1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Ҳаётда ҳамма нарса бир хил эмас

15:14 / 30.06.2025 2266 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қавминг янги мусулмон бўлмаганида...

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан Ҳижри Исмоил ҳақида сўрадилар:

- Эй Аллоҳнинг Расули! У ҳам Каъбаданми?

- Ҳа, у ҳам Каъбадан!

- Нима учун уни Каъбанинг ичига киритишмаган?

- Чунки ўшанда қавмингнинг нафақаси етмай қолган!

- Нега Каъбанинг эшиги баланд қурилган?

- Қавминг ўзи истаганига Каъбага киришга рухсат бериб, истамаганига рухсат бермаслик учун! Сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яна дедилар:

Агар қавминг янги мусулмон бўлмаганида ва уларнинг қалби инкор қилишидан қўрқмаганимда, Каъбани бузишга амр қилар ва ундан чиқарилган нарсаларни яна унинг ичига киритиб, бошқатдан қурар эдим. Уни ерга баробар этиб, икки эшик қилардим. Бири шарқий томонида, иккинчиси ғарбий томонида. Уни Иброҳим алайҳиссаломнинг пойдеворига етказардим!

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳумо Ҳижозда ҳукмронликни қўлга киритгач, холаси Оиша онамиз унга юқоридаги ҳадисни айтиб бердилар. У Каъбани бузиб Иброҳим алайҳиссаломнинг давридагидек қилиб қурди. Сўнгра Ҳажжож Абдуллоҳ ибн Зубайрни қатл этгач, Каъбани бузиб, яна Қурайш мушриклари давридагидек қилиб қурди.

Аббосийлардан Абу Жаъфар Мансур халифа бўлгач, Каъбани бузиб, яна Иброҳим алайҳиссалом давридагидек қилиб қурмоқчи бўлди. Бу тўғрисида имом Молик роҳимаҳуллоҳ билан маслаҳат қилди. Имом Молик роҳимаҳуллоҳ унга дедилар:

- Менимча, уни ҳозирги ҳолида қолдирганинг яхши. Йўқса, Каъба подшоҳлар ўртасида ўйинга айланади!

Бизга керакли нуқта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қавминг янги мусулмон бўлмаганида эди...» деган гапларидир!

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизга бугунги Каъбани Иброҳим алайҳиссалом давридаги Каъба эмаслигини, уни бузишни, Иброҳим алайҳиссалом қандай қурган бўлсалар, шундай қилиб қайта қуришни истаётганларини айтяптилар. Аммо Фатҳдан сўнг исломга янги кирган қурайшликларнинг иймонидан хавфсираяптилар. Бу у зотнинг чиройли сиёсатларини, фойда билан зарарнинг риоясини қилганларини англатади!

Исломда зарарни даф қилиш фойда келтиришдан олдинда туради. Масалан, бир тўғри иш бор. Аммо уни қилсангиз, ортидан зарар келади. Яхшиси, уни қилмаслигингиз керак. Ана шу нарса муҳим бир ҳаёт дарсидир!

Гоҳида бир қизни бошқа бир муносиб бўлмаган кишига турмушга бериб зулм қилиб қўямиз. У қизимиз турмуш ўртоғи билан яшай олмайди. Ундан ажралишга ҳаракат қилади. Бу унга фойдали бўлиб кўринади. Аммо бу ажралишдан ўртадаги фарзандлар увол бўлиши мумкин. Она фарзандларини ўзи билан олиб кета олмайди ёки уларни ташлаб ҳам кета олмайди. Ана шунақа пайтда савоб умидида уни сабрга чақирилади, ажралишга ундалмайди. Чунки ажралишда бир кишига манфаат, аммо бир неча кишига зарар бор!

Ҳаётдаги барча ишларни шунга қиёс қилинг. Ҳаётда ҳамма нарса бир хил эмас. Бир нарса зиёда бўлади, яна бир нарса иккита нарсага тенг бўлади. Бу ҳаёт чигал. Бунда ҳар қандай оқнинг ичида қора бор. Ҳар қандай қоранинг ичида эса оқ бор. Оқил инсон ўзидаги кўп оқни сақлаб қолиш учун озгина қорани қабул қилади.

Умар розияллоҳу анҳу ажойиб гап айтганлар: «Ёмондан яхшини ажратиб олган инсон зийрак эмас, иккита ёмондан яхшисини ажратиб олган инсон зийракдир».

Ҳаёт бизни гоҳида иккита аччиқ нарсадан бирини танлашга мажбур қилади. Закий инсон тўғри амалда бўлган, яқинлашиб юрган ва фойда билан зарар ўртасини солиштира оладиган кишидир. Ҳақ деб ҳамма нарса айтилавермайди!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Коинотда, атрофимизда, тарихда ва ҳатто ўз нафсимизда кечадиган баъзи бир ҳолатлар, ўзгаришлар борки, бизларнинг кейинги аҳволимиздан огоҳлантиради. Ушбу давоми...

4279 09:00 / 31.07.2022
Мусулмон бўлсин ёки бўлмасин барчага бирдек яхшилик қилиш Аллоҳ таоло гарчи Қорун алайҳилланаъга қарата айтган бўлса ҳам умумий тарзда биз бандаларга шундай давоми...

945 12:36 / 12.08.2025
Ўлимнинг аҳамияти ҳаётникидан кам эмас. Олимлар ушбу ҳақиқатни таъкидлаб, .Ўлим ҳаётнинг давом этиши учун зарурий нарсадир, дейдилар.АҚШнинг Принстон давоми...

3704 11:00 / 17.11.2020
Жан де Лафонтен ўзининг .Сараланган афсоналар, китобида қуйидаги ҳикояни келтиради.Бир ақлли киши ёлғиз юриб кетаётган эди. Бир аҳмоқ йигит унга тош отиб безовта давоми...

3416 19:00 / 24.02.2022