1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Олдида лутф бўлмаган ҳақиқатни биров эшитмайди

16:00 / 06.11.2022 1807 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Муқрий ўзининг «Ал-мухтор мин навадирил ахбор» номли китобида келтиради:
«Бир куни Умора ибн Ҳамза халифа Абу Жаъфар Мансурнинг ҳузурига кирди. Халифа уни мажлис тўрига, ўзининг ёнига чақирди.
Шунда кишилардан бири туриб деди:
- Эй мўъминлар амири! Менга зулм қилишди!
Халифа сўради:
- Ким сенга зулм қилди?
- Сиз тўрга ўтказган Умора ибн Ҳамза! У менинг еримни ноҳақдан ўзлаштириб олди!
Халифа деди:
- Тур эй Умора! Даъвода хусуматчинг билан баробар тур. Унинг олдида ўтир!
Умора ўрнидан турмасдан деди:
- Эй мўъминлар амири! Мен унинг хусуматчиси эмасман!
Халифа сўради:
- Қанақасига?
- Агар ер уники бўлса мен у билан низолашмайман. Агар ер меники бўлса унга ҳадя қилдим. Энди у ер унинг мулки, меники эмас! Мен мўъминлар амири ҳурматлаб ўтказган ўриндан турмайман!
Халифага Уморанинг гаплари ёқди. Ақлига тасаннолар айтди ва умрининг охиригача уни ўзига яқин олиб юрди!».
Киши Уморанинг халифага қилган жавобини лаганбардорлик деб ўйлаб қолиши ҳам мумкин. Мен лаганбардорликни ёқтирмасам-да, бу қиссада бўлган воқеани одоб деб ўйлайман.
Султон бошқаларга ўхшамайди. Унга ўзига хос бўлган тил билан гапириш лозим. Сўзларни танлаб, одоб билан, ҳурматини сақлаб муомалада бўлиш керак. Бу дегани унинг ҳар ботилига қарсак чалиш керак, дегани эмас. Унга насиҳатни тарк қилмаслик керак. Мен услубни назарда тутдим. Одоб илмдан муқаддам туради. Ҳикмат ҳамма нарсадан яхшидир!
Биз ёш болаларга бошқача услубда, унинг ақлига мос муомала қиламиз. Ёши катта онахон ва отахонларга ўзларига хос юмшоқлик билан муомалада бўламиз. Буни одоб ва ақлдан ҳисоблаймиз. Худди шунингдек, ҳар-бир инсонга ўзига хос одоб ва хулқ ила муомалада бўлишимиз лозим.
Аббосий халифалардан Муътасим ўзининг вазири Ҳоқон бемор бўлганида кўргани борди. Ҳоқоннинг Фатҳ деган ўғли бор эди. Фатҳ кейинчалик улғайиб Аббосийларга вазир бўлган. Ўша пайтда Фатҳнинг ёши еттидан ошмаган эди. Муътасим у билан ҳазиллашмоқчи бўлиб деди:
- Эй Фатҳ! Менинг узугимдан ҳам чиройли нарсани кўрганмисан?
Фатҳ деди:
- Узугингиз тақилган қўл ундан ҳам гўзал!
-Отангнинг ҳовлиси яхшими ёки халифанинг саройими?
Фатҳ деди:
- Албатта отамнинг ҳовлиси яхши. Чунки унда ҳозир халифа бор!
Инсонларнинг ўрнини билинг. Бу пайғамбарлар йўлидир. Сўзларингизни танлаб гапиринг. Одоб дегани лаганбардорлик эмас. Унутманг, киши ҳақиқатни гўзал услуб билан етказиши лозим.
Уни қўпол тарзда ҳам айтиш мумкин. Аммо уни ҳеч ким қабул қилмайди. Қолаверса, қанчалар ҳақ бўлманг аввало услуб муҳим. 
Тавҳиддан олийроқ ҳақ йўқ дунёда. Шундай бўлса-да, Аллоҳ таоло Ўз Набийсини огоҳлантиради:
«Агар қўпол ва қалби қаттиқ бўлганингда атрофингдан тарқаб кетишар эди!».
Олдида лутф бўлмаган ҳақиқатни биров эшитмайди!


Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ўнўн икки ёшлардаги шогирди бўлар эди. Йигитча имомнинг илмий ҳалқаларида кўп қатнашар, унинг таъсирли суҳбатлари қалбидан жой олар, давоми...

5053 11:15 / 14.08.2024
.Кеча кечқурун дўстим Мустафо Маҳмуднинг таржимаи ҳолини ўқидим. Дўстим деганимдан ажабланма. Дўст бўлиш учун албатта учрашиш шарт эмас. Дунёда шунақа кишилар давоми...

6594 13:20 / 20.04.2022
Бугунги жумъа мавъизасида имомхатибларимиз quotТафриқага бўлинишнинг диний ва дунёвий зарарлариquot мавзусида маъруза қиладилар. Бу ҳақда ЎМИ расмий сайтида хабар давоми...

5570 06:17 / 24.08.2018
Ухлаб ётибсиз, Аллоҳ сизнинг туриб У учун намоз ўқишингизни яхши кўрди. Оҳиста бир шамолни юборади, у деразангизни ҳаракатлантиради ёки бир фарзандингизда давоми...

4119 14:00 / 14.03.2022
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021