1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Муваффақиятсиз кун – қайғулар кўп бўладиган кун

13:07 / 03.05.2025 1833 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир қиз айтади: «Онам доим айтардилар: «Бекорчи қолган кунинг қайғу кўп бўлади, иш қилган, кўп ҳаракат қилган кунинг эса ғам-ташвишинг эсингдан чиқиб кетади. Бирор кун маҳзун ҳолатга тушсанг, нимадир иш қилгинки, ўша иш қайғуларингни енгиллаштирсин».

Бу сўзларни онамдан юз марталаб эшитганман, лекин унчалик эътибор бермаган эканман. Онам жуда сабрли аёл эдилар, мени маҳзун ҳолатда кўрсалар, сокинлик билан шу сўзларни айтиб, меҳр билан бошимдан ўпиб қўяр эдилар.

Онам қуруқ сўз билан кифояланиб қолмадилар, балки менга жуда чиройли пештахтача совға қилдилар. Уни очиб қарасам: «Бекорчи қолинган кун — қайғу кўп бўладиган, иш-ҳаракат кўп бўлган кун эса ғам-қайғулар унутиладиган кундир», деб ёзилган экан. Совғани қабул қилдим, онамга эса тилимнинг учида раҳмат айтдим, чунки буни совға қилиб беришга арзийдиган нарса деб ҳисобламаган эдим.

Бир куни нимадандир жуда хафа бўлдим. Онам бувимни кўришга кетган эдилар. Негадир айни ўша куни онамни жуда яқин ҳис қилдим. Онам менга гўё «Бекор ўтган кунинг — қайғу кўп бўладиган кундир», деяётгандек бўлдилар. Шунда ўзимга ўзим: «Ҳозир кўнглимни кўтарадиган қандай иш қилишим мумкин?» дедим.

Ўйлаб-ўйлаб, ошхонага кирдим-да, дуч келган бир рецептга қараб, торт пиширишга киришдим. Торт пишгунча руҳим бироз енгиллашганини ҳис қилдим. Шунинг учун яна нимадир қилишга қарор қилдим. Таҳорат қилиб, кучим етганича Қуръон ўқидим. Ҳолатим олдингидан ҳам яхшиланди.

Кечга яқин онам уйга қайтиб келдилар. Ошхонада мен пиширган чиройли тортни кўриб, хурсанд бўлиб кетдилар. Менга раҳмат айтиб, табассум билан: «Онангнинг насиҳатига қулоқ солиб, ғам-қайғуларингни иш билан енгибсан-а?» дедилар.

Кўзимда ёш билан: «Ҳа, онажон! Биринчи марта! Мендан умид узмаганингиз учун, эътибор қилмасам ҳам, насиҳат қилишдан тўхтамаганингиз учун сизга раҳмат!» дедим.

Шунда онам мени қучоқлаб, шундай дедилар: «Қизалоғим! Сенга бир сирни айтаман. Ёшлигимда менинг ғам-қайғуларим шунақанги кўп эдики, айтсам ишонмайсан. Бувим буни сезиб, шундай дедилар: «Қалбда қайғу учун ҳам, бахт учун ҳам жой бор. Буёғи ўзингга боғлик — бахтга кўпроқ жой ажратсанг, қайғуга жой қолмайди. Қайғуга кенгроқ жой берсанг, бахтга жой қолмайди». Бувимдан: «Қандай қилиб бахтга кўпроқ жой ажратаман?» деб сўрадим. Бувим: «Бекор ўтирмаслик билан, бирор фойдали ишга чалғиш билан. Юр, нон ёпамиз», дедилар. Бувим билан хамир қориб, бирга нон ёпдик. Отам мен ёпган нондан еб кўриб, роса мақтадилар, раҳмат айтдилар. Онам эса пешонамдан ўпиб, ҳаққимга дуо қилдилар. Шунда бувим: «Хўш, қалай?» дедилар. «Роса хурсандман, бувижон!» дедим. Бувим: «Мана, кўрдингми? Сен фойдали иш қилдинг – нон ёпдинг (ваҳоланки, нонни ўзим эмас, бувим айтгани учун ёпган эдим). Бундан кейин ҳам доим шундай бўлсин. Бошингга бирор иш тушдими, бирор фойдали иш билан банд бўлгин. Шунда қалбингда бахт учун жой кенгайиб, қайғуга жой қолмайди», дедилар. Ўша кундан бошлаб бувим ҳаётимни каттаю кичик фойдали ишлар билан тўлдиришда ёрдам берадиган бўлдилар. Нимадир иш қилсам, шодлигим ортар, қайғуларим эса камаярди. Авваллари сиқилган пайтимда яшашдан ўлимни афзал деб билардим. Энди эса ҳаётим орзу-умидлар билан лиммо-лим тўлди».

Бекор ўтган кун – қайғулар кўп бўлган кун. Фойдали иш қилинган кун эса қайғулар чекинадиган кундир.

Шундай экан, бирор фойдали, савобли иш билан машғул бўлинг. Иншааллоҳ, шунда Аллоҳ қалбингизни бахт билан тўлдириб, қайғуларингиздан халос этади.

«Қулоғим сенда қизим!» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2024 йил 5 сентябрдаги 03-07/5394-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Зайнаб бинти Муҳаммад розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизларидир. Оталарига пайғамбарлик келишидан ўн йил аввал Маккада давоми...

4407 17:00 / 02.11.2020
Aллоҳ таолога ҳамду саноларимиз бўлсинки, бизни Ислом неъмати билан ризқлантирди, аёлларнинг жамиятдаги ўрнини кўтариб, жаннатни унинг оёқлари остида қилиб давоми...

3006 09:00 / 15.06.2023
Фарзанд Аллоҳ берган улуғ неъматдир. Отаона бу неъматга шукр қилишлари лозим. Шукрнинг асосийси фарзандни неъмат берувчи Зот ndash Аллоҳнинг розилигини қозонадиган давоми...

2563 11:03 / 15.08.2020
Бегона аёлни эмиш туфайли ҳалолҳаромга боғлиқ ўта аҳамиятли ҳукмлар келиб чиқишини эмикдошлик туфайли никоҳи абадий ҳаром қилинган аёллар ҳақидаги ўта нозик ва давоми...

2655 11:00 / 08.04.2020
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021