1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Маккада Худоёрхон билан қандай воқеа содир бўлган?

11:30 / 26.04.2021 8132 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1498 йил (бундан 523 йил олдин) – тарихчи Хондамирнинг маълумот беришича, Пули чироғ дарасида Хуросон ҳукмдори Султон Ҳусайн Бойқаро ва унинг ўттиз ёшли ўғли Бадиуззамон ўртасида қаттиқ жанг бўлди. Ота ва ўғил ўртасидаги уруш Султон Ҳусайннинг ғалабаси билан тугади. Бадиуззамон Қундуз томон чекинди. Бу ҳақда тарихчи Хондамир қуйидагича ёзади:

«Ана шу аҳвол асносида хислати мақтовга сазовор хоқон (Султон Ҳусайн) ўзининг иқболли соясини ана шу маъракага туширди. Бадиуззамон мирзонинг кўзлари подшоҳ байроғининг моҳчасига тушиши билан ўзини йўқотди ва шу тарзда отага қарши туришни ҳурмат юзасидан ақлга сиғмайдиган иш деб ҳисоблаб, ихтиёр ва зарурат юзасидан жанг майдонини ташлаб чиқди ва юзини чекиниш водийсига қаратди...»

1879 йил (бундан 142 йил олдин) – «Туркистон вилоятининг газети»да Қўқоннинг собиқ хони Худоёрхон ҳақида хабар босилди. Бу вақтда Худоёрхон Оренбург сургунидан қочиб Яқин Шарқда юрган эди. У ҳукмронлик қилган Қўқон хонлиги ҳам руслар томонидан тугатиб юборилганди. Адабиётшунос ва тарихчи Шариф Юсуповнинг қайд этишича, хабарда бундай дейилган:

«Ушбу яқинда Макка мазмаъидин қайтиб келган бир ҳожи Худоёрхон тўғрисида айтган хабаридан зоҳир бўладурки, ушбу йил Худоёрхон Макка мазмаъиға бориб ҳаж қилғон экан. Худоёрхон хонлиғ вақтида бир кишини шаҳардан бадарға айлаб, тасарруфидаги амволларини хазинага олиб, ўзини ҳайдаб юборгандин сўнг ул бечора ночор ҳажға бориб, бир неча йилдин буён ўша тарафларда турғон экан.

Чун Худоёрхон ҳаж учун Макка мазмаъиға борганда, ул киши Худоёрхонни кўруб: «Эй ноинсоф, манга мунча жабр-зулм қилиб, ахийри ўзунгнинг ҳам ахволинг шул бўлдиму?» – деб тош бирла оғзига уруб, Худоёрхонни тишини синдирибдур. Баъдаз он хон ўшал ерни улуғларига арз қилиб, урган киши билан тафтишга тушган экан. Аммо ишлари нечук бўлуб битушгани маълум эмасдур. Ба ҳар тақдир худ шу кунларда Худоёрхоннинг ўзи Шом шаҳрида турган эмиш».

Бироқ ўзбек маърифатпарвари, шоир Исҳоқхон Ибратнинг ёзишича, воқеанинг якуни газетадаги хабардан бошқачароқ бўлган. Газетада ёзилганидек, у ўша ернинг улуғларига арз қилиб, урган киши билан тафтишга тушмайди, балки Маккадаги жазо идоралари айбдорга тўрт йиллик қамоқ жазоси белгилаганда, собиқ хон унинг гуноҳидан кечганлигини айтиб бу жазо юмшатилишига эришади.

1917 йил (бундан 104 йил олдин) – «Улуғ Туркистон» газетасининг биринчи сони чиқди. Обуна учун «ғазитанинг баҳоси йиллиқ 7 сўм, олти ойлиқ 4 сўм, уч ойлиқ 2 сўм 25 тийин» нарх белгиланган. Газета 4 саҳифадан иборат бўлиб, унинг биринчи бети юқори қисмида эълон (реклама) ундан сўнг куннинг энг муҳим воқеаси баён этилиб, кейинги саҳифаларда «Телеграф хабарлари», «Сиёсий аҳвол», «Адабиёт», «Доҳилия хабарлари», «Туркистон хабарлари», «Тошканд хабарлари» ва яна охирида эълонлар ўрин олган.

Манба: uza.uz

Алишер Эгамбердиев тайёрлади

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1979 йилда Каъбатуллоҳнинг олтин эшигидаги ёзув ва безакларни ватандошимиз Абдураҳим Амин Бухорий 19171993 йй. .сулс, хатида ёзиб берган. У 1917 йил Қўқон хонлиги давоми...

2219 15:07 / 23.08.2024
1818 йилда Ҳинд диёрида Муҳаммад Раҳматуллоҳ ибнул Халил дунёга келди. Инглизлар Ҳинд диёрини эгаллашгач қўзғолонларнинг олдини олиш учун бу диёрдан исломни давоми...

3793 15:30 / 30.10.2021
Исломдан аввал нафақат Макка аҳли, балки Арабистон яримороли аҳолисининг кўп қисми бутсанамларга ибодат қиларди. Юқорида ҳам таъкидланганидек, Маккага давоми...

2952 09:10 / 17.10.2019
Макка фатҳ этилгач, Аллоҳнинг дини ҳамма томонга тарқала бошлади. Кишилар Ислом таълимоти остида ҳаёт кечиришни афзал кўра бошладилар. Мадинадаги Пайғамбар давоми...

2484 12:00 / 16.11.2021
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021