1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом адабиёти

Яхшидир аччиқ ҳақиқат

11:01 / 26.10.2024 2262 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Камтарлик ҳақида

Гарчи шунча мағрур турса ҳам,

Пиёлага эгилар чойнак.

Шундай экан, манманлик нечун,

Кибру ҳаво нимага кepaк?

 

Камтарин бўл, ҳатто бир қадам

Ўтма ғурур остонасидан.

Пиёлани инсон шунинг-чун

Ўпар доим пешонасидан.

1956

 

Садоқат

Кекса қайрағочнинг

Илдизин очиб,

Тортдилар қўш арқон солиб белидан.

Лекин у тупроққа панжасин санчиб,

Сира қўзғалмасди

Унган еридан...

Ниҳоят гурс этиб ерга қулади,

Бутаб, сўнг кўтариб кетдилар,

бироқ –

У ўз панжасида олиб жўнади

Яшаган еридан

Бир сиқим тупроқ.

1964

 

Яхшидир аччиқ ҳақиқат

 

Яхшидир аччиқ ҳақиқат,

Лек ширин ёлғон ёмон,

Ул ширин ёлғонга мендек

Алданиб қолғон ёмон.

Умримиз алдоқ жаҳонда

Алданиб ўтгай, ва лек

Сўнгги қийналғон ёмондир,

Сўнгги қийналғон ёмон.

Айтгали аччиқ азобинг

Бўлса дилдош яхшидир,

Сўз демай ўтли аламни

Жонингга солғон ёмон.

Жонга солғон ҳам на создир,

Элга сўйлаб мен каби

Шоири девонаи ишқ

Номини олғон ёмон.

Гар қилич келса бошингга,

Қўрқма, Эркин, ростни айт,

Яхшидир аччиқ ҳақиқат,

Лек ширин ёлғон ёмон.

1988

Кечир, ё Раб!

 

Менга тош отди бир жоҳил,

Кечир, ё Раб, кечирдим мен,

У қулдир, бандаи ғофил,

Кечир, ё Раб, кечирдим мен.

 

Жаҳонда фитналар бордир,

Адолат гоҳи ночордир,

Адолат қил, ўзинг одил,

Кечир, ё Раб, кечирдим мен,

 

Ёмон бўлдим, ёмон бўлдим,

Хато ўққа нишон бўлдим,

Хато қилган эмас қотил,

Кечир, ё Раб, кечирдим мен.

 

Гуноҳидан ўт ул жоннинг,

Сўзига кирди шайтоннинг,

Кўнгил алданмоға мойил,

Кечир, ё Раб, кечирдим мен.

 

Тутарман ул синиқ одам

Синиқ имонига мотам,

Дилига эътиқод жо қил,

Кечир, ё Раб, кечирдим мен.

 

У ҳам, мен ҳам қиёматда

Турармиз лол хижолатда,

Бўлиб даргоҳингга дохил,

Кечир, ё Раб, кечирдим мен,

 

Кечир, янглишмаган ким бор,

Менинг ҳам кўп гуноҳим бор,

Одамзод асли нокомил,

Кечир, ё Раб, кечир, ё Раб!

Эркин Воҳидов 1991.

«Ҳилол» журнали 3 (60) сон

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
АЖАБ САОДАТ...Уларнинг жисмлари ҳибсда. Руҳлари эса озодликда. Ҳозир ўқлар узилади. Бедор юраклар уришдан тўхтайди. Жисм ҳаёт чоғида агар юрак фақат қон ҳайдаш давоми...

5305 05:00 / 07.03.2017
...Шеър фақат фисқу фужур, қандайдир казоказоларнинг мақтови, базму жамшидларнинг васфи, қандайдир маъшуқанинг мадҳи, оҳвоҳ ва дийдиёлар эмас. Балки шеър эзгулик, давоми...

8823 05:00 / 07.03.2017
Қалбим туғёнлари тинч қўймайди ҳеч,Унга назар солиб, қўрқиб кетаман.Мана кун ҳам тугаб, кириб қолди кечАллоҳ учун не қилдим Ўйлаб қоламан...Ўйлаб ўйим етмас, йўқдир давоми...

3676 05:00 / 07.03.2017
ЮСУФ АЛАЙҲИССАЛОМ ҚИССАСИОтаси суярди кенжа ўғлини...Ҳажрида ёш тўкиб йиғларди юмюм.Сўндирмоқ бўлишди дилда чўғини,Бироқ, умидини узмади бир зум.Ўлдирмоқ бўлишди давоми...

5663 05:00 / 07.03.2017
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021