1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Олим ва фозил Хожа Саййид Аҳмад эшон

16:00 / 08.01.2022 2646 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ушбу мақола Наманган вилояти, Учқўрғон туманида жойлашган Хожа Саййид Аҳмад эшон мақбарасининг тарихини ёритишга бағишланган бўлиб, унда нақшбандия-мажзубия тариқатининг пири комили, олим ва фозили сифатида танилган Хожа Саййид Аҳмад эшон ҳаёти ва фаолияти илк марта тадқиқ қилинган.

19 асрда яшаб фаолият юритган, нақшбандия-мажзубия тариқатининг раҳнамоларидан бири Хожа Саййид Аҳмад эшон Дониёр эшон ўғли тахминан 1800-1802 йилларда Наманган шаҳри, Чуқур кўча даҳаси (олдинги Варовский кўчаси)да Хожа Дониёр хонадонида таваллуд топди. Унинг насл-насаби бир томондан Шайхонтоҳурга, иккинчи томондан эса, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб боради.

Отаси Хожа Дониёр эшон нақшбандия тариқатининг намояндаларидан бири бўлиб, Чортоқ тумани Пиштқўрғон қишлоғида яшаб, Балиқкўл зиёратгоҳида шайхлик қилган. Шунингдек Қўқон хонининг назарига тушган. Қолаверса, 1791-1845 йиллар орасида яшаган, кейинчалик Қўқон хони бўлган Шералихоннинг пири ва маънавий устози бўлган.

Хожа саййид Аҳмад эшон дастлабки таълимни отаси Хожа Дониёрдан олади. Кейинчалик Наманган шаҳри Дегрезлик даҳасидаги «Муҳаммад Азиз» мадрасасида таълимни давом эттиради. Мазкур мадрасанинг бош мударриси бўлган Абдулазиз Мажзуб[1] хонақоҳида узоқ йиллар шариат илми ва тариқат одобларини ўрганиб камол топади. Шу орада отаси Хожа Дониёр Намангандан барча оила аъзоларини олиб, Чортоқ тумани Арбағиш (Балиқкўл) қишлоғига кўчиб ўтади. Хожа Саййид ҳам отаси Хожа Дониёр билан у ерда илм маърифат ва зиё тарқатади. У халқ орасида Хожа Саййид, Хожа Аҳмад ҳамда Хожа Саййид Аҳмад эшон номлари билан танилади.

Бир куни устози Абдулазиз Мажзуб Хожа Саййид Аҳмадга: «Тақсир тез Уйчига борсангиз, бир азиз меҳмон келяпти, у кишини яхшилаб кутиб олсангиз», деб Арбағишга жўнатиб юборадилар.

Хожа саййид Аҳмад уйларига келсалар, оғироёқ аёли кўзи ёриб, ўғил фарзанд кўрган экан. Бобоси Хожа Дониёр унга Муҳаммад деб исм қўйибди. Ўша куни Хожа Дониёр ва Абдулазиз Мажзуб Намангонийларнинг Бухородаги пири устози бўлмиш Ҳусайн халифа оламдан ўтган эканлар. Халқимизда «Бир азиз вафот этса, ўрнига бошқа бир азиз дунёга келади», деган нақл бор. Мажзуб Намангоний ҳол илми билан юқоридаги воқеани каромат қилган эканлар.[2] 

Хожа Саййид Аҳмад эшон нақшбандия-мажзубия тариқатининг пири комили, олим ва фозили сифатида шуҳрат топди. Устози Мажзуб Намангоний унга пири муршидлик қилиш хуқуқини берувчи иршод (йўриқнома, йўлланма) битиб беради. Ҳозирги кунда мазкур иршод унинг авлодлари хонадонида сақланади[3].

Тарихдан маълумки, Наманган ноҳиялари Қўқон хонлиги даврида хонлар ва тариқат пешволарининг саъй-ҳаркатлари туфайли аҳолининг маълум бир қатлами ўша жойларга кўчирилган. Натижада янги қишлоқ, овул ва шаҳарлар пайдо бўлиб, илм-фан ва маданият тараққий этган. Худди шу каби Қўқон хони Шералихон (1842-1845) ҳукмронлик қилган даврларда хон ва Мажзуб раҳимаҳуллоҳнинг кўрсатмасига биноан Хожа Саййид Аҳмад оиласи ва муридлари билан Чортоқдан Учқўрғонга кўчиб ўтиб, ушбу қўрғонга асос солади.

(Давоми бор)

Акрам Шарипов, мустақил илмий тадқиқотчи. 

Чиноз тумани, Олмазор қўрғони. 
 
 


[1] П.Қайюмов.Тазкираи Қайюмий. —Т.; ЎЗ.РФА қўлёзмалар институти тахририй нашриёт бўлими, 1998.  Б. 187.

[2] Ушбу маълумотлар Абдулазиз Мажзуб Намангоний авлодларининг шахсий архивидан олинди. 

[3] Силсилайи тариқати Нақшбандия-мажзубия.

 

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
У кишининг тўлиқ исмлари Муҳаммад Солиҳ ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Солиҳ ибн Саъид ибн Абдуллоҳ ибн Фурфурий адДимашқий алҲанафий бўлиб, Шом диёридаги машҳур Бани давоми...

3061 17:00 / 17.02.2023
ndash Муҳтарам муфтий ҳазратлари, Сиз Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг талабига биноан ана шу обрўли ташкилотга демократик йўл билан сайланган биринчи давоми...

1986 17:04 / 01.05.2024
Анқарадаги Ислом тафаккури институти директори Меҳмет Гўрмез 1959 йилда Туркиянинг Газиантеп вилояти Низип туманида туғилган. Бошланғич таълимни Низипда, ўрта давоми...

1186 13:07 / 14.10.2024
Испания ҳукумати Ҳожиб Мансур ибн Абу Омир роҳимаҳуллоҳнинг вафот этганига 1000 йил тўлгани муносабати билан 2002 йилда марка чоп қилди.Ҳожиб Мансур ибн Абу Омир давоми...

2827 17:30 / 11.02.2021