1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Ёмонларнинг ёмонлигига индамаслик уларга шерик бўлиш билан баробар

19:00 / 04.03.2025 2079 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ

«Бану Исроилдан куфр келтирганлари Довуд ва Ийсо ибн Марям тилларида лаънатландилар. Бу осийлик қилганлари ва ҳаддан ошганлари учундир» (Моида сураси,78-оят).

Бану Исроил узоқ тарихи давомида доимо ўзларига ҳидоят учун юборилган пайғамбарларга исён қилгани, уларга қарши чиқиб келгани аввал ўтган оятларда ва уларнинг тафсирида айтиб ўтилди. Энди эса ўша пайғамбарлардан икки буюги – Довуд ва Ийсо алайҳиссаломлар мисол тариқасида зикр қилинмоқдалар. Икковлари ҳам Бану Исроилни исёни ва тажовузкорлиги учун лаънатлаган эдилар. Аслида ҳидоятга бошлаш учун Аллоҳ томонидан раҳмат бўлиб келган пайғамбар бўлар-бўлмас ишга бир қавмни лаънатлайвермайди. Жуда ҳам ўтиб кетганидан, чидаб бўлмайдиган ҳолга етганлигидангина қилиши мумкин бу ишни. Шунинг ўзи ҳам Бану Исроилнинг ким эканини кўрсатиб турибди.

Шу билан бирга, Бану Исроилнинг бошқа айблари ҳам бор эди:

ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁﮂ ﮃ ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ

«Улар ўзлари қилган ёмон ишдан бир-бирларини қайтармас эдилар. Қасамки, қилаётган ишлари қандай ҳам ёмон!» (Моида сураси,79-оят).

Яҳудийларнинг пайғамбарларга исёнлари ва тажовузкорликларининг сабаби ҳам улар ёмонликни қабул қилаверадиган бўлиб қолганликларидадир. Яъни уларда бир-бирини ёмон ишдан қайтариш одати йўққа чиқиб қолган эди. Бундай жамият дунёдаги энг расво жамиятга айланади. Ҳар бир жамиятда ёмон одамлар ҳам, ёмонлик ҳам бўлади. Аммо яхши жамият ўз ичида ёмонлик тарқашига йўл қўймайди. Ёмонларнинг йўлини тўсади. Қўлини боғлайди. Бундай қилмаган жамият эса бориб-бориб ҳалокатга учрайди. Бану Исроил худди шундай бўлган. Бу ҳақиқат Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам тасдиқланган.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бану Исроил маъсиятлар қилганида, уламолари уларни қайтардилар, аммо улар қайтмадилар. Сўнгра улар мажлисларда бирга ўтираверишди, бирга еб-ичаверишди. Аллоҳ уларни бир-бирларига қўшиб юборди ва Довуд ҳамда Ийсо ибн Марям тилида лаънатлади (Бу эса исён қилганлари ва тажовузкор бўлганлари учун бўлди), – дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнбошлаган ҳолда эдилар, туриб ўтирдилар ва: – Менинг нафсим қудрат қўлида бўлган Аллоҳга қасамки, то уларни ҳақ ила яхшилиб ўраб олгунингизча», – дедилар.

Имом Абу Довуд Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилишича:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бану Исроилни нуқсонга учратган биринчи нарса – улардан бир киши бошқасини учратганда «Эй Фалончи, Аллоҳдан қўрқ, қилмишингни ташла, бу сенга ҳалол эмас», – дер эди-ю, кейин эртасига кўришса, бирга ўтириб, бирга еб-ичиб кетаверар эди. Мана шундай қилганларидан сўнг Аллоҳ таоло уларни бир-бирларига қўшиб юборди, – дедилар ва «Бану Исроилдан куфр келтирганлари Довуд ва Ийсо ибн Марям тилларида лаънатландилар» оятини ўқидилар. Сўнгра: – Йўқ! Аллоҳга қасамки, албатта, яхшиликка буюрасизлар ва албатта, ёмонликдан қайтарасизлар, албатта, золимнинг қўлидан оласизлар, уни ҳақ учун халқа каби ўраб оласизлар! – дедилар».

Имом Муслим Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сиздан ким бир ёмон ишни кўрса, қўли билан ўзгартирсин. Агар унга қодир бўлмаса, тили билан ўзгартирсин. Агар унга ҳам қодир бўлмаса, қалби билан. Аммо буниси иймоннинг заифидир», – деганлар.

Яъни мусулмон одам ёмонликни иложи борича ўзгартиришга ҳаракат қилмоғи керак. Қўли ва тили билан ўзгартиришга имкон топмаса, қалби билан инкор қилиш лозим. Бу эса иймони заифлигининг аломатидир. Агар қалби билан ҳам инкор қилмаса, иймони қолмаган бўлади. Ёмонларнинг ёмонлигига индамай қараб туравериш уларга шерик бўлиш билан баробар. Шунинг учун Аллоҳ таоло ёмонлик кенг тарқалган жамиятни жазолаганда ҳаммасини қўшиб жазолайди.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Адий ибн Умайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Одамлар ўз ораларида ёмонликни кўриб туриб, уни инкор қилишга қодир бўлиб туриб, инкор қилмай юрмагунларича Аллоҳ ознинг амалига кўпчиликни азобламайди. Агар шундай қилсалар, Аллоҳ хосни ҳам, омни ҳам қўшиб азоблайди», – деганлар.

Бугунги мусулмонларнинг ушбу қоидани эсдан чиқариб қўйганлари бошларига тушаётган мусибатларга сабаб бўлаётган бўлса, ажаб эмас.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ушбу оятлар синчиклаб ўқибўрганилса, Исломнинг поклик дини, поклик бўлганда ҳам, мукаммал поклик дини экани яққол намоён бўлади. Аввалги беш оятда пок давоми...

9133 10:54 / 22.02.2013
Аллоҳ таоло Каҳф сурасида шундай марҳамат қилади На уларнинг ва на отабоболарининг бу ҳақда илмлари йўқдир. Оғизларидан чиқадиган сўз қандай ҳам оғир давоми...

3369 10:00 / 08.11.2018
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун тутмас. Лекин қалбларингиз касб қилган нарса учун тутадир. Ва давоми...

3641 11:08 / 08.02.2020
Аллоҳ таоло Тавба сурасида бундай деб марҳамат қилади .Сен .Бизга Аллоҳ ёзиб қўйган нарсадан ўзгаси зинҳор етмайди. У бизнинг Хожамиздир. Мўминлар давоми...

3137 07:05 / 15.11.2018
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021