1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Аллоҳ таоло яширин солиҳ амални яхши кўради

14:00 / 18.07.2022 3641 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фузайл ибн Иёз роҳимаҳуллоҳ Маккадаги ҳарамда, Бани Шайба эшиги олдида Абдуллоҳ ибн Муборак роҳимаҳуллоҳ билан учрашиб қолди. Абдуллоҳ ибн Муборак деди:

- Эй Фузайл! Биз билан масжидга кир, гаплашамиз!

  Фузайл деди:

- Агар масжидга кирсак сен ўзингдаги илмнинг ғароиботлари ҳақида, мен ҳам ўзимдаги илмнинг ажойиботлари ҳақида бир-биримизга гапирамизми?

- Ҳа, албатта!

- Агар мен сенга ва сен менга  ўзимизни зийнатлаб кўрсатсак бизда ихлос қоладими?!

Ибн Муборак деди:

- Мени тирилтирдинг, Аллоҳ сени тирилтирсин!

Сўнгра иккаласи ҳам масжидга кирмасдан қайтиб кетишди!

Олдингилар гўзал ибодатлари сақланиб қолиши, инсонларнинг мақтовини қидириб амалларига ужб аралашмаслиги, бунинг оқибатида амаллари ҳабата бўлмаслиги учун уни яширишга ҳаракат қилишар эди. Аллоҳ билан ўзлари ўртасида қолдиришга ҳаракат қилишар эди.

Зайнул Обидийн роҳимаҳуллоҳ ўттиз йил фақир, мискин, бева- бечоралар уйига елкасида озиқ-овқат ташиди. Буни ҳеч ким билмади. Вафот қилганидан сўнг уни ювишаётганда елкасининг қорайиб кетганини кўришди. Фақирларга у вафот қилганидан сўнг овқат бормай қўйди. Улар ана шундан бу ишларни Зайнул Обидийн роҳимаҳуллоҳ қилганини билиб қолишди.

Довуд ибн Ҳинд қирқ йил рўза тутиб юрди. Буни оиласи билмаган эди. Хотини унга тушлик қилиши учун овқат ҳозирлаб берар, у овқатни дўконига олиб кетиб фақирларга эҳсон қилар эди. Кечқурун уйига қайтиб оиласи билан кечки овқатни ер эди. Оиласи уни ифторлик қилаётганини билмас эди. Буни имом Заҳабий ўзининг «Сияру аъломин нубало» китобида зикр қилади.

Инсон аслида ёмонликларини яширгани каби яхшиликларини ҳам яшириши лозим. Чунки Аллоҳ таоло яширин солиҳ амални яхши кўради. Зеро, бундай амал фақатгина Аллоҳ ризоси учун қилинади. Бундан кейинги иш Аллоҳнинг ўзида қолади. Истаса уни яширади, истаса ошкор қилади. Аммо ажр қолаверади.

Насибангиздан қўрқманг. Агар сизни Аллоҳ севса Жаброил алайҳиссаломга: «Эй Жаброил! Мен фалончини севдим, сен ҳам уни яхши кўр!», дейди. Сўнгра Жаброил алайҳиссалом фаришталарга: «Аллоҳ таоло фалончини яхши кўрди. Сиз ҳам уни яхши кўринг!», дейди. Сўнгра ер юзида унга қабулият қўйилади!

Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳни Аллоҳ раҳматига олсин. У доимо Аллоҳдан кишилар уни танимасидан илгари вафот эттиришини сўрар эди. Бугун эса уни танимайдиган мусулмон бўлмаса керак!

Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Дунё Аллоҳ наздида чивин қанотича қадрга эга эмас Бани Исроилда икки киши бор эди. Уларнинг бири кофир бўлиб унинг исми Буротус эди. Иккинчиси эса мусулмон бўлиб давоми...

3036 17:00 / 26.07.2022
. , . , . . Ҳузайфа алҒифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Гаплашиб ўтирган эдик, Набий алайҳиссалом олдимизга чиқиб давоми...

4456 16:14 / 23.09.2024
.Роббингиз Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман деди, Ғофир сураси, 60оятБаъзилар .Одамлар Аллоҳдан сўрайдилар, аммо Аллоҳ ҳеч нарса бермаслиги ёки сўрамаган давоми...

4287 11:30 / 25.03.2022
Бир киши 48 йил аввалги бошланғич синф ўқитувчисини хиёбонда кўриб қолиб, хижолатлик билан ёнига бориб .Устоз, мени танидингизми, деди.mdash Йўқ, таниёлмадим, деди давоми...

5757 20:00 / 01.10.2021