1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Ҳазрати Усмоннинг икки ажойиб сифатлари

11:41 / 09.09.2024 2395 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1.      Ҳаё.

Усмон розияллоҳу анҳу одамларнинг энг ҳаёлиси эдилар. У киши Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматлари ичидан чиққан, олдида Аллоҳнинг фаришталари ҳам ҳаё қилган бир инсондир. Ҳатто Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам у кишидан ҳаё қилар ва: «Малоикалар ҳаё қилган одамдан мен қандай ҳаё қилмай», дер эдилар.

2.      Саховат.

Қурайшда ҳазрати Усмондан кўра саховатлироқ киши йўқ эди.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан барча ғазотларда иштирок этганлар. Ҳижрий 6 йил зулқаъда ойи, милодий 628 йилда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини Маккага умра мақсадида келганларининг хабарини бериш учун Қурайшга элчи қилиб юборганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўшанда Мадинадаги мусулмонлар билан бирга Маккаи мукаррама яқинидаги Ҳудайбия деган жойга келиб тушган эдилар. Усмон розияллоҳу анҳу бу вазифани яхшилаб адо этдилар. Қурайш у кишини ўзларига мойил қилиб олиш мақсадида кўп нарсаларни ваъда қилишди. Лекин ҳазрати Усмон: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тавоф қилмагунларича мен қилмайман», деб ҳатто тавоф ҳам қилмадилар. У киши ҳақларида «Усмон ўлдирилди» деган миш‑миш тарқалди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мана шу қавм билан урушмагунимизча ортга қайтмасдан, шу ерда турамиз», дедилар. Мусулмонлар жангдан қочмаслик, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоатсизлик қилмаслик ҳақида байъат қилдилар ва бу байъат «Ризвон байъати» деб номланди. Ушбу байъат ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг шарафларига амалга оширилган эди.

Табук ғазотида одамлар қийинчиликда қолишганида, Усмон розияллоҳу анҳу Шомга юборишга тайёрлаб қўйган икки юз туялик карвонини устидаги анжомлари билан, яна саккиз минг дирҳамни (кумуш танга) ҳам қўшиб, Аллоҳ йўлида эҳсон қилдилар. Сўнг яна юзта туяни эгар-жабдуқлари билан келтириб бердилар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига минг динор (олтин танга) олиб келиб бердилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бугундан кейин Усмон нима қилса ҳам зарар қилмайди», дедилар [1]. Усмон розияллоҳу анҳу кейин ҳам қайта-қайта эҳсон қилдилар, ҳатто улар пуллардан ташқари тўққиз юз туя ва юзта отга етган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳудан рози ҳолда вафот этдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир набийнинг ҳамроҳи бордир. Менинг жаннатдаги ҳамроҳим Усмондир», деганлар [2].

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг даврларида у киши Умар розияллоҳу анҳудан кейинги шахс сифатида давлат ишларини юритишда доим бирга бўлар эдилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу давлатнинг иккинчи шахси бўлганлар.

У кишидаги юмшоқлик билан ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудаги шиддат қўшилиб ўртача, мўътадил ҳолат юзага келар, бу эса давлат ишларини юритишда жуда ҳам муҳим эди.

«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди

[1] Имом Аҳмад, Ҳоким, Табароний ва бошқалар ривоят қилган.

[2] Имом Термизий, Абу Яъло, Ибн Асокир, Ибн Можа ва бошқалар ривоят қилган.

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу фақат фатҳ ишлари билангина машғул бўлиб бошқа ишларга қўллари тегмай қолгани йўқ. Балки у киши раҳбар сифатида ҳамма ишларни давоми...

1832 11:34 / 14.08.2024
Ислом охират кунига иймон келтиришни ҳам иймондаги рукн масалаларидан қилган. Иймон келтириш лозим бўлган нарсалар ичида бу масалага алоҳида эътибор берилади. давоми...

2290 09:45 / 18.11.2023
Холид ибн Суфён Ҳузалий исмли одам Мадинага бостириб бориш ниятида лашкар тўплади. Ҳузайл қабиласи Маккага яқин жойда эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

2770 18:00 / 11.12.2020
10бобФақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ айтадилар Музаккирда бўлиши шарт энг биринчи хислат солиҳликдир, чунки солиҳ бўлмаса, ақлли кишилар ундан қочиб, давоми...

1954 19:30 / 15.09.2020
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021