1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Аббосийлар давлатининг тикланиши

12:22 / 03.11.2025 1156 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 (ҳижрий 132-656; милодий 750-1258)

Аббосийларнинг насаби

Аббосийлар халифалиги Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Аббос розияллоҳу анҳуга нисбат берилади.

Ушбу давлатнинг асосчиси – Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Алий ибн Абдуллоҳ ибн Аббос ибн Абдулмутталиб. Бу одамнинг лақаби – Саффоҳ.

Аббосийлар давлатининг ташкил топиши Бану Ҳошим олиб борган даъватнинг ютуғи деб билинади. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин халифалик у зотнинг қариндошларига ўтиши керак деган чақириқ билан чиққан бўлиб, бу фикр Исломнинг аввалида мағлубиятга учраган эди. Аслида эса исломий таълимотларга, кўрсатмаларга биноан халифалик мусулмонларнинг барчасига мулк бўлиб, улар ўзлари лойиқ кўрган кишини халифа қилишлари керак бўлган.

Даъватнинг бошланиши

Рофизалардан бўлган кисоийлар фирқаси имомлик Муҳаммад ибн Алий ибн Абу Толиб ибн Ҳанафийянинг авлодида бўлиши керак, деган фикр билан чиқишди. Улар Ибн Ҳанафийянинг вафотидан кейин кишиларни унинг ўғли Абу Ҳошимга байъат қилишга чақира бошладилар. Абу Ҳошим эса умавийларни танқид қилиб юрар эди. У ўз ўлимидан олдин амакисининг ўғли Муҳаммад ибн Алий ибн Абдуллоҳ ибн Аббоснинг олдига – Урдундаги Ҳамимия деган жойга борди ва ундан умавийларнинг ҳукмини инқирозга учратишини, Оли байтга даъват қилишини талаб қилди.

Даъватнинг яширин босқичи

Бу босқич ҳижрий 100 йилда бошланиб, 129 йилгача (милодий 718–746) давом этган. Улкан чўққиларни орзу қилган Муҳаммад ибн Алий юқоридаги даъватни ўзи учун қонун қилиб олди-да, ҳижрий 100 йилда уни амалга ошириш мақсадида иш бошлади. Режалар тузиш, ишни тартибга солиш учун Ҳамимияни марказга айлантирди. Даъват учун Куфани ўзига марказ қилиб олди. Хуросонни эса даъватни тарқатиш диёри қилиб ихтиёр этди ва у ерга даъватчилар – нақибларни юборди. Бунинг учун даъватни тарқатишга имконияти, иқтидори, қобилияти бор кишиларни танлади. Ушбу даъват ишлари бутунлай махфий равишда олиб борилар, махфий бўлгани учун ҳам секинлик билан тарқалар эди. Сиёсий билимдонлик ва доҳийлик билан олиб борилган Муҳаммаднинг бу даъватлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Оли байтлари исми билан тарқаларди.

Муҳаммад вафот этганидан кейин унинг даъватини ҳижрий 125 (милодий 742) йилда ўғли Иброҳим қабул қилиб олди. Бу вақтга келиб, умавийлар давлати заифлашиб қолган, Ҳишом ибн Абдулмаликнинг вафотидан кейин бир нечта фирқаларга бўлиниб кетган эди. Шу сабабли аббосийларнинг даъвати кенг равишда тарқала бошлади.

Очиқ даъват қилиш босқичи ҳамда Ироқ ва Хуросонни бўйсундириш

Иброҳим ҳижрий 129 (милодий 746) йилда ўзининг энг кўзга кўринган лашкарбошиси бўлмиш Абу Муслим Хуросонийни Хуросонда даъватни очиқ эълон қилишга амр қилди. Абу Муслим Хуросоний чинакам доҳий, шу билан бирга, жуда хатарли инсон бўлиб, аскарлар оламида энг улуғ, ниҳоятда уста лашкарбоши ҳисобланар эди. Абу Муслим амрни эшитиши билан унга амал қилишга ўтди. У умавийлар сулоласининг охирги халифаси Марвон ибн Муҳаммадни тутиб қамади. Уни ҳибсга олгач, акаси Абдуллоҳ Саффоҳни ишга қўйди. У аҳли билан Куфага келиб, Абу Салама Халлол деган кишининг ҳовлисига тушди. Бу иш сирлигича қолди.

Абу Муслим Хуросоннинг волийси Наср ибн Сайёрни йўқ қилди. Наср ибн Сайёр Абу Муслимнинг ҳаракатларини тўсишга жуда кўп уринди. У халифа Марвон ибн Муҳаммаддан ёрдам сўради, лекин фойда бермади. Марвоннинг Ироқдаги волийси Язид ибн Умар ибн Ҳубайрадан ҳам ёрдам сўради, ундан ҳам ҳеч қандай жавоб бўлмади, чунки бу пайтда уларнинг ҳаммаси урушлар, фитналар билан машғул эдилар.

Шундай қилиб, Абу Муслим Хуросоний ҳижрий 130, милодий 748 йилда Хуросонни босиб олишга муваффақ бўлди. Сўнг ҳижрий 132 йилнинг охирларида Ироқ Язид ибн Умар ибн Ҳубайранинг қўлидан тортиб олинди. Ибн Ҳубайра аббосийларга таслим бўлмаса ҳам, Саффоҳ унга омонлик берганидан кейин уларнинг ҳукмига кўнди. Лекин уни алдаб, хиёнат қилиб ўлдиришди.

Шунингдек, Саффоҳ ўз халифалигини эълон қилганидан кейин Абу Салама Халлол ҳақида халифаликни алавийларга ўтказиш учун тил бириктиряпти, деган гап тарқатди. Ҳолбуки, Абу Салама Халлол Саффоҳнинг фойдасига жуда кўп ишлар қилган, умавийларни йўқ қилишда катта рол ўйнаган, аббосийларнинг даъватини тарқатиш йўлида катта-катта ишларни амалга оширган эди.

Булардан кўринадики, аббосийлар ўз давлатини қуриш йўлида ҳеч нарсадан тоймаганлар, жуда кўп номаъқул ишларни ўзларига эп кўрганлар.

«Ислом тарихи» иккинчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Зулкифл алайҳиссалом Айюб алайҳиссаломнинг ўғилларидир. Бу зот ҳақларида Қуръони каримнинг икки жойида қисқагина маълумот келган. Қуръонда ҳам, ҳадисда ҳам давоми...

7034 14:40 / 10.03.2019
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдларига бордилар ва икковлари биргаликда йўлга чиқишди.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

2890 11:00 / 14.06.2020
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг мусулмонлар халифаси, уларнинг бош раҳбари сифатида олиб борган фаолиятлари намозга ўтиш, узоқдан туриб шимол тарафда кетаётган давоми...

1761 10:58 / 25.05.2024
.Эҳсон, диннинг қалб тарбиясига боғлиқ қисми бўлиб, у одатда, .тариқат, ҳам дейилади. Бу қисмга оид диний таълимотларни ўргатадиган илм .тасаввуф илми, деб давоми...

3231 14:09 / 04.10.2023
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021