўнг ўз жойларини тарк этдилар ва ўлжа йиғиш учун пастга тушдилар. Ибн Жубайр розияллоҳу анҳу уларни қайтаришга уриндилар, уларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларини эслатдилар. Лекин улар тоғда қолишдан бош тортдилар.

Тоғда ўнтага етмаган саҳобалар қолишди. У пайтларда ҳали Исломни қабул қилмаган Холид ибн Валид тоғ устида озчилик қолганини кўриб, отини улар тарафга йўналтирди. Ортидан ҳали Исломни қабул қилмаган Икрима ибн Абу Жаҳл эргашди. Тоғ устида турган саҳобалар ўзлари томон келаётганларга камондан ўқ узишди. Абдуллоҳ ибн Жубайр розияллоҳу анҳу уларга ўқ отдилар, ҳатто ўқлари тугади. Найзалари билан қаршилик кўрсатдилар, ҳатто найза ҳам синди. Сўнг қилич билан жанг қилдилар, охири у кишини ва тоғдаги барча саҳобаларни шаҳид этишди.

Аввало Аллоҳ таолонинг қазо ва қадари, қолаверса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларига итоатсизлик сабаб ғалаба мағлубиятга айланиб, кўп қурбонлар беришга сабаб бўлди.

«Аллоҳнинг арслони» лақабини олган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Ҳамза розияллоҳу анҳу, Ислом элчиси, Мадинадаги Авс ва Хазраж қабилаларининг мусулмон бўлишларига сабаб бўлган даъватчи Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу ва кўплаб саҳобалар шу жангда шаҳид бўлдилар.

Аллоҳ таоло барча содиқ саҳобалардан рози бўлсин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Мавзуга оид мақолалар
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИСАҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳаларМЎМИНЛАР АМИРИГА БАЙЪАТ17қисм Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

5535 21:49 / 20.04.2017
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИСАҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳалар.Сафарнинг оғир йўллари,7қисмПайғамбаримиз алайҳиссалом ва Абу Бакр давоми...

6261 16:33 / 21.04.2017
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бутун имкониятларини ишга солиб, ҳамиша Аллоҳ таолонинг розилигини топиш пайида яшадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи давоми...

1668 14:51 / 18.11.2025
Инсоният ичидаги энг гўзал ўрнак сифатида саҳобаларнинг энг буюги, умматнинг энг қадрлиси Абу Бакр розияллоҳу анҳуни кўришимиз мумкин. У буюклик билан бошлади, давоми...

1653 11:46 / 24.04.2025
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021