1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Суннат

05:00 / 06.03.2017 6930 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«У ҳаводан нутқ қилмас. У (Қуръон) юбориладиган ваҳий, холос», деган (Нажм сураси, 3–4-оятлар).

Яъни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дин, диёнат, шариат хусусида айтган ҳар битта гаплари Аллоҳнинг ваҳийсидир. У зот ўз ҳавойи нафсларидан гапирмаслар. Ана шундан ҳам кўриниб турибдики, Суннат шариатимизнинг иккинчи манбасидир.

Соғлом ақл ҳам Суннат Қуръондан кейинги иккинчи масдар эканлигини тасдиқ қилади. Аллоҳ таоло Ўзи танлаб олиб, пайғамбар қилган зотнинг Суннати иккинчи масдар бўлмай, кимники бўлиши мумкин? Албатта, ҳар бир соғлом фикр эгаси бу саволга фақатгина Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларигина Ислом шариатига иккинчи манба бўла олади, деб жавоб беради.

Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони Каримнинг биринчи оятларини нозил қилиб, у зотни охирги Пайғамбар деб эълон қилди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар эканликларига иймон келтирмаган одам мўмин бўла олмаслиги узил-кесил ошкор бўлди. Мўминларнинг у зотга эргашишлари ва иқтидо қилишлари лозиму лобуд бўлди. Юқорида зикр қилинганидек, бу ҳақиқатни Аллоҳ таоло Қуръони Каримда қайта-қайта таъкидлади. Исломнинг биринчи кунидан бошлаб, мўмин-мусулмонлар каттаю кичик ҳар бир нарсани ўз Пайғамбарларидан ўргана бошладилар. Улар у зотдан илоҳий дастур бўлган Қуръони Карим оятларидан тортиб, то оддий таҳорат қилишгача бўлган ҳамма нарсаларни аста-секин қабул қилиб олар эдилар. Шунинг учун ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларининг бирор лаҳзаси ҳам саҳобаи киромларнинг диққат-эътиборларидан четда қолмас эди.

Чунки у зотнинг муборак оғизларидан чиққан ҳар бир сўз, ўзларидан содир бўлган ҳар бир ҳаракат шариат ҳукми, ўрнак, шахсий мисол, ҳикмат, насиҳат ва кўрсатма сифатида қабул қилинарди. Инсоният тарихида ҳаёти энг  тўкис, очиқчасига, оммавий равишда ва кўпчилик томонидан ўрганилган яккаю ягона шахс Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. У зоти бобаракотнинг ҳатто ўта нозик ва хос ҳаётлари ҳам бутун икир-чикирлари билан тўлалигича ўрганилиб, ривоят қилингандир.

Чунки Ислом дини мукаммал дин бўлганлигидан ва инсон ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олганлигидан буларнинг ҳаммасида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий ўрнаклари бўлишини тақозо этарди. Бошқача айтганда, у зот Қуръонни ўз ҳаётларига татбиқ қилиб, одамларга кўрсатишлари керак эди. Амалда шундай бўлди ҳам.

Хулоса шуки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган заррача нарса ҳам саҳобаларнинг эътиборларидан четда қолмаган. Буни душманлар ҳам тан олганлар.

Шундай қилиб, Пайғамбаримизнинг ҳадислари улкан иноят билан сақланиб, ёдланиб, ривоят қилиб келинди. Бунда саҳобаи киромларнинг хизматлари ғоятда катта бўлди. У зотлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тириклик пайтларида бу ишга қандай аҳамият берган бўлсалар, у зотнинг вафотларидан кейин ундан ҳам кўпроқ эътибор бера бошладилар.

Инсоният тарихида ўзининг кенг кўламлилиги, ихлосанлиги, поклиги, аниқлиги ва бошқа жиҳатлари билан мисли кўрилмаган бу илмий ҳаракатга Аллоҳ таоло улкан самаралар берди. Бу самаралар фақат мусулмонлар учун эмас, балки бутун дунё учун ҳам фойдали эканлиги кундан-кунга равшанлашиб бормоқда.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (Иймон китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Абу Кабша алАнморий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу давоми...

6110 17:00 / 04.08.2021
Аввало .Суннат, ўзи нима эканлигини билиб олиш лозим. Суннат ва Ҳадис бирбирининг ўрнида ишлатиб келинган истилоҳлардир. Уларга яхшилаб диққат қилинса, Ҳадис давоми...

24245 15:31 / 16.08.2018
. . Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Аср намозини ўтказиб юборса, гўёки аҳлини ва молини йўқотибди,, давоми...

3608 19:00 / 27.03.2024
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган нарсаларнинг фақатгина шаръий ҳукмга тегишлиларини Суннат деб, бошқаларини Суннат демаслик саҳобаи давоми...

7476 16:01 / 19.12.2018