1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Шаҳодат калимасини айтишга тайёрмисиз?

09:00 / 12.06.2021 3376 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар Аллоҳ бандага яхшиликни ирода қилса, унга амал қилдириб қўяди» дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, унга қандай амал қилдириб қўяди» дейилди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бандани, ўлимдан олдин солиҳ амалга муваффақ қилади» дедилар.

Имом Термизий ривояти.

Гўзал хотима – банда ўлими олдидан солиҳ амалларга муваффақ қилиниши ва шу амаллар устида вафот этишидир.

Ёмон хотима эса бунинг акси бўлиб, гуноҳ-маъсиятлар устида ўлишдир. Зеро, инсон ниманинг устида яшаса, шунинг устида вафот этади.

Гўзал хотима топишнинг 4 та шарти бор:

1. Ҳаром қилинган нарсалардан узоқлашиш.

2. Фарз, вожиб ва суннат амалларни ўз вақтида адо этиш.

3. Мустаҳаб, нафл амалларга эътиборли бўлиш.

4. Аллоҳ таолодан гўзал хотима сўраб дуо қилиш ва У Зот ҳақида яхши гумонда бўлиш.

Умар розияллоҳу анҳу ҳар доим «Эй Аллоҳ, менга Сенинг йўлингда шаҳодат топишимни насиб этгин ва ўлимимни Расулингнинг шаҳрида қилгин!» деб дуо қилардилар.

Қизлари Ҳафса розияллоҳу анҳо «Бу қандай бўлади?» дердилар. Чунки Мадина тинч, омон шаҳар бўлиб, у ерда ҳеч қандай уруш, қон тўкилиш содир бўлмас эди.

Бу саволга жавобан ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Агар Аллоҳ таоло хоҳласа, бу иш бўлади» деб жавоб берардилар.

Аллоҳ таоло Умар розияллоҳу анҳунинг бу дуоларини ижобат қилди ва у киши Мадинада шаҳид этилдилар. Бу Аллоҳ таолодан гўзал хотима сўраб дуо қилишнинг самараси.

Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ: «Менинг ҳисобим онамнинг қўлига топширилишини ёқтирмайман. Роббим мен учун онамдан меҳрибонроқдир» дердилар. Бу Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумонда бўлиш.

Идрис ибн Абдуллоҳдан ривоят: «Бир аъробий бемор бўлди. Унга «Яқинда ўласан» дейилди. «Мени қаерга олиб борилади?» деб сўради. «Аллоҳнинг ҳузурига» дейилди. Шунда у: «Дунёда Ундан фақат яхшилик кўрганим – Роббимнинг ҳузурига боришни нега ёмон кўрайин?!» деди. Бу Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумонда бўлиш.

«Ал-Жаваабул кофий» номли китобда мана бу ҳикоя келтирилган:

«Бир киши ўлим тўшагида ётганда, унга «Шаҳодат калимасини айт», дейилди. Шунда у «Ўнга ўн бир» деб вафот этди».

У одам ҳаётида судхўрлик билан шуғулланиб, одамларга ўн минг қарз берса, «Ўн бир минг қилиб берасан» дер экан. Ўлаётганда ҳам шу гапни гапириб вафот этди.

Маъруф, солиҳ амалларни қилиш ёмон ўлимдан сақланишга сабаб бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!

Шайх Муҳаммад Хайр Шаъъолнинг мавъизаси асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Уламоларимиз вақтни ғанимат билишга, китобларда кўрган ёки хаёлларига келган фойдали фикрларни дарҳол ёзиб қўйишга ҳарис эдилар. Улар бу ишни ҳатто тунда ҳам давоми...

3670 11:00 / 01.01.2024
Бир киши Ҳотам Тоийдан сўради.Ўзингдан ҳам сахийроқ инсонни кўрганмисанҲотам деди Ҳа Той қабиласидаги бир йигит мени саховатда мағлуб қилган эди. Бир куни унинг давоми...

2630 00:18 / 08.12.2022
Сен у Зот билан ҳақиқатдан дўст, ҳамроҳ ва қўшни бўлиб у киши билан бирга ўйнашни истайсанмиЯна сен у Зот алайҳиссалом ҳақиқатдан ҳам сен билан суҳбат қуришларини, давоми...

6179 13:50 / 07.07.2021
Қадимдан охират уламолари қандай бўлишлари кераклиги ҳақида баҳслар бўлиб келган. Улардан баъзиларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.Олим қоидага мувофиқ иш давоми...

3451 12:30 / 07.11.2019