1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Кишининг ақли тўлишмагунча дини ҳам комил бўлмайди

14:18 / 09.09.2023 2055 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аҳнаф ибн Қайс роҳимаҳуллоҳ айтади: «Мен ҳеч қачон ўзимдан бошқа одам учун турғазиб юборилишим мумкин бўлган жойга ўтирмадим» (Баҳжату-л-мажолис: 1-жилд, 47-бет;).


Оқиллик ва ҳалимликда зарбулмасал бўлган улуғ тобеин Аҳнаф ибн Қайснинг ақл ва ҳалимлик бобидаги ўгитларидан бири бўлган ушбу сўз бир қарашда оддий нарсага ўхшайди. Лекин, унда чуқур маъно яширинган. У соҳибининг ўта теран ақлу фаросатига далолат қилади. 


Кишининг ақли уни ноқулай вазиятларга тушиб қолишдан сақламоғи лозим. Аҳнаф ибн Қайс бирор жойга келсалар кўрсатилган жойга ўтиравермас эканлар. Ёки ўзларига ёққан жойга ҳам ўтириб олмас эканлар. Чунки, мазкур жой қавмнинг улуғлари ўтирадиган жойлардан бўлса, ўзларидан сўнг обрў мартабали кишилар келиб қолганда ўринларидан турғазилишлари мумкин. 


Мабодо, шундай ҳолат юз берса, у инсон учун бу хўрлик бўлади. Буни эса кўтариш осон эмас. Шундай бўлмаслиги учун ҳам бу зот ўзларини билиб, ҳаддиларини билиб, мабодо улуғ кишилар келиб қолса ҳам улар ўтқазилмайдиган бир жой топиб ўтирар эканлар. Бу ҳам бўлса, у кишининг камоли оқиллигидан ва келажакни кўра билишидандир. Зотан, ақлли одам келажакни кўра билиши лозим. Зеро, ақл бирор ноқулай вазиятга тушиб қолгандагина ундан чиқиб кетиш учун керак бўлмайди. Балки, ўша нобоп ҳолатларга тушиб қолмаслик учун керак бўлади. 


Бир куни Амр ибн Ос розияллоҳу анҳуга «ақл нима?», деб савол беришди. Жавоб бердилар: «Ақл бу гумон билан тўғрини топиш ва бўлган нарсалар орқали ҳали содир бўлмаган нарсаларни билишдир» (Ал-ъиқду-л-фарид: 2-жилд, 105-бет;).


Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу дедилар: «Кимга гумони фойда бермаса, аниқ билган нарсаси ҳам наф бермайди» (Ал-ъиқду-л-фарид: 2-жилд, 105-бет;).


Яъни, ақлли инсоннинг закоси, узоқни кўра билиши кучли бўлиши керак, дейилмоқчи. Агар инсоннинг фикри ва гумони ўзи учун фойдали бўлолмаса ўзидан бир қадам олдинни кўра олмаса, у инсоннинг аниқ билган билими ҳам унга кўп фойда бермайди. Негаки, унинг фикри шу қадар қотиб қолганки, олган билимидан унумли фойдаланиш учун кифоя қилмайди.


Ақл шунинг учун керак. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бежиз бот-бот ва такрор-такрор «ақл эгалари»га хитоб қилмаган. Зеро, ақл ишлатилса, у ўз соҳибига дунё ва охиратда фойда келтиради. 


Ақл шундай нарсадирки, уни ишлатишга ҳаракат қилмасангиз ўтмаслашиб кетаверади. Шунинг учун машҳур араб файласуфи Ибн Туфайл «Ақл бошда кўтариб юриладиган чироқдир. Кимдир уни ёқиб юрса, кимдир ўчиқ ҳолда олиб юради», деган. 


Бинобарин, ақлни ишлатишга ҳаракат қилиш билан у ишга солинади. Шунинг учун ҳам Хаттоб ибн Муалло «Ақл эгаларига ўхшашга ҳаракат қилгинки, улардан бўласан. Шарафли инсонлардек бўлишга интилки, унга етишасан», дейди (Равзату-л-уқало: 200-бет;). 


Ибнул Жавзий айтади: «Одам боласи бошқа махлуқотлардан ақли билан ажралдики, унинг тақозосига кўра амал қилиши учун» (Лафтату-л-кабид: 24-бет;).


Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ эса «Кишининг ақли тўлишмагунча дини ҳам комил бўлмайди» дер эди. (Ибн Муфлиҳ. ал-Одоб аш-шаръийя: 2-жилд, 212-бет;).
Бу ҳам ақлнинг диндаги ўрни нақадар муҳимлигига далолат қилади.


Алишер Султонходжаев

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 11 августдаги 03-07/6522-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
ndash Зайтун ёғи таркибида тўйинмаган ёғ кислоталари ndash олеин кислотаси бор. У инсон организмидаги холестеринни парчалайди, қон томирлари деворини давоми...

16891 11:00 / 19.08.2022
Аллоҳнинг пайғамбарларига иймон келтириш ғоятда пурҳикмат ишдир. Аллоҳ таоло инсонлар ичидан Ўзига пайғамбар танлаб олишининг ўзи инсоният учун улкан шарафдир. давоми...

1856 16:06 / 17.08.2023
Исломга биринчи бўлиб Хадийжа онамиз кирдилар. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари бўлиш билан бирга, Аллоҳ таолога ва Пайғамбар давоми...

10584 20:43 / 19.12.2017
Аллоҳу акбар Аллоҳу акбар Лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар Аллоҳу акбар ва лиллааҳил ҳамд. Маъноси Аллоҳ буюкдир, Аллоҳ буюкдир. Аллоҳ таолодан ўзга илоҳ давоми...

10431 16:22 / 07.07.2022
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021