1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Бу сўзлар оддий калима эмас

09:00 / 12.12.2023 2809 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳозирги кунда баъзи ёшларнинг бу калимани айта олмасликлари жуда афсусланарли бир ҳолдир. Буни айниқса, никоҳ ўқиладиган вақтда яна бир бор кўзга ташланиб қолмоқда. Никоҳ ўқитишга келган баъзи куёвларнинг юзида қандайдир бир ташвиш туради. Ташвиши шуки – «Домлажон мендан нима сўрайсиз?», дейди. «Сиздан сўрайдиган нарсамиз йўқ», дейилса, «Мендан калима сўрамайсизми? Шуни сўрамасангиз ҳам бўладими?» - дейишади. Домла айтиб турса, у кетидан зўрға такрорлаб айтади. Чунки жаннат калити бўлган бу муборак калимани айта олмайдилар.


Бу калима оддий бир калима эмас, балки энг улуғ калимадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен ва мендан олдин юборилган пайғамбарларнинг айтган сўзлари ичида энг афзали «Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳу»дир», деганлар.


Демак, Одам атодан то Муҳамммад Расулуллоҳгача келган пайғамбарларнинг оғизларидан жуда кўплаб ҳақ сўзлар чиққан. Мана шу сўзлар ичида энг афзали «Ла илаҳа иллаллоҳ» экан. Бу муборак калимани «тавҳид калимаси», «калимаи тоййиба» ва «ихлос калимаси» ҳам дейилади.


Инсон ҳаётида қанча умр кўриб, яхши амалларни бажарган бўлса, қиёмат куни Аллоҳ таоло уни тарозида тортади. «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимаси тарозининг бир палласига қўйилса-ю, иккинчи тарафига етти қават ер ва етти қават осмон ҳамда улардаги барча нарсалар қўйилса, буларнинг ҳаммасидан «Ла илаҳа иллаллоҳ» оғир келади.


Бу калимани айтиш махсус жой ёки маконга хосланган эмас, балки банда тўхтовсиз равишда такрорлаб турадиган, мислсиз ажр-мукофот олиб келадиган калимадир. Мўмин банданинг тилидан доимо Аллоҳ таолонинг зикри тушмай турса, у банда дунёдаги барча савобли ишларнинг энг яхшисини қилаётган бўлади. Нафақат савоб эгасига айлантиради, ҳатто, инсон бандаликка бориб, бирор гуноҳ амал қилиб қўйган бўлса, бу калима шу гуноҳларини ўчириб юбориши, камчиликларига каффорот бўлиши манбаларда таъкидлангандир.


Ота-она фарзандига «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ» калимасини гўдаклигиданоқ етказмоқлари жуда муҳимдир. Яъни, «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни айтиб, шаҳодат келтирган ва Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбарликларини тасдиқлаган одам мусулмон бўлади. Кези келганда яна бир гап, бугунги таҳликали бир замонда муқаддас Ислом динини ўзларини ғаразли мақсадлари йўлида қурол қилиб олаётган баъзи адашган тоифалар мана шу муборак калимадан ғаразли мақсадларда фойдаланмоқда. Имоннинг рукни фақат тил билан айтиб, дил билан тасдиқлаш эмас, балки амал ҳам шарт деб, бизнинг ақидамизга зид сўзларни айтмоқдалар. Бу билан одамларни, айниқса, ғўр ёшларни чалғитишга уринаётгани хатарлидир. Ёшларимиз адашганларнинг даволарига учиб қолмасликлари учун энг аввало, эътиқод мустаҳкам бўлишига жиддий эътибор қаратиш лозимлигини ҳаётни ўзи тақозо қилмоқда.


Ватанимиз тараққиёти, халқимизнинг бахт-саодати, ёшларимизни илму фан ва касбу ҳунарли бўлиб етишишлари йўлида давлатимиз томонидан қилинаётган ғамғўрлик билан бирга бу борадаги ота-оналарнинг доимий ҳаракатлари жуда аҳамиятлидир.


Фарзандларимизга шундай тарбия берайликки, улар ўз ота-боболарига, ўз тарихларига, Ватанига, она тилига, ўз миллий сиймоларига, муқаддас Ислом дини таълимотларига содиқ бўлиб етишсин. Зеро, илмли, одобли, фаросатли одам ҳаётда ўз ўрнини топиб олади. Китоблардан ўрганилган маърифий илм қаторида оилада олган ҳаёт илми ҳам уларга сув ва ҳаводек зарур.


Хулоса қилиб айтганда, ёшларимизнинг ҳар томонлама комил, гўзал хулқли, мустақил фикр ва дунёқарашга эга, турли салбий одат, иллат ва таъсирлардан холи равишда вояга етказишда, албатта, жамоат ташкилотлари, ота-она, маҳалла ва уламоларнинг ўрни беқиёсдир.


Одоб ва ҳусни хулқ соҳиби бўлган ёшларгина илм ва касб-ҳунарда юқори даражаларга эришадилар. Ҳаммаларимизга бу калимани англаб, моҳиятини  тушуниб, ҳаётимизда шу калима асосида яшашликни насиб этсин Аллоҳ таоло ёшларимизни хулқи гўзал ва чиройли одоб-охлоқ билан зийнатлантириб, ота-оналарининг кўзларини  қувонтирадиган фарзандлар  бўлишини насиб этсин!


Жалолиддин домла Ҳамроқулов

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 16 июндаги 03-07/4775-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Икки кундан бери Тошкентда чангли муҳит ҳукм сурмоқда. Кеча кечки пайт бундай ҳолат водий вилоятларига етиб борди. Чангтўзон ҳамма нарсада ўз изини қолдирмоқда. давоми...

5254 18:40 / 05.11.2021
Зилзила, ер силкиниши Аллоҳ таолонинг белги, оятларидан бири бўлиб, бандаларга охиратни эслатиш, аламли азобдан огоҳлантириш ва уларга заифликларини сездириб давоми...

6381 22:19 / 21.03.2023
Яхлитни ноқис деб қабул қилиш уни кўрмасликдир. Саҳоба деганда нимани тушунамиз Қўлига қурол олиб куфрга қарши жанг қилган жасур одамнинг сиймосини тасаввур давоми...

2012 09:03 / 24.01.2022
Ҳужжатул Ислом имом Ғаззолий .Бидоятул ҳидоя, номли китобида қуйидагиларни айтадилар.Вақтинг ndash ҳаётинг, умрингдир. Умринг сармоянгдир. Ўша билан тижорат давоми...

3261 16:01 / 05.06.2021