1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Уни яхши кўрасанми?

17:03 / 22.12.2023 6110 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қачон Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир жойда ўтирсалар, саҳобалар ҳам атрофларида ўтирар эди. Шундай мажлисларнинг бирида кимдир орқасида боласини опичлаб келди. Сўнгра уни қучоғига олиб, юзларидан ўпди ва бошини силади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
– Уни яхши кўрасанми? – дедилар.


У айтди:
– Эй Аллоҳнинг Расули! Мен уни севганим каби Аллоҳ ҳам сизни севсин!

Сўнгра бир қанча вақт ўтиб, унинг боласи вафот этди. Ўғлини йўқотган ота маҳзунлигидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мажлисларидан узилиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни суриштирдилар:
– Фалончи кўринмай қолди?!


Кишилар дейишди:
– Эй Аллоҳнинг Расули! Унинг ўғилчаси вафот қилди.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига бориб таъзия билдирдилар. Сўнгра унга дедилар:
– Сенга қайси бири суюкли: ўғлингдан тириклигингда фойдаланганингми ёки куни келиб жаннатга кирганингда унинг ҳар бир эшиги олдида ўғлинг эшикни очиб, сени кутиб олганини кўришингми?


У деди:
– Эй Аллоҳнинг Набийси! Майли, у мени жаннат эшигини очиб кутиб олсин. Шуниси менга суюклироқ!


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
– Сенга ўша бўлсин!


Шунда кишилардан бири сўради:
– Эй Аллоҳнинг Расули! Бу ҳаммагами ёки унинг ўзига хосми?


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
– Ҳаммангизга!


Сулаймон алаҳиссаломнинг Ҳудҳудни қўрқитиб «Албатта, уни шиддатли азоб билан азоблайман!» деган гапининг тафсирида айтилган бир ажойиб гап бор: «Шиддатли азоб»дан мурод у билан аҳбоблари орасини ажратишдир, дейилган. Яқинлардан ажралиш катта ғурбатдир!


Ибн Ҳазм роҳимаҳуллоҳ ҳам ажойиб бир гап айтганлар: «Ёмон кўрган кишингга яқинлашишинг ҳам бало, яхши кўрган кишингдан узоқлашишинг ҳам бало – фарқи йўқ!»


Яқинларни йўқотиш ғурбатдир. Ҳаётингни ва уйингни шодликка тўлдирган ўғлингга энди ўрганиб қолганингда уни йўқотиб қўйиш – даҳшат. Қалбингга сурур олиб кирган қизингга энди ўрганиб қолганингда уни йўқотиш – даҳшат.


Бошингни силаганида дунёнинг ташвиши кетадиган, ўзингни унинг олдида ёш бола ҳис қиладиган онангни йўқотишинг – энг катта даҳшат. Сени суяйдиган, Аллоҳдан кейинги ҳимоячинг бўлган отангнинг бу дунёни тарк қилиши – мислсиз даҳшат. Келганида бошқаларнинг йўқлиги билинмайдиган, келмаганида эса бошқаларнинг борлиги билинмайдиган дўстингни йўқотиб қўйишинг ҳам нақадар оғир!


Аллоҳ таоло Ўзи билиб турса–да, фаришталаридан сўрар экан:
– Бандамнинг қалби мевасини олдингизми?
– Ҳа!
– Нима деди?
– Сенга ҳамд айтди, истиржоъ айтди!
– У бандамга жаннатда бир уй қуринг. Унинг номини «Ҳамд уйи», деб номланг!
Ҳамд уйлари сабр ва ризо билан қурилади.


Мусибат бизни бино қурилишидан чалғитиб қўймасин!
Аллоҳнинг қадаридан аччиқланиш уни ўзгартирмайди. Юзларни тимдалаш ўликни тирилтирмайди. Дод солиб йиғлаш уларга жонини қайтармайди. Аксинча, битта зарар иккита бўлади, холос: Суюкли инсонини йўқотиш – бир
зарар, сабрсизлик ила Ҳамд уйидан маҳрум бўлиш – зарар устига зарар!


«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03–07/1506–рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01–07/1959–рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Хушфеълли, карамли бўлади. Солиҳлар, хайр аҳли ва мискинларга тавозели бўлади. Хотиржам, сокин ва виқорли бўлади. Қуръонни тирикчилик манбаи қилиб, уни касб давоми...

2489 14:30 / 06.11.2021
Макка ва Мадина шаҳарларида жорий йилдаги ҳаж мавсуми жиддий, нохуш ҳодисаларсиз ўз якунига етди, дея хабар беради Ўзбекистон мусулмонлар идораси расмий давоми...

5107 05:27 / 24.08.2018
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар .Бир банда гуноҳ қилган вақт қалбида қора доғ пайдо бўлади. Агар тавба қилмасдан гуноҳ қилишни давом эттирса, у доғ давоми...

13136 19:07 / 24.09.2017
Эътиқодий ғулувга кетган тоифалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида рўёбга чиқмаган бўлсалар ҳам, уларнинг чиқишлари ҳақида Пайғамбаримиз давоми...

4774 17:10 / 15.11.2017
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021