1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Аллоҳ ҳар бир ҳақ эгасига ҳаққини бергандир

11:51 / 11.02.2025 2241 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي أُمَامَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ اللهَ قَدْ أَعْطَى كُلَّ ذِي حَقٍّ حَقَّهُ فَلَا وَصِيَّةَ لِوَارِثٍ، لَا تُنْفِقُ امْرَأَةٌ شَيْئًا مِنْ بَيْتِهَا إِلَّا بِإِذْنِ زَوْجِهَا، قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ، وَلَا الطَّعَامَ؟ قَالَ: ذَلِكَ أَفْضَلُ أَمْوَالِنَا، ثُمَّ قَالَ: الْعَارِيَةُ مُؤَدَّاةٌ، وَالْمِنْحَةُ مَرْدُودَةٌ، وَالدَّيْنُ مَقْضِيٌّ، وَالزَّعِيمُ غَارِمٌ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَصَحَّحَهُ.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ ҳар бир ҳақ эгасига ҳаққини бергандир. Ворисга васият йўқдир. Аёл эрининг рухсатисиз уйидан бирор нарсани нафақа қилмас», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, таомни ҳамми?» дейилди.

«У молларингизнинг афзалидир», дедилар. Сўнгра:

«Ория адо этилур. Минҳа қайтарилур. Қарз узилур. Зомин бўлган тўловчидир», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар. Термизий саҳиҳ, деган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда инсоннинг молиявий ҳуқуқлари, мулк ҳаққи Аллоҳ томонидан берилганлиги таъкидланмоқда.

«Албатта, Аллоҳ, ҳар бир ҳақ эгасига ҳаққини бергандир» дейилгани инсонга мулк ҳаққини Аллоҳ берганини, бу ҳақни ҳеч ким ман қила олмаслигини таъкидлашдир.

1. «Ворисга васият йўқ».

Ворисга меросдан тегадиган ҳаққини Аллоҳ таолонинг Ўзи белгилаб бергандир. У ҳақни ҳеч ким бекор қила олмайди. Ҳаттоки, мерос қолдирувчи васият қилса ҳам ўтмайди. Мисол учун, «Фалончи меросхўримга мендан қолган меросдан берилмасин», деса, ушбу васият ўтмайди. Мазкур меросхўр бари-бир шариатда кўрсатилган ҳаққини олади. Шунингдек, «Фалончи меросхўримга камроқ мерос берилсин», деса ҳам, барибир унга шариатда кўрсатилган ҳисса берилади.

2. «Аёл эрининг рухсатисиз уйидан бирор нарсани нафақа қилмас».

Чунки у ҳолда эрининг ҳаққини поймол қилган бўлади. Агар аёлнинг ўз моли бўлса, ихтиёр ўзида.

3. «Ория адо этилур».

Яъни, орияга олинган нарса ўз эгасига қайтариб берилур. Чунки бу унинг ҳаққи. Орияга олган нарсасини эгасига қайтариб бермаган одам катта гуноҳ иш қилган бўлади. Бу эса бировнинг Аллоҳ берган ҳаққини ноҳақ поймол қилган билан баробардир.

4. «Минҳа қайтарилур».

«Минҳа» соғиб ичиб туриш учун берилган туя, қўй ёки сигирдир. Бу ҳам ўз эгасига ўз вақтида қайтарилиши лозим. Ўзига ёрдам сифатида вақтинча соғиб ичиб туриш учун берилган ҳайвонни эгасига бермай қўйиш номардлик ва инсофсизлик бўлади. Бу ҳам бир одамнинг Аллоҳ берган ҳаққини поймол этиш бўлади.

5. «Қарз узилур».

Қарз олиб, уни узмай, еб кетиш энг оғир гуноҳлардан саналади. Бу ўзига яхшилик қилиб, оғир вақтида ёрдам қилган инсоннинг юзига оёқ қўйиш билан баробар бўлиб, унга Аллоҳ томонидан берилган ҳақни зулм ила поймол этиш бўлади.

6. «Зомин бўлган тўловчидир».

Бир одам «Мен зоминман», деб, бир кишининг молини бошқа одамга олиб берган бўлса-ю, олган одам уни қайтармаса, зомин бўлган киши тўлаб бериши лозимдир. Бировнинг ҳалол ҳаққи поймол бўлмаслиги лозим.

Ушбу қоидаларни ҳар бир мусулмон яхшилаб ўрганиб олиб, уларга амал қилиб яшамоғи лозим. Бировнинг ҳаққини ейиш гуноҳ. Ушбу ҳадисда айтилганидек, ҳар бир инсоннинг ҳаққи Аллоҳ томонидан берилган. Бировнинг ҳаққига хиёнат қилган одам Аллоҳ таоло томонидан берилган ҳаққа хиёнат қилган бўлади.

«Ҳадис ва ҳаёт»нинг 11-жузидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мадинаи Мунавварага кўчишнинг биринчи йили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчилигида мазкур шаҳар яқинидаги Қубо қишлоғида илк масжид қурилди. Унда илк давоми...

1373 11:23 / 28.07.2025
Ўнг тараф соҳиблари... Ўнг тараф соҳиблари недирУлар тикансиз сидрзорлардадирлар.Сидр ndash ҳушбўй ҳидли бута бўлиб, араблар бу ўсимликни ҳиди учун яхши кўрар давоми...

6687 16:00 / 08.02.2022
Оила, иш, омад, фаровонлик ва ҳоказолар тўлақонли бахтли бўлишимизнинг омилларидир. Мусулмон бўла туриб бизнинг икки дунё бахтсаодатимиз фақат Аллоҳнинг қўлида давоми...

39053 18:14 / 10.04.2018
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирди Қози Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ айтади .Отам вафот этганида мен ёш бола эдим. Онам мени газлама оқловчига олиб бориб давоми...

2046 09:00 / 27.12.2022
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021