1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Президент Шавкат Мирзиёевнинг халқаро конференция иштирокчиларига мурожаати

16:02 / 05.12.2024 867 pdf Ўқиш режими + -

«Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг барқарор ривожланиши учун атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш истиқболлари: халқаро ва миллий тажриба» мавзусидаги халқаро конференция иштирокчиларига

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Хонимлар ва жаноблар!

Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш ва уни ривожлантиришнинг долзарб масалаларига бағишланган халқаро анжуманнинг барча қатнашчиларини чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Мана шундай муҳим ва нуфузли форумни мамлакатимизда ўтказиш ташаббусини фаол қўллаб-қувватлагани ва шахсан иштироки учун Атом энергияси бўйича халқаро агентлик бош директори Рафаэль Гросси жанобларига алоҳида миннатдорлик изҳор этаман.

Мазкур анжуманнинг азалдан Шарқ ва Ғарбни боғлаб келган, бугунги кунда халқаро ҳамкорлик борасидаги энг долзарб масалалар бўйича глобал миқёсда самарали мулоқот марказига айланиб бораётган қадимий Самарқанд шаҳрида ўтказилаётгани бизга алоҳида мамнуният бағишлайди.

Ҳурматли конференция қатнашчилари!

Иқлим ўзгаришларининг салбий таъсири ва анъанавий энергия манбалари тақчиллиги яққол сезилаётган ҳозирги шароитда тинч атом ҳаёт сифатини ошириш ва миллий тараққиёт стратегияларини амалга оширишда муҳим муқобил ечим ҳисобланади.

Шу маънода, ўтган йили Дубай шаҳрида ўтказилган КОП28 Иқлим саммитида кўплаб мамлакатлар етакчиларининг атроф-муҳитга углеводород энергетикаси манбалари салбий таъсирини кескин камайтириш мақсадида 2050 йилга қадар атом электр энергетикаси қувватларини уч баробарга ошириш бўйича эришган муҳим келишувлари бежиз эмас албатта.  

Мамлакатимизни ишончли, хавфсиз, иқтисодий самарадор ва экологик тоза энергия манбалари билан таъминлаш – Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда устувор йўналишлардан бири сифатида етакчи ўрин эгаллаб келмоқда.

Биз соҳанинг ҳуқуқий-институционал асосини мустаҳкамлаш учун Миллий агентлик ташкил этдик, Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш ҳақидаги қонун, Атом энергиясини ривожлантириш бўйича узоқ муддатли концепция, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган стратегияни қабул қилдик. Соҳа учун юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш тизимини жорий этдик.

Юртимиз жаҳонда биринчилардан бўлиб, халқаро талаб ва стандартларга мувофиқ, кичик қувватли атом электр станцияларини барпо этишга киришди. Биз ушбу лойиҳаларни, бундан ташқари, соғлиқни сақлаш ва қатор илмий дастурларни муваффақиятли амалга оширишда МАГАТЭни ўзимиз учун муҳим шерик деб биламиз.

Ҳеч шубҳасиз, атом энергияси бўйича илғор технологияларнинг жорий этилиши мамлакатимиз тараққиётига кучли туртки беради ҳамда янги илмий-технологик ишланмалар ва инновацион иқтисодиётга ўтиш учун имкон яратади.

Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!

Ушбу анжуман соҳада тўпланган бой билим ва тажрибаларни ўзаро алмашиш, кенг қамровли ҳамкорлик ўрнатиш ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда тинч атомдан самарали фойдаланиш бўйича аниқ тавсия ва амалий таклифлар ишлаб чиқиш учун ғоят зарур мулоқот майдони бўлиб хизмат қилишини алоҳида таъкидламоқчиман.

Конференция кун тартибига соҳадаги фаолиятни МАГАТЭ билан мувофиқлаштирган ҳолда АЭСлар барпо этиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, ядро технологияларини ривожлантиришнинг экологик жиҳатлари каби ўта долзарб масалалар киритилган. Шунингдек, инновациялар, ядровий тиббиёт, соҳада таълимни ривожлантириш ва малакали кадрлар тайёрлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилади, деб ишонаман.

Аминманки, анжуман давомида муҳокама қилинадиган барча ғоя ва ташаббуслар ушбу муҳим тармоқда ўзаро мулоқотни ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, энергетик хавфсизликни мустаҳкамлаш, давлатларнинг барқарор тараққиётини таъминлашга хизмат қилади.

Ўзбекистон барча хорижий ҳамкорлар билан ушбу устувор йўналишда яқин ҳамкорлик қилишга доим тайёрдир.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, олижаноб фаолиятингизда улкан ютуқлар, анжуман ишига эса муваффақиятлар тилайман.

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

 

Манба
president.uz
Мавзуга оид мақолалар
Туркиянинг Мардин вилоятида яшовчи Султон Кўсенга муфтийлик вакиллари унинг учун махсус тайёрланган совғаларни топширди. Бу ҳақда маҳаллий оммавий ахборот давоми...

2546 14:00 / 24.03.2021
Ҳозирда Франциянинг .Пари СенЖермен, клубида ўйнаётган таниқли футболчи Идрисса Гуйе яқинда ЛГБТни тарғиб қилувчи кийим кийишдан бош тортгани учун ўз клубининг давоми...

3971 19:00 / 18.05.2022
Албаниянинг Тирана шаҳрида ўтказилаётган Ислом бирдамлиги спорт ассоциацияси ISSAнинг 13Бош ассамблеясида миллий спортимиз кураш 2025 йили Саудия Арабистонининг давоми...

1118 16:45 / 25.12.2024
Гонконгдаги йирик исломий ташкилот 2026 йилгача 500 дан ортиқ ҳалол таомланиш жойларни сертификатлашни режалаштираётир. Гонконгнинг бош ижрочи раҳбари Жон Ли Ка давоми...

1276 14:29 / 29.10.2024
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021