1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Энг катта офат

10:14 / 02.01.2023 2811 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ёфиъий ўзининг «Миръотил жанон» китобида келтиради:

«Халифа Валид ибн Абдулмалик вафот қилганидан сўнг унинг ўрнига укаси Сулаймон халифаликка ўтирди. Сулаймон мансабга ўтириши билан Язид ибн Абу Муслимни ишдан олди. Чунки Язид Ҳажжожи золимнинг кўп зулмларида бирга иштирок қилган эди. Сулаймон Язидни ҳузурига чорлади. У ранги ўчган ҳолда келди. Унинг қорни катта эди. Сулаймон унга деди:

- Аллоҳ сени ўз зулмига шерик қилган кишини лаънатласин!

Язид деди:

- Эй мўъминлар амири! Ундай деманг. Сиз мени ишлар қўлдан кетган пайтда кўряпсиз. Ишлар қўлимда эканлигида кўрганингизда ажабланиб ҳайратда қолар эдингиз!

Сулаймон деди:

- Аллоҳ сени қатл қилсин, нақадар ақлли ва тили ширин инсонсан!

Сўнгра яна ундан сўради:

- Нима дейсан эй Язид, соҳибинг ҳозир дўзахга қулаганмикин ёки унинг қаъридамикин?

Язид деди:

- Ундай деманг эй мўъминлар амири! У сизнинг душманингизни душман тутар, дўстингизни дўст тутар эди. У сизларга жонини берди. У Қиёмат куни отангизнинг ўнг томонида, акангизнинг чап томонида бўлади. У ҳақида яхши гапиринг!

Сулаймон деди:

- Аллоҳ сени қатл қилсин, нақадар соҳибингга вафолисан!

Кейин Сулаймон уни ўрганиб чиқди. У бирор динор ва бирор дирҳамга ҳам хиёнат қилмаган экан. Уни яна бирор-бир вазифага қўймоқчи бўлди. Шунда Умар ибн Абдулазиз халифа Сулаймонга деди:

- Аллоҳни ўртага қўйиб сўрайман, уни мансабга қўйманг. У Ҳажжожнинг яқинларидан  ва хос кишиларидан бўлган!

Сулаймон деди:

- Аммо бир динорга ҳам, бир дирҳамга ҳам хиёнат қилмаган!

Умар ибн Абдулазиз деди:

- Тўғри, Иблис ҳам бир динорга ҳам, бир дирҳамга ҳам хиёнат қилмаган эди. Аммо у кўпчиликни ҳалок қилди!

Энг катта офат ва мусибатлар онаси умматнинг руҳини тортиб олиш, ўзлигини тортиб олиш, ботилни ҳақ қилиб кўрсатиш, ёмон ишни зийнатлаб кўрсатишдир. Бунинг оқибатида шундай авлод пайдо бўладики, уларни осонликча тузата олмайсиз. Бундай авлодни тўғри йўлга солиш учун жондан воз кечиш керак бўлади!

Дунёда ўғирликдан ҳам оғирроқ жиноятлар бор. Бу жиноятлардан бири вайрон қилувчи чўқморни ақидада ишлатишдир. Собит нарсаларни изтиробга солиш, шубҳалар тарқатиш, Фиръавнга ўхшаб солиҳ инсонларга ҳужум қилиш, уларга Фиръавн Мусо алайҳиссаломни айблаб кишиларга: «Мен унинг динингизни алмаштиришидан ёки ер юзида фасод чиқаришидан қўрқаман», дегани каби солиҳларни айблаш ҳам катта жиноятдир!

Иблис халқнинг мулкини ўзлаштиргани йўқ. Пора олгани йўқ. Аммо ер юзини фасодга тўлдирди!

Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Хўқанди латифда умргузаронлик қилган зоти бобаракот ndash ҳазрат Зокирхўжа эшон шайхул ислом милодий 1757 йил, Наманган вилояти, Дониёлхўжа эшон хонадонларида давоми...

1224 15:34 / 28.07.2025
Буюк амир, ҳофиз, мунаққид, насабшунос, сўзлари ҳужжат мавлоно Абу Наср Али ибн Ҳибатуллоҳ ибн Али ибн Жаъфар ибн Али ибн Муҳаммад ибн амир Дулф ибн амир, давоми...

2088 11:07 / 20.09.2020
Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ давримизнинг улуғ олимларидан саналади. Ўзбекистонга ташриф буюрмасларидан аввал у зотнинг бир неча асарлари билан танишиб чиққан давоми...

4471 12:02 / 10.10.2018
Зиёратrdquo рукнидаги туркум суҳбатларнинг навбатдаги сонида Туркистоннинг атоқли олими ва адиби Алихонтўра Соғунийнинг ибратли ҳаёт йўллари билан танишиб давоми...

27468 13:30 / 20.12.2017