1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Ҳаёт сўқмоқлари

13:02 / 10.10.2024 2624 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Йўқотиш

У охирги пайтда жиззаки, жаҳлдор, сабрсиз бўлиб қолди. Олдинги хушмуомалалигидан асар ҳам қолмаган. Аёлига ҳам қаттиқ гапиряпти. Ишхонадагилар билан кўп тортишадиган бўлиб қолди. Кўчадаги тирбандликларда ҳам аввалги хотиржамлик йўқ. Энг ёмони, намоз ўқишга ҳам эринчоқлик пайдо бўла бошлади. Сабабини чуқурроқ мулоҳаза қилиб кўрса – тасбеҳини йўқотиб қўйган экан...

Операция

– Дўхтир, ўғлим яхши бўлиб кетармикан?

– Операциядан кейин аниқ бўлади.

– Илтимос, дўхтир, бир иложини қилинг. Бу ёруғ дунёда ўғлимдан бошқа ҳеч кимим йўқ.

– Қўлдан келганча ҳаракат қиламиз.

Олийгоҳни суперконтракт билан битирган шифокор шундай деди-ю, операцияга кириб кетди.

Нома

Жавондаги қутидан арзимаган пулнигина топа олган ўғри уйдан чиқиб кетаётиб, стол устидаги бир варақ қоғозга кўзи тушиб қолди. Унда «Ҳозирча шу пулни амаллаб тур. Бир ойда қайтаман» деб ёзилган эди.

Тиббий текширув

Олтита қиздан кейин яна ҳомиладор бўлиб қолган аёл «Жинси: қиз» деб ёзилган таҳлил қоғозни эрига тутқазди. Ўн йилдан бери фарзанд кўриш орзусида юрган ҳамшира қиз хонадан чиқиб кетаётган эр-хотинни ҳавас билан кузатиб қолди-ю, кўзини рўмолчаси билан артди.

Эртаси куни «Шошилинч ёрдам» бўлимида кечаги аёлни кўриб қолди, калтаклар зарбидан бечоранинг боласи тушиб қолган эди.

Хато

Ўғил ҳаллослаб келиб, онасининг оёғига ёпишди: «Энди ҳеч қачон гап қайтармайман, ойи! Олдингизда уф   тортмайман! Ишдан келганимда «Чарчадим, ойи, оёғингизни бошқа куни уқалаб қўя қолай», демайман. Кеч қолаётган бўлсам ҳам, эрталаб чойни сиз билан бирга ичиб кетаман. Хатоимни тушундим, ойи, мени кечиринг!».

– Қани, баравар кўтарамиз!

Жанозага келганлар аёлнинг тобутини кўтаришди. 

Сўнгги роман

У янги романига нима деб ном қўйишни билмай, анча вақт бош қотирди. Ниҳоят, кутилмаганда хаёлига келган номни танлаб, биринчи саҳифанинг бошига ёзиб қўйди. Шу пайт азон айтилди. Одатдагидек, масжидга чиқиб, намозни жамоат билан ўқиди. Чап елкасига салом берди-ю, гилам устига оҳиста йиқилди. «Аллоҳ жонимни намозда олсин» номли романининг чоп қилинганини кўриш насиб қилмади.

Ҳумоюн Отахон

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 3 август 03-07/4702-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Макка торлик қилиб қолди. У зотни ҳимоя қилиб, ғамхўрлик қилиб турган амакилари Абу Толиб вафот қилди. Расулуллоҳ давоми...

3317 16:40 / 31.01.2022
350. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бир одам қишлоқдаги биродарини зиёрат қилди. Аллоҳ унинг йўлига бир фариштани юборди. У.Қаерга давоми...

5826 14:00 / 15.05.2021
243. 290. Товусдан ривоят қилинади.Абу Ҳурайрадан эшитдим .Садақа қилувчи ва бахил мисоли темир тўн кийган икки киши кабидир. Иккисининг баданлари ёки қўллари шак давоми...

6631 21:13 / 02.05.2017
Али розияллаҳу анҳудан ривоят қилинади . Хар бир мусулмоннинг мусулмон биродарлари олдида 30та мажбуриятлари бордир. Ушбу мажбуриятларни адо этмаганларга давоми...

5854 14:03 / 26.05.2017
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021