1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Иродали шахслар

10:30 / 08.04.2025 1673 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Араб ўлкаларида жисмоний жиҳатдан муаммоли шахсларга нисбатан инвалид ёки ногирон сўзлари ишлатилмайди. Шунингдек, ақлий ривожланишдан ортда қолган, аутизмдан азоб чекаётган ёхуд нутқ ёки эшитиш муаммосига эга бўлган кишилар, Даун синдромига чалинган ва ҳоказоларга нисбатан уларни ранжитиши мумкин бўлган сўзлар қўлланмайди. Балки, улар (жисмоний ва ақлий нуқсони борлар) "أصحاب الهمم" «ҳимматлилар» ,«иродали шахслар» деб аталади.

Ушбу истилоҳни илк бора Дубай амири шайх Муҳаммад бин Рошид Оли Мактум 2016 йили таклиф қилган ва шундан бери барча араб давлатларида кенг кўламда қўлланиб келмоқда.

Унга қадар ҳам жисмоний, ақлий, ҳиссий, нутқий, ижтимоий, таълимий қобилиятларида тўлиқ ёки жузъий нуқсонга эга бўлган шахсларга нисбатан умумий тарзда "ذوو الاحتياجات الخاصة" «махсус эҳтиёж соҳиблари» деган чиройли атама қўлланган.

2016 дан бери эса бундай шахслар умумий тарзда «иродалилар», «ҳимматлилар» деб аталмоқда.

Улар аутизмни ҳам «таваҳҳуд», яъни «ёлғизланиш» сўзи билан ифода қиладилар, аутизмга чалинганларни эса «мутаваҳҳид» дейдилар.

Араблар қадимдан эвфемизмга мурожаат қилиб келадилар, қўпол ёхуд руҳий жиҳатдан «юки оғир» бўлган сўзларни гўзалроғига алмаштирадилар. Масалан, тиланчига рад қилмоқчи бўлсалар "الله يفتح عليك" «Аллоҳ сизга барака эшикларини очсин!» деган дуодан иборат гўзал сўз ишлатадилар, «бор, йўқол, кет!» демайдилар.

Қадимда бирор кимсанинг мажнун ва девона бўлиб қолгани ҳақида гапирмоқчи бўлсалар "به لطف الله" яъни, «Аллоҳ лутф қилган одам» деганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам яхши сўздан хушланар, салбий маънога эга бўлган номларни ижобийсига ўзгартирар эдилар. «Ясриб»ни «Тоба»га, ўзгартирганлари, баъзи кимсаларнинг салбий маъно ташиган исмини яхшироғига ўзгартиришлари ва бошқа шу каби кўплаб ҳолатлар сўзимизга далилдир. Сийратда бунга мисоллар кўп.

 

Қуръони Каримда ҳам бунга мисоллар жуда кўп. Масалан, жинсий алоқа, жимоъ, қўшилиш каби сўзларнинг ўзи ҳам аслида эвфемизм ҳисобланади. Лекин, Қуръони Карим бу сўзлардан ҳам қочиб, мазкур тушунчани "الملامسة", "المباشرة" (тегмоқ, тегинмоқ), "قرب" (яқинлашмоқ), "اتيان" (келмоқ) каби сўзлар билан ифода қилади.

Саҳобалар ҳам сўзни гўзал қилиш ва сўзда одобга риоя қилганлар. Агар кимнингдир касаллиги ҳақида хабар берилса, хаста ёки касал эмас, солим яъни соғлом сўзи ишлатилган. Масалан, фалончи қандай деб сўралганда «солим (соғлом)» деб жавоб берилса, бу унинг хасталигини англатган.

Бир куни ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу ҳузурларида бир инсон бошқасига фалон нарса қўлтиғинг тагида турибди, деганда (эҳтимол, чалқанча ётган ёхуд қўлини узатиб ётган бўлиб, мазкур аъзоси остида нимадир бўлган бўлиши мумкин), ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу «сўзларингизни гўзаллаштиринг «қўлтиғинг тагида эмас, қўлинг тагида» денг!», дея сўзларни чиройлироқларига алмаштириб, хунукларидан киноя қилишга буюрганлар.

Хулоса шуки, мусулмон киши имкон қадар қўпол сўзлардан қочиши, каломини гўзаллаштириши матлуб ва бу ислом одоби ҳамдир.

Баъзилар, тилда борку дея ўта хунук ва қўпол сўзларни бемалол ишлатишларига гувоҳ бўламиз ва буни хато деб биламиз. Мусулмон киши имкон қадар хунук ва қўпол, фоҳиш сўзларни очиқ гапирмасдан енгилроғи, чиройлироғи билан ўзгартириб, унга нейтрал сўзлар воситасида ишора қилиши мақсадга мувофиқ.

Алишер Султонходжаев

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2025 йил 4 мартдаги 03-07/1462-сонли рухсати асосида тақдим қилинди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
491. Ғутойф ибн Ҳорисдан ривоят қилинади.Бир киши бемор бўлиб ётган Абу Убайда ибн Жарроҳнинг олдига кириб.Амирнинг ажри қандай бўлди, деди..Нимадан ажр давоми...

8415 09:00 / 12.07.2021
1965 йили вa ундaн олдинги йиллaри кaпитaлистик Aмерикa вa коммунистик Русия одaмлaри фaзогa сaфaрлaр қилганларида ҳaмдa Ер aтрофини aйлaнгaнлaридa, яхши умидлaримни эсдалик давоми...

1858 13:33 / 05.04.2023
Бир киши Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг олдига келиб деди Мен бир кишининг олдидан келяпман, у одамларга Қуръонни ёддан имло қиляптиУмар розияллоҳу анҳу давоми...

3367 14:00 / 06.06.2022
Эй Набий, жуфтларингга, қизларингга ва мўминларнинг аёлларига айт жилбобларини ўзларига яқин қилсинлар. Ана ўша танилмоқлари ва озорга учрамасликлари учун давоми...

11727 16:12 / 01.02.2018
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021