1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Зино инсонни ҳайвонга айлантирадиган амал

19:00 / 09.08.2022 6783 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шаръий никоҳдан холи бўлган ҳолда жинсий яқинлик қилиш зинодир. Зино – шариатимизда катта гуноҳ ва ҳаром ишдир. У ким билан бўлишидан қатъий назар жирканч иш саналади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бу ҳақда шундай марҳамат қилади:  

الزَّانِي لَا يَنكِحُ إلَّا زَانِيَةً أَوْ مُشْرِكَةً وَالزَّانِيَةُ لَا يَنكِحُهَا إِلَّا زَانٍ أَوْ مُشْرِكٌ وَحُرِّمَ ذَلِكَ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ

Зинокор эркак фақат зинокор ёки мушрика аёлга никоҳланур. Зинокор аёлга фақат зинокор ёки мушрик эркак никоҳланур. Бу мўминларга ҳаром қилинмишдир» (Нур сураси, 3-оят).

Ушбу ояти кариманинг маъносини англаб етиш учун, аввало, унинг нозил бўлиш сабабини ўрганиб чиқайлик.

Имом Абу Довуд, имом Термизий ва имом Насаийлар ривоят қилган ҳадисда бу ҳақда қуйидагилар айтилади:

«Марсад ибн Абу Марсад деган киши асирларни (заифлиги туфайли ҳижрат қила олмай, мушриклар қўлига тушиб қолган мусулмонларни) Маккадан Мадинага олиб келар эди. Маккада Аноқ исмли бузуқ аёл ҳам бор эди. У аёл унга ўйнашлик қиларди. Марсад Маккада бир одамга уни (яъни ўша одамни) олиб кетиш ҳақида ваъда берган эди. Марсаднинг ўзи бундай ҳикоя қилади:

«Ойдин кечада Макка деворларидан бирининг остига келиб турдим. Аноқ келди. Девор остидаги шарпани кўрди. Яқинимга келиб, мени таниди ва:

– Марсадмисан? – деди. Мен:

– Марсадман, – дедим. У:

– Хуш келибсан! Марҳабо, кел, бу кечани бизникида ўтказ, – деди. Мен унга:

– Эй Аноқ, Аллоҳ зинони ҳаром қилди, – дедим. У эса:

– Эй чодирдагилар! Манави одам асирларингизни олиб кетмоқда! – деб бақирди. Саккиз киши чиқиб, қувиб қолишди. Мен тоққа қочдим ва ўша ердаги ғорга беркиниб олдим. Улар келиб, устимда тўхтадилар. Ҳатто бошимдан бавл қилиб ҳам юборишди. Лекин Аллоҳ уларнинг кўзини кўр қилди, мени кўрмадилар. Сўнгра қайтиб кетдилар. Мен ҳам қайтиб бориб, одамимни топиб, олиб кетдим. Жуда ҳам оғир экан. Бир изхир дарахтининг остигача кўтариб бордим-да, қўл-оёғини ечдим. Сўнгра уни Мадинага олиб бордим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириб:

– Эй Аллоҳнинг Расули, Аноқни никоҳлаб олайми? – деб икки марта сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жим бўлиб қолдилар. Менга ҳеч нарса демадилар. Сўнгра:

«Зинокор эркак фақат зинокор ёки мушрика аёлга никоҳланур. Зинокор аёлга фақат зинокор ёки мушрик эркак никоҳланур. Бу мўминларга ҳаром қилинмишдир» ояти нозил бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Эй Марсад, зинокор эркак фақат зинокор ёки мушрика аёлга никоҳланади, уни никоҳингга олма, – дедилар».

Кўриниб турибдики, мўмин эркак ва аёлларга зинокор эркак ва аёллар билан никоҳ алоқаси боғлаш мумкин эмас. Зония аёлнинг тенги фақат ўзига ўхшаган зинокор ёки мўмин бўлмаган мушрик эркакдир. Шунингдек, зинокор эркакнинг тенги ўзига ўхшаган зония ёки мўмина бўлмаган мушрика аёлдир. Зинокорга никоҳланиш мўминларга ҳаром қилингандир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан бирида зинокор зино қилаётган пайтида мўминлиги қолмаслигини айтганлар. Биз ўрганаётган ояти каримага биноан, мўминлар ўзларини зинокорлардан, улар билан никоҳда бўлишдан сақлашлари лозим. Чунки никоҳ муқаддас боғланишдир, зинокорлар унга лойиқ эмаслар. Мусулмонлар уларни никоҳга муносиб билиб, иззат қилишлари нотўғри. Улар ўзларига ўхшаган нопоклар билан алоқада бўлаверсинлар. Аммо бундан зинокор мусулмон аёл мушрик эркак билан турмуш қурса бўлар экан, деган гап келиб чиқмайди. Мақсад зинонинг нақадар ёмон иш эканини кўрсатишдир.

Дарҳақиқат, зино инсонни ҳайвонга айлантирадиган амалдир. Зинокорлар хоҳишини жиловлай олмаган ҳайвондан фарқ қилмайди. Шунинг учун ҳам мусулмон жамиятда зино қаттиқ қораланади. Зинокорлар ҳамма тарафдан қадрсизлантириладилар. Мўминларни улар билан никоҳ алоқасида бўлишдан қайтариш ҳам шу мақсадда қилинмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, зинокор ё Ислом жамияти жисмидан умуман олиб ташланади, ёки қадрсизлантирилиб, тўлақонли аъзо бўлиш имконидан маҳрум этилади. Кўпчиликнинг гувоҳлигида шарманда қилиниб, дарра урилади. Гувоҳлиги қабул қилинмайдиган бўлади, мўминлар билан никоҳда бўлишдан ман этилади ва ҳоказо.

Зино шунчалик гуноҳ бўлгач, бировни зинода айблаш ҳам оғир гуноҳ ҳисобланади. Ким бировни зинода айбласа, исбот қилиб бериши талаб этилади, исбот қила олмаса, ўзи туҳматчи сифатида жазога тортилади.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Йўқ Ундай эмас. Олдин махфий тутган нарсалари ўзларига ошкор бўлди, холос. Агар бу дунёга қайтарилсалар ҳам, ўзлари ман қилинган нарсага қайтурлар ва давоми...

727 19:00 / 23.09.2025
Аёлларга маҳрларини кўнгилдан чиқариб беринг. Агар ундан бирор нарсани сизга рози бўлиб берсалар, бас, уни енглар. Ош бўлсин, офият бўлсин. Нисо, 4оят.Бу оятда ҳам давоми...

9321 14:29 / 12.10.2018
.Эй иймон келтирганлар Қасамки, Аллоҳ ким Ундан ғойибона қўрқишини билиш учун сизларни қўлларингиз ва найзаларингиз етадиган овлардаги арзимас давоми...

1084 19:00 / 06.05.2025
Аллоҳ таоло Тавба сурасида шундай марҳамат қилади Аллоҳ мунофиқларга, мунофиқаларга ва кофирларга жаҳаннам оташини унда мангу қолувчилар қилиб ваъда давоми...

4310 15:06 / 21.11.2018
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151254 14:35 / 11.08.2021