1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Қурбон ҳайити табриги эълон қилинди

22:00 / 08.07.2022 2069 pdf Ўқиш режими + -

Муҳтарам ватандошлар!

Мана шу файзли дамларда Ер юзидаги жами мусулмон уммати қатори қалби шукуҳга тўлиб турган сиз, азизларни – нуроний отахон ва онахонларимизни, қадрли ака-ука ва опа-сингилларимизни, навқирон ёшларимизни, иймон-эътиқодли халқимизни улуғ айём – Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан самимий табриклаб, энг эзгу тилакларимни билдираман.

Ушбу саодатли онларда ҳаммамиз аввало Ийд ал-адҳо байрамига эл-юртимиз билан биргаликда тинчлик-омонлик ва сиҳат-саломатликда етказгани учун Яратганга чексиз шукроналар айтишимиз табиийдир.

Барчамизга аёнки, ислом дини аввало тинчлик, эзгулик ва инсонийлик динидир.

Муқаддас Қуръони каримнинг юздан ортиқ оятларида тинчликка чақирилган, хусусан, “Бақара” сурасида: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!” – дея марҳамат қилинган.

Ҳозирги ғоят мураккаб ва таҳликали замонда тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиш, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш ва мустаҳкамлашдек ўткир талаблар юртимизда яшаётган ҳар бир мўмин-мусулмон, ҳар бир инсон учун ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб турибди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Ишонаманки, бу эзгу ва муқаддас вазифа Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир фуқаронинг қалб даъвати ва инсоний бурчига айланиб, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, халқимизнинг тинч, эркин ва фаровон ҳаётини, фарзандларимизнинг ёруғ келажагини таъминлаш йўлида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

 

Ҳурматли дўстлар!

Аллоҳ таоло томонидан азиз ва мукаррам қилиб яратилган инсонни, унинг шаъни, қадр-қиммати ва ҳурматини улуғлаш каби муқаддас тушунчаларни ўзида акс эттирган ушбу байрам юртимизда инсон қадрини юксалтириш, халқимизни ҳаётдан рози қилиш борасида олиб бораётган кенг кўламли ислоҳотларимизнинг маъно-мазмунига ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳанг экани билан ҳам айниқса эътиборлидир.

Кейинги йилларда мамлакатимизда миллий-диний қадриятларимизни тиклаш ва ривожлантиришга ҳар томонлама эътибор қаратилмоқда. Табаррук зиёратгоҳ ва қадамжолар, кўҳна масжид ва мадрасаларни обод қилиш, буюк аждодларимизнинг бебаҳо маънавий-маърифий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш борасида олиб бораётган ишларимиз халқимиз ва дунё жамоатчилиги томонидан эътироф этилаётгани барчангизга яхши маълум.

Айниқса, фуқароларимизнинг диний эътиқод борасидаги ҳуқуқ ва эркинликлари тўла таъминланиб, мўмин-мусулмонларимиз ибодат амалларини эмин-эркин бажармоқдалар.

Бу ҳақда сўз юритганда, икки йиллик коронавирус пандемияси чекловларидан сўнг бу йил 12 минг ватандошимиз муқаддас ҳаж амалларини бажариш имконига эга бўлгани, кейинги 6 ойда 40 мингга яқин юртдошимиз умра зиёратини адо этганини таъкидлаш лозим.

Сўнгги йилларда шаклланган эзгу анъанамизга мувофиқ, Қурбон ҳайити муносабати билан эълон қилинган дам олиш кунлари юртдошларимизга бу айёмни ўз оиласи ва яқинлари бағрида янада мазмунли ўтказиш, гўзал ва бетакрор юртимиз бўйлаб кўнгилли саёҳатларни амалга ошириш учун қулайлик яратади.

Биз табаррук динимиз ва ўлмас қадриятларимиз, ўзаро ҳурмат, меҳр-мурувват, саховат ва ҳамжиҳатлик, сабру қаноат ва шукроналик сингари улуғ фазилатларни мустаҳкамлаб келаётган муборак Қурбон ҳайитининг барҳаёт анъаналари асрлар оша инсонларни, турли халқлар ва элатларни бирлаштирувчи беқиёс маънавий куч бўлиб хизмат қилаётганидан фахрланамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, дунёнинг олис ва яқин мамлакатларида яшаётган мусулмон дўст ва биродарларимизни, хорижий ҳамкорларимизни ушбу мўътабар айём билан қутлаб, уларга бардавом тинчлик, равнақ ва фаровонлик тилаймиз.

 

Азиз юртдошлар!

Барчангизни муқаддас Қурбон ҳайити байрами билан яна бир бор табриклайман.

Эл-юртимизнинг бу муборак ойда қилган ибодатлари, эзгу ниятлари ижобат бўлсин!

Аллоҳ таоло гўзал диёримизни, олижаноб ва бағрикенг халқимизни ҳамиша ўз паноҳида асрасин!

Азиз Ватанимизда тинчлик ва барқарорлик ҳамиша бардавом бўлсин!

Эзгу ишларимиз, интилишларимизда Яратганнинг Ўзи доимо мададкор бўлсин!

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Манба
president.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бугун, 28 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназар ҳазратлари раислигида Нукус шаҳридаги .Муҳаммад ибн Аҳмад алБеруний, ўрта давоми...

1567 20:31 / 28.11.2023
ХХР да нашр қилинган Қуръони каримлар ЮНЕСКО томонидан Парижда ташкил этилган кўргазмада намойиш этилди, деб хабар беради IQNA.Кўргазмада Хитойда нашр қилинган давоми...

2318 14:42 / 04.12.2018
.Хадичаи Кубро, аёлқизлар ўрта махсус таълим муассасасида китоб кўргазмаси ўтказилди .Hilol Nashr, нашриёти Тошкент шаҳридаги .Хадичаи Кубро, таълим муассасасида давоми...

997 16:18 / 12.10.2024
Ўзбекистоннинг Теҳрондаги элчихонасида Эрон Форс тили ва адабиёти академияси раисининг ўринбосари Муҳаммад Нассири, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Илмийтехник давоми...

2301 12:40 / 20.04.2021
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021