1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Раҳмни кесувчи қавмга раҳмат нозил бўлмаслиги

13:44 / 17.12.2025 1372 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ أَبِي أَوْفَى قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لَا تَنْزِلُ الرَّحْمَةُ عَلَى قَوْمٍ وَفِيهِمْ قَاطِعٌ». فَقَالَ رَجُلٌ مِنْ جُلَسَائِهِ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّ لِي خَالَةً لَمْ أَكُنْ أُكَلِّمُهَا؟ قَالَ: فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «قُمْ فَكَلِّمْهَا».

Абдуллоҳ ибн Абу Авфодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ичида қариндошлик алоқаларини кесувчи бор қавм устидан раҳмат нозил бўлмайди», дедилар. Ул зотнинг ҳаммажлисларидан бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, менинг холам бор. Мен у билан гаплашмас эдим», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тур! У билан гаплаш», дедилар».

Бир қавм бор. Уларнинг ичида биттаси қариндошлик алоқасини узиб, гуноҳ иш қилиб юрибди. Қариндошлари билан алоқасини яхшиламаяпти. Ана шу биргина одам қариндошлик алоқаларини узганлиги учун қавмнинг ҳаммасига Аллоҳнинг раҳмати тушмайди. Ўша қариндошлик алоқаларини узган биргина нобакорнинг сабабидан бутун бир қавм Аллоҳ таолонинг раҳматидан маҳрум бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу гапни айтганларидан кейин мажлисдаги кишилардан бири:

«Эй Аллоҳнинг Расули, менинг холам бор. Мен у билан гаплашмас эдим», деди».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

«Тур! У билан гаплаш», дедилар».

Бу ҳадиси шариф ҳаммамиз учун яхши ўрнакдир. Эътибор беринг-а, Набий алайҳиссалом бояги саҳобийдан холаси билан гаплашмай юришининг сабабини сўраб ҳам ўтирганлари йўқ. Ҳеч қандай изоҳ ҳам талаб қилмадилар. Ҳаттоки насиҳат ҳам қилиб ўтирмадилар. Аксинча, дарров туришга, бориб, холаси билан гаплашишга қатъий амр қилдилар. Чунки бу ва шу каби бошқа ҳолатларда нариги тараф ким ва қандай бўлишига қарамай, золим, фосиқ ёки кофир бўлишидан қатъи назар, силаи раҳмни узувчи кимса асосий гуноҳкор ҳисобланади. Нариги тарафни Аллоҳ таолонинг Ўзи тўғри йўлга солиб қўйиши, гуноҳини кечириши, унга раҳм-шафқат қилиши мумкиндир, лекин бериги, яъни раҳмни узувчи тараф Аллоҳ таолонинг раҳматидан ҳар икки дунёда ҳам бенасиб қолишини ўйласин. Шу гапларни эшитганлар, қариндошлари билан алоқаларини узиб юрганлар мазкур саҳобий розияллоҳу анҳу каби дарҳол ўзларининг айбларини англаб етишлари керак. Ва албатта, Аллоҳ таолога шак келтирмаса, Набий алайҳиссаломни инкор қилмаса, тезда тавба қилиб, алоқасини узган қариндошлари билан алоқасини боғласин. Гаплашмай қўйганлари билан гаплашсин. Яхшилик қилмай қўйганларига яхшилик қилсин.

Бу ҳукмга итоат қилмаганлар Аллоҳ таолога ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишдан бош тортган бўладилар. Қиёматда эса силаи раҳмни узган бу каби нобакорлар Аллоҳ таолнинг раҳматидан ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларидан ҳам бенасиб қолишади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Ичида раҳмни кесувчи бор қавм устидан раҳмат нозил бўлмаслиги.

2. Силаи раҳм жамиятга Аллоҳ таолонинг раҳмати нозил бўлиб туришига сабаб экани.

3. Бир шахснинг гуноҳи туфайли бутун қавм яхшиликдан маҳрум бўлиши мумкинлиги.

4. Қариндош билан гаплашмай қўйиш силаи раҳмни узишдан экани.

5. Ваъз эшитганда ундан ўзига хулоса чиқариб, хатосини тузатишга ҳаракат қилиш кераклиги.

«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 2-жуз.

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7613-рақамли хулосаси асосида чоп тайёрланди.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. ,. . . ,. . ,. .Мужоҳиддан ривоят қилинади.Яъла ибн Умайя фатҳдан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига давоми...

3613 11:05 / 01.02.2020
3 ., ., ., . ,.3. Баҳз ибн Ҳаким отаси орқали бобосидан ривоят қилади.Эй Аллоҳнинг Расули Кимга яхшилик қилай, дедим..Онангга,, дедилар..Кимга яхшилик давоми...

5399 11:00 / 07.10.2018
Отаонага яхшилик қилишга, уларнинг итоатида бўлишга жуда кўп тарғиб қилинади. Уларнинг фарзанддаги ҳақлари жуда юқори мартабага қўйилади. Аммо ҳамма нарсанинг давоми...

1832 16:34 / 22.07.2024
Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал дини, қиёматгача боқий қолувчи дини, инсониятга икки дунё саодат йўлини кўрсатиб берувчи дини Исломда отаонага яхшилик қилишга давоми...

2585 10:00 / 01.05.2024
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021