1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Нафснинг бузуқлиги, ҳасад ва саркашликнинг оқибати

19:00 / 21.10.2025 865 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ ﯿ ﰀ ﰁ ﰂ ﰃ ﰄ ﰅ ﰆ ﰇ ﰈ ﰉ ﰊ ﰋ ﰌﰍ ﰎ ﰏ ﰐ ﰑ ﰒ ﰓﰔ ﰕ ﰖ ﰗ ﰘ ﰙ

«Агар сенга уларнинг юз ўгиришлари оғир ботаётган бўлса, қодир бўлсанг, ер остидан ковак қилиб ёки осмонга нарвон қўйиб, уларга оят (мўъжиза) келтир. Аллоҳ хоҳлаганида, уларни ҳидоятга жамлар эди. Бас, ҳаргиз жоҳиллардан бўлма» (Анъом сураси, 35-оят).

Бу оятда кофирларнинг тўғри йўлдан, иймондан бош тортишига қарши ўлароқ даъватчи ўзини-ўзи овора қилиб, ортиқча куюнмаслиги ҳақида сўз бормоқда. Одатда кишиларни Исломга даъват қилиб юрган зотларда одамларга яхшилик қилиш рағбати бағоят кучли бўлганидан, тасаввурларига «ҳамма бирдек мусулмон бўлиши керак» деган тушунча мустаҳкам ўрнашиб қолади. Улар одамларга куюнганларидан бу ҳақиқатни англатишга жидду жаҳд қиладилар. Борди-ю, одамлар бўйин товласалар ёки бепарволик қилсалар, асл даъватчилар куйиб-ёниб кетадилар. Шунга ўхшаш ҳолатлар, албатта, олиймақом шахсларга муносиб равишда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламда ҳам бўлган ёки бўлиш эҳтимоли вужудга келган. Шунинг учун Аллоҳ таоло у кишига ушбу оят ила хитоб қиляпти.

«Агар сенга уларнинг юз ўгиришлари оғир ботаётган бўлса, қодир бўлсанг, ер остидан ковак қилиб ёки осмонга нарвон қўйиб, уларга оят (мўъжиза) келтир».

Ояти каримада Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга, агар қодир бўлсалар, мушрикларни ишонтириш, ерни кавлаб кириб бўлса ҳам, осмонга нарвон қўйиб, чиқиб бўлса ҳам, уларни иймонга келтиришга ярайдиган оят – мўъжизани келтириш таклиф этиляпти. Аммо кофирлар оят – мўъжизалар йўқлигидан иймондан юз ўгираётганлари йўқ. Улар нафсларининг бузуқлиги, ҳасад ва саркашликлари оқибатида куфр йўлини ихтиёр қиляптилар. Аллоҳ таоло одамларни ҳар хил табиатли ва айри истеъдод соҳиби қилиб яратгандир. Баъзиси ўз-ўзидан ҳидоят йўлига кириб қолади. Баъзилари даъватга, тушунтиришга муҳтож бўладилар. Бошқалари эса бир оз қўрқитишга, яна бирлари тарғибот ишларига эҳтиёж сезадилар. Аммо яна бир тоифа борки, уларга ҳеч нарса таъсир қилмайди. Улар ҳар қанча даъват қилинмасинлар, баҳона топаверадилар. Ана шундай кишилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан, ундай қилсанг, иймонга келамиз, бундай қилсанг, иймонга келамиз, деб турли мўъжизалар талаб этишган, одатдан ташқари ҳолларнинг рўй беришини иддао қилишган. Қуръоннинг бошқа оятларида, жумладан, ушбу «Анъом» сурасининг бошида ҳам бу ҳақда сўз боради. Уларнинг бу талабларидан муддао иймон сари йўл ахтариш бўлмай, балки иймондан бош тортишга баҳона ахтаришдир. Мабодо улар талаб этган мўъжизалар содир бўлса ҳам, иймон келтирмас, балки бу мўъжиза эмас, сеҳр-жоду, деб баҳона топар эдилар. Шунинг учун уларнинг талабларига биноан оят – мўъжиза келтиришга жуда қаттиқ уринишнинг зарурати йўқлиги Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга тушунтирилмоқда. Агар керак бўлса, уларнинг ҳаммасини бир хил қилиб яратиш, бир йўлга – ҳидоятга томон йўллаш Аллоҳ таоло учун ҳеч нарса эмас.

«Аллоҳ хоҳлаганида, уларни ҳидоятга жамлар эди».

Лекин бундан нима маъни? Ҳамма бир хил қилиб яратилса, пайғамбар юборишнинг, илоҳий китоб нозил қилишнинг нима кераги бор эди?! У ҳолда одамнинг фаришталардан фарқи қолмайди-ку?! Аллоҳ инсонни турли хил қилиб яратди: унга ақл берди; пайғамбарлар юборди; ҳидоят йўлини кўрсатди ва ихтиёрини ҳам ўзига бериб қўйди. Инсон болалари орасидан ўша ихтиёр ҳаққидан тўғри фойдаланганлари ҳидоят топадилар ва оқибатлари хайрли бўлади. Акс ҳолда оқибат ҳам аксинча бўлади. Бу ҳақиқатни билиш лозим. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло оятнинг охирида:

«Бас, ҳаргиз жоҳиллардан бўлма», – деб огоҳ этади.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 22 октябрдаги 02-07/6395-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло жамиятга хавфхатар солувчиларнинг ҳукми ҳақида Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Аллоҳга ва Унинг Расулига қарши уруш давоми...

2157 19:00 / 12.09.2023
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади Таврот нозил қилинишидан олдин Исроил ўзига ҳаром қилгандан бошқа ҳамма таом Бану Исроилга ҳалол давоми...

3571 19:00 / 02.11.2021
Ҳа, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилалари шу даражада эътиборга сазовордирлар. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарафлари худди шуни тақозо қилади. давоми...

5493 20:20 / 06.11.2019
Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай марҳамат қилади . Ажаб эмаски, ёқтирмаган нарсангиз сиз учун яхши бўлса. Ва ажаб эмаски, ёқтирган нарсангиз сиз учун давоми...

6035 11:22 / 11.12.2018
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021