1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Умидсизликка тушма

12:28 / 24.05.2025 1990 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга кетаётган эдилар. Йўлда сузишаётган икки қўчқорни кўриб қолишди. Шунда у зот Абу Зарр розияллоҳу анҳуга дедилар:

- Эй Абу Зарр! Уларнинг нега сузишаётганини биласанми?

- Йўқ!

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

- Аммо Аллоҳ таоло билади. Қиёмат куни улар орасида ҳукм қилади!

Ҳаёт дегани фақат шу дунё эмас. Ололмаган ҳаққинг учун умидсизликка тушма. Бошқалардан зўрлик биланми, алдоқчилик биланми, чув туширибми эгаллаб олган нарсангга суюнма. Охиратда тана аъзоларигача гувоҳлик берадиган маҳкама ўрнатилади. Ўзингники бўлмаган нарсани олган қўлинг, ҳалол бўлмаган нарсага қараган кўзларинг, ҳаром еган оғзинг, одамларга азият берган тилинг ўша кунда гувоҳлик беради. Ўзингнинг гувоҳларинг сенга қарши ёки фойдангга гувоҳлик беришади.

Яхши гувоҳни танла!

Фақат аёллиги учунгина меросдан маҳрум қилинган азиз қизларимиз! Аллоҳга қасамки, қиёмат кунида ҳаққингизни олганингизда, бугунги кунда меросингизни олгандан кўра кўпроқ хурсанд бўласиз!

Бехудага эридан калтак ейдиган, қўпол сўзлар эшитадиган, унга сабр қилиб «Ҳасбияллоҳу ва неъмал вакил» дейдиган азиз аёлларимиз! Қиёмат кунида эрингиздан ҳаққингизни олганингизда, Аллоҳга қасамки, бугун ҳаққингизни олгандан кўра кўпроқ хурсанд бўласиз!

Хўжайини беҳурмат қиладиган, бу камситилишларга бола-чақаси оч қолмаслиги учун чидаб юрадиган бечора ишчилар! Аллоҳга қасамки, қиёмат кунида Аллоҳнинг ҳузурида ҳаққингизни албатта оласиз. Ўшанда бу дунёда раҳбарингиз сизни ҳурмат қилганидан кўра кўпроқ хурсанд бўласиз!

Ишчилари кўзининг олдида яхши ишлаб, нари кетганда «вақт ўтса бўлди»га ишлайдиган раҳбарлар, агар келишилган иш ҳақини бераётган бўлсангиз-у, ходимларингиз шартлашилган вазифани бажармаётган бўлса, кўпам куюнманг, ҳали қиёмат кунида улар сиз учун «ишлаб беришади».

Барчангизга хушхабар бўлсин! Икки қўчқор мукаллаф бўлишмаса-да, улар ўртасида адолат билан ҳукм қиладиган одил Раббимиз сиз ва рақибингиз орасида яқинда адолат билан ҳукм қилади!

Ўша кунда мазлум ҳолатда турганлар хурсанд бўлишади!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Ейиш ва ичишингиз ҳалол ва пок бўлишига эътиборли бўлинг.2. Ҳаром амаллардан узоқлашинг.3. Агар овқат тайёр бўлса, аввал овқатланиб олинг.4. Ҳожатхонага бориш давоми...

3617 16:26 / 02.06.2021
Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ҳаё фақат яхшилик келтиради, деб марҳамат қилганлар. Имом давоми...

2124 12:49 / 05.02.2024
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳ дунёни яхши кўрган одамига ҳам, яхши кўрмаган одамига ҳам беради. Динни эса фақат яхши кўрган одамига беради,, давоми...

1867 19:56 / 10.11.2022
Ихлос амални ёлғиз Аллоҳ таолонинг розилиги учун қилишдир. Аллоҳдан ўзгани тасаввуф машойихлари .ағёр,, яъни ўзгалар, бегоналар деб аташади. Ағёр сиздан юқори давоми...

1674 12:31 / 12.08.2024