1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Бериш ёқимлими ёки олишми?

11:00 / 25.02.2024 3858 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳикоя қилишларича, бир олим шогирди билан бирга дала оралаб кетаётган эди. Улар йўлда эски поябзал кўриб қолишди, яқин орадаги далада меҳнат қилаётган деҳқоннинг оёқ кийими бўлиши мумкин, ишини тугатиб, сўнг олиб кетса керак, деб ўйлашди. Шогирд устозига: «Устоз бу деҳқонга бир ҳазил қилсак нима дейсиз, унинг оёқ кийимини яшириб, ҳолатни кузатайликчи, у қандай йўл тутар экан», деди.


Устоз шогирдига: «Биз бошқаларни хафа қилиб ўзимизни хурсанд қилишимиз, нотўғри бўлади. Бироқ сен бадавлат, қўлида катта мулкка эга инсонсан. Ўзинга ҳам ўша оддий деҳқонга ҳам саодатни жалб қилиш имкони бор. Бунинг учун сен пулингдан олгинда деҳқоннинг оёқ кийимига солиб қўй. Ана ундан кейин фақир кишининг бу ишга қандай муносабатда бўлишини кузатиш учун бирор жойга беркиниб ол», деди.


Шогирдга бу таклиф ёқди ва устози айтганидек деҳқоннинг поябзали ичига маълум миқдорда пул солиб, ўзлари дарахт ортига беркиниб олдилар. Бироз вақт ўтиб деҳқон даладаги ишларини якунлаб, кийимларини қоққанча поябзалини олиш учун келди. Оёқ кийимини энди киймоқчи бўлган эдики, ичида нимадир борлигини пайқаб қолди. Қараса, маълум миқдорда пул бор экан. Чап оёғига ҳам поябзалини киймоқчи бўлганди, унда ҳам пул бор экан. У бу ҳолатдан ҳайрон бўлиб, поябзал ичидаги пулларга қараб турди. Туш кўрмаётганига ишонч ҳосил қилиш учун пулга тикилганча бир муддат туриб қолди. Сўнг атрофга назар ташлади, бироқ ҳеч ким кўринмади. Пулларни ҳамёнига солиб, хорлик ҳолига тушиб, икки қўлини дуога очиб, кўзида ёш билан баланд овозда Роббисига нола қила бошлади: «Эй Роббим, Ўзинга шукрлар бўлсин. Эй аёлимнинг беморлигини, фарзандларимнинг оч қолиб, нон топа олмаётганини билган Буюк Зот, мени ва оиламни ҳалокатдан қутқардинг».


У шу ҳолда узоқ вақт қўлини дуога очган ҳолда йиғлаб, Аллоҳ таолонинг берган неъмати учун Унга шукр қилди. Бу ҳолатни кўрган шогирд таъсирланиб, кўзлари жиққа ёшга тўлди.


Устози ундан: «Поябзални яшириб қўйиш ҳақидаги биринчи таклифингдан кўра, ҳозир ўзингни бахтиёр ва хотиржам ҳис қилмаяпсанми?», дея ундан сўради.


Шогирд: «Модомики, тирик эканман, умр бўйи ибрат бўладиган дарс ўтиб бердингиз. Ҳаётим давомида тушунмаган мана бу гапнинг маъносини энди англаб етдим: «Бераётганингдаги ҳаловатни олганингда туядиган саодатдан кўра кўпроқ ҳис қиласан», деди.


Устоз: «Эй ўғлим, билиб қўй, бериш бир неча турли бўлади:


Жазолашга қодир бўла туриб, уни кечириб юборишинг — энг катта ҳадядир.


Биродарингнинг ҳақига ғойибона дуо қилишинг — энг катта ҳадядир.


Биродаринг учун узр исташинг, у ҳақда ёмон гумон қилмаслигинг — энг катта ҳадядир.


Биродарингнинг обрўсига тил теккизишдан сақланиб, уни ғийбат қилмаслигинг — энг катта ҳадядир».


Нозимжон Ҳошимжон & Хуршид Маъруф

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 16 июндаги 03-07/4775-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ кўзни номаҳрамдан тийишга буюрди. Бу амрни мўмин ва мўминаларга баробар йўллади. Кейинроқ қарашни батамом тақиқлаганлар келишди. Энди аёл кўриши ё давоми...

3296 14:00 / 06.07.2022
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинадиАлбатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар .Дуонинг энг яхшиси арафа кунидаги дуодир. Мен ва давоми...

36734 15:00 / 19.07.2021
Мушкулотимиз шундаки, бизнинг кўзларимиз оч. Йўқотилган ёки ўзимизда йўқ неъматларни санаб юрамиз. Бор неъматларнинг шукрини қилмаймиз. Қўлимиздаги нарсага эмас, давоми...

4257 11:09 / 31.10.2023
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан ўтирган эдилар. Музар қабиласидан бир гуруҳ кишилар келишди. Улар ялангоёқ, кийимлари эскириб кетган эди. давоми...

2198 12:05 / 25 январь