1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Исро ва Меърож мўъжизаси (биринчи мақола)

13:30 / 07.02.2024 5633 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини яхши билиш ва ўрганиш барча мўмин-мусулмонларга лозим амаллардан биридир. Зеро у зоти бобаракотнинг кенг қиррали ҳаёт тарзлари, Ислом даъвати йўлидаги жиддий саъй-ҳаракатлари ва бу йўлда тортган азобу-уқубатлари, ранжу аламлари, доимо Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлишлари барча мусулмонларга ўрнак ва юксак ахлоқ намунасидир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳижратларидан бир оз вақт муқаддам ташқи ғанимлардан ҳимоя қилган амакилари Абу Толиб вафот этди, сўнгра ички дунёларининг суянчиғи ва барча фарзандларининг волидаси Ҳазрати Хадича онамиздан айрилиб қолдилар. Бу ҳам етмагандек Макка мушрикларининг жафолари ниҳоят даражада кучайиб, ҳатто Тоиф шаҳридаги айрим нодонлар Расулуллоҳнинг даъватларини қабул қилиш ўрнига, адоват йўлини тутиб, қаттиқ руҳий ва жисмоний азоб бердилар. Аммо Набий алайҳиссалом оғир ва аянчли лаҳзаларда ҳам ўзларига қарши кишиларга ҳидоят сўраб дуо қилдилар. Аллоҳ таоло ўзининг ҳабиби Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга тасалли бериш ва мусибатларга сабр қилганликлари учун Илоҳий мукофот – Исро ва Меърож мўъжизаси билан тақдирлади.

Биз умматлар энг аввало Исро ва Меърож нима эканини тўла тушуниб олмоғимиз лозим. Шунингдек, беш вақт намоз Исро кечаси Меърожда фарз қилинганига барча уламолар якдилдирлар.

«Исро» сўзи, луғатда «кечанинг бир қисмида сайр қилиш, юриш»ни англатади.

Шариатда эса Аллоҳ таолонинг кечалардан бирида Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Масжидул Ҳаромдан Масжидул Ақсога сайр қилдиришига айтилади. Яна шуни ҳам таъкидлаб айтиш лозимки, Исро ҳодисаси туш эмас, руҳий сафар ҳам эмас, балки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам жасадлари, ҳам руҳлари ила қилган сафарларидир. Агар туш ёки руҳий сафар бўладиган бўлса, бу воқеанинг мўъжизалиги қолмас эди. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кечаси Масжидул Ҳаромдан Масжидул Ақсога сайр қилдиришдан мурод, Аллоҳ таоло у зотга оят-мўъжизаларни кўрсатишдир. Дарҳақиқат, бу ҳодиса асносида, хусусан, Меърожда Аллоҳ таоло Ўз бандаси ва Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга кўпдан-кўп мўъжизаларни кўрсатди. 

Аллоҳ таоло ким нима деганини эшитувчи, ким нима қилганини кўриб-билиб тургувчи Зотдир. 

Муҳаддислар ривоят қилишларича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Хуфтон намозидан сўнг Умму Ҳониъ бинти Абу Толибнинг уйида ухлаб ётганларида, Исро ҳодисаси бошланди. Ўша кечаси Байтул Мақдисга Буроқ номли ҳайвонга миниб бордилар. Сўнгра у ердаги катта харсанг тош устида турганларида Меърожга кўтарилдилар. Ҳозирда ўша тош устига қубба – гумбаз қурилган, думалоқ бино шаклидаги суратлари бутун дунёга тарқатилган. Кўпчилик билмасдан, уни Масжидул Ақсо деб тушунадилар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга исро қилдирилган тунда у зотга юганланган, эгарланган Буроқ келтирилди. У типирчилаб берди. Шунда Жаброил унга:

«Муҳаммадга шундай қиласанми?! Сенга Аллоҳ учун ундан кўра мукаррамроқ бўлган одам минмаган-ку!» деди. 

Уялганидан уни тер босди». 

Изоҳ: Буроқ – Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Исро кечаси минган уловнинг номи. Унинг номи «барқ» – чақмоқ сўзидан олинган ва жуда тез юрганлиги учун шу ном билан аталган.

Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Байтул Мақдисга етганимизда Жаброил қўли билан ишора қилиб, тошни ёрди ва унга Буроқни боғлади», дедилар». 

Иккисини Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Мазкур тош Байтул Мақдиснинг харсанги эди. Буроқ ўша тошга боғланганича турди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам меърождан тушиб, уни миниб, Маккага етиб бордилар. 

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қурайш мени Исро ҳақида ёлғончи қилганида ҳижрда (Каъбанинг ёнидаги бўшлиқда) турдим. Аллоҳ менга Байтул Мақдисни кўрсатди. Мен унга назар солиб туриб, уларга унинг белгиларини айтиб бердим», дедилар». 

Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар. 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам умрларида ҳеч Байтул Мақдисни кўрмаган эдилар. Исрода кўрганларининг эртасига кофирлар у зотни ёлғончи қилиб, Исрога борганларига ишонмаганлар. Шунда Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам Байтул Мақдиснинг белгиларини васф қилиб берганлар ва бу Исро ҳақидаги даъволарига далил бўлган. 

(Давоми бор)

Манбалар асосида Хуршид Маъруф тайёрлади

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Омир ибн Робийъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рўзадор ҳолларида мисвок қилаётганларини санаб, саноғига, давоми...

2236 17:30 / 16.05.2020
СаволБиз тарафда бирон киши ўлса, майитни кўмишдан олдин жанозага келган кишиларга 500 сўм, 1000 сўм, 3000 сўмдан пул беришади. Кейин 34 кундан сўнг .етти, деб қишлоққа ош давоми...

5815 11:01 / 27.05.2020
Баккор ибн Муҳаммад айтади .Ибн Авн тушида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришни орзу қилиб юрар эди. Ўлимидан сал олдин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни давоми...

2194 07:10 / 23.07.2019
Хатми Қуръон чоғида риоя қилиш керак бўлган одоблар ҳам бор бўлиб, булар саҳобаи киромлар ва улуғ Қуръон устозларидан нақл қилингандир. Улардан асосийлари давоми...

25674 09:30 / 29.04.2019
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021